Жаҳон | 23:51 / 18.04.2023
10288
2 дақиқада ўқилади

Тайвань Хитой тажовузига қарши 400 та ракета сотиб олади

Мамлакат расмийлари армияни Хитой тажовузига қарши АҚШ Harpoon ракеталари билан кучайтирмоқчи. 

Фото: AFP/Getty Images

Тайвань Қўшма Штатлардан кемага қарши 400 тагача Harpoon ракеталарни сотиб олишни режалаштирмоқда. Тайбэй буни Хитой босқини хавфи ортиб бораётган бир шароитда амалга оширади, деб хабар берди Bloomberg. 

7 апрель куни Пентагон кемага қарши 400 та ракетани сотиш бўйича шартнома имзолаганини маълум қилди. Битим қиймати 1,17 миллиард долларни ташкил этди, бироқ АҚШ шартнома айнан ким билан тузилганини маълум қилмади. Bloomberg манбаларининг айтишича, бу шерик — Тайвань. 

Пентагон маълумотларига кўра, ракеталарни ишлаб чиқариш 2029 йил мартигача якунланиши режалаштирилган. 

АҚШ расмийлари келишув бўйича батафсил изоҳ беришдан бош тортди. Бироқ, Тайвань бўйича алоҳида баёнот берди. 

«Қўшма Штатлар Тайванга ўзини-ўзи мудофаа қилиш қобилиятини етарли даражада ушлаб туриш учун зарур бўлган мудофаа маҳсулотлари ва хизматларини тақдим этмоқда», дейилади баёнотда. 

Шу ойда АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Кевин Маккарти Калифорнияда Тайван президенти Цай Ин Вэн билан учрашди ва Хитойдан келаётган таҳдидлар ортиб бораётган шароитда Тайванга қурол етказиб беришни тезлаштириш зарурлигини таъкидлаган эди. 

Тайвань Хитой фаоллигидан доимий равишда хавфсирайди. Мамлакат ташқи ишлар вазирлиги Пекин Тайпейга уруш эълон қилишини ва «аслида ўзиники» деб ҳисоблаган ҳудудларни тортиб олишни режалаштираётганини таъкидлаб келмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид