Жаҳон | 08:16 / 19.04.2023
6639
2 дақиқада ўқилади

РФ Давлат думаси давлатга хиёнат учун умрбод қамоқ жазоси тўғрисидаги қонунни қабул қилди

Депутатлар давлатга хиёнат учун умрбод қамоқ жазосини жорий этиш билан бир қаторда, бир вақтнинг ўзида бир нечта жиноятлар учун жавобгарликнинг қуйи ва юқори чегараларини сезиларли даражада оширди.

Фото: ТАСС

РФ Давлат думаси иккинчи ва учинчи ўқишда давлатга хиёнат (Россия Жиноят кодексининг 275-моддаси) бўйича умрбод қамоқ жазосини жорий қилувчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Тегишли маълумотлар 18 апрель, сешанба куни Россия парламенти сайтида пайдо бўлди.

Қонун лойиҳаси Давлат думасига 7 апрель куни киритилган ва ўзгартиришлар матни парламент маълумотлар базасида бир кун аввал пайдо бўлган. Ҳозир давлатга хиёнат моддаси бўйича жазо - 12 йилдан 20 йилгача.

Бундан ташқари, депутатлар бир вақтнинг ўзида бир нечта ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликнинг қуйи ва юқори чегараларини сезиларли даражада оширди. 

Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми (теракт) бўйича энг юқори жазо 15 йилдан 20 йилгача кучайтирилмоқда. Шунингдек, терроризмга кўмаклашиш (Жиноят кодексининг 205.1-моддаси) моддаси бўйича ҳам муддатлар юқорига қараб ўзгартирилмоқда: биринчи қисмга кўра, судлар 7 йилгача (олдинги таҳрирдаги 5 йил ўрнига), иккинчи қисмга эса 12 йилгача (10 йил ўрнига) озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаши мумкин. Террорчилик фаолиятида иштирок этганлик учун (Жиноят кодексининг 205.4-моддаси 2-қисми) энди 10 йилдан 15 йилгача (илгари 5 йилдан 10 йилгача) муддат берилади.

Бундан ташқари, РФ Жиноят кодексининг 284.3-моддаси пайдо бўлади (Россия иштирок этмайдиган халқаро ташкилотлар ёки хорижий давлат органларининг «қарорларини бажаришда ёрдам бериш»). Унда 300 мингдан 1 миллион рублгача жарима ёки 5 йилгача қамоқ жазоси назарда тутилган.

Мавзуга оид