Жаҳон | 09:34 / 25.07.2023
6853
2 дақиқада ўқилади

Мантуров: Россияда бир ойда ўқ-дори етказиб бериш ҳажми ўтган йилги умумий кўрсаткичдан юқори

Россия бош вазири ўринбосари Денис Мантуровнинг айтишича, ойлик ўқ-дори етказиб бериш ҳажми ҳозирда ўтган йилги барча кўрсаткичдан ошиб кетган. 

Фото: ТАСС/Донат Сорокин

«Деярли барча корхоналар, камдан-кам ҳолатлардан ташқари, вақт ва ҳажм бўйича мисли кўрилмаган жадвалларга амал қиляпти. Алоҳида узилишлар тезда бартараф этиляпти ёки шунга ўхшаш маҳсулотлар билан қопланяпти», деди Мантуров. 

Унинг сўзларига кўра, 2023 йил бошидан бери кўплаб турдаги қуроллар, ҳарбий ва махсус техникалар ўтган йилга нисбатан анча кўп ишлаб чиқарилган, деб ёзади «Интерфакс».

Аввалроқ Вашингтон Қўшма Штатлар томонидан етказиб берилган кассетали ўқ-дорилар аллақачон Украина қуролли кучлари томонидан қўлланаётганини тасдиқлаганди. 

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирбининг сўзларига кўра, Украина қуролли кучларининг дастлабки баҳолашига кўра, кассетали ўқ-дорилардан «самарали ва мақсадга мувофиқ» фойдаланилмоқда. Бу ҳақда Кирби 20 июль, пайшанба куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди. 

Украина кассетали ўқ-дорилардан фақат душман кучини сиқиб чиқариш учун фойдаланишга ваъда берди, деб эслатади Reuters.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид