Спорт | 15:49 / 28.04.2023
24008
4 дақиқада ўқилади

Осиё чемпионати: Ўзбекистонда 10 та олтин, Қозоғистон тезликни оширди

Самарқанд туманидаги сайёҳлик маркази ҳудудида жойлашган эшкак эшиш каналида ўсмирлар ҳамда ёшлар ўртасида байдарка ва каноэда эшкак эшиш, шунингдек, параканоэ бўйича Осиё чемпионати баҳслари давом этмоқда.

Мусобақанинг 27 апрел куни ўтказилган иккинчи кунги баҳсларида Ўзбекистон жамоаси атлетлари 10 та олтин, 6 та кумуш ва 3 та бронза медалларини қўлга киритди. Табиийки биринчи кунги пойгаларда 6 та олтин олган ўзбекистонлик спортчилар умумжамоа ҳисобида яққол устунлик қилмоқда.

Ўзбекистонлик Осиё чемпиони Денис Онуфриев

Биринчи кунги баҳсларда Ўзбекистондан кейин энг кўп олтин медал қўлга киритган Эрон жамоаси 27 апрел куни 10 та медал ютди. Аммо улардан фақат биттаси олтин бўлди.

Куннинг энг қувноқ атлети бўлган эронлик параканоэчи Ислом Жаҳиди 500 метрга ўтказилган пойгаларда икки ҳиндистонлик рақибини ортда қолдириб, Эронга куннинг ягона олтинини келтирди. У шоҳсупага кўтарилаётганда рақиблари билан қўлтиқтаёқда кўришиб ҳазиллашди-да, томошабинларга яхши кайфият улашди.

Ислом Жаҳиди, Эрон

27 апрел куни Қозоғистон жамоаси жуда яхши қатнашди. Қўшни давлат атлетлари кун якунларига кўра 7 та олтин, 6 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритишди. Шунингдек, ҳиндистонлик атлетлар ҳам иккинчи кунги пойгаларда жуда фаол бўлиб, кўплаб медалларга эга чиқди.

Микс йўналишда Осиё чемпионлари Раҳматулла Бекарис ва Карина Семеникина, Қозоғистон.

Кун якунида Осиё чемпионатида совриндор бўлган баъзи атлетлар билан суҳбатлашдик.

«Мен 43 ёшдаман, спорт билан 8 йилдан буён шуғулланиб келаман. Спорт мени барча ёмон нарсаларни унутишга ундади, ҳаётимда мазмун пайдо бўлди. Барча атлетлар менинг сўзларимни тасдиқлашса керак, спорт бизнинг ҳаётимизни яхшироқ қилади. Шоҳсупада туриш жуда ажойиб, чунки йиллар давомида қилган меҳнатинг натижасини айнан шу ерда турганда ҳис қиласан.

Осиё чемпионати совриндори Рўё Султони, Эрон.

Шу ўринда Ўзбекистон мусобақани зўр ташкил қилганини айтмоқчиман. Бу мажмуада 2018 йилда ҳам бўлгандим, ҳозир эса жуда ўзгариб кетибди, шароитлар янада яхшиланган», деди 500 метрга аёллар ўртасидаги параканоэ баҳсларида кумуш медални қўлга киритган Рўё Султони.

Рўё Султони, Эрон

Кун қаҳрамонлари эса ҳиндистонлик атлетлар бўлишди. Аёллар ўртасида 500 метрга ўтказилган параканоэ баҳсларида 27 ёшли Ядав Прачи ғолиб бўлди. Худди шу дистанцияда эркаклар ўртасида ўтказилган баҳсларда эса яна бир ҳиндистонлик атлет Маниш Курав ғолиб бўлди.

Осиё чемпиони Ядав Прачи, Ҳиндистон.

Қизиғи, бу параатлетлар эр-хотин. Улар барча мусобақаларда бирга иштирок этишади. «Биз оилада ҳам, мусобақаларда ҳам биргамиз, бир-биримизни доим қўллаб-қувватлаймиз», дейди чемпионлар оиласи биз билан суҳбатда.

Маниш Курав ва Ядав Прачи

500 метрга ўтказилган баҳсларда бронза медалини қўлга киритган яна бир параканоэчи Ражни Жиҳа бугун иккита медал ютгани, бу натижалар билан нафақат ўзи, яқинларини ҳам қувонтирганини айтди. Унинг сўзларига кўра, мусобақа давомида яна иккита дистанцияда қатнашиб, натижаларини яхшилаб олиши мумкин.

Осиё чемпионати совриндори Ражни Жиҳа, Ҳиндистон.
Қирғизистон жамоаси

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.

Мавзуга оид