Самарқандда ўтган жаҳон чемпионатида 51та давлатдан спортчилар иштирок этди
Ипак йўли халқаро туризм маркази ҳудудида жойлашган эшкак эшиш канали бундай нуфузли мусобақаларни ўтказа оладиган жаҳондаги саноқли сунъий сув ҳавзаларидан бири ҳисобланади.
Канал туризм маркази қурилишида капитал таъмирдан чиқарилди ва бунинг натижасида 1938 йилдан буён ўтказиб келинаётган нуфузли жаҳон чемпионатини ҳам қабул қила оладиган даражага етди.
2025 йилда Тошкент мезбонлик қиладиган Ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларининг ҳам эшкак эшиш мусобақалари шу каналда бўлиб ўтади.
Умуман олганда, бундай нуфузли спорт турнири Марказий Осиёда илк марта ташкиллаштирилди ва унда дунёнинг 51 давлатидан 500 га яқин спортчилар тўпланди. Ўзбекистон терма жамоаси таркиби 30 нафар спортчидан иборат бўлди.
Чемпионатнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ҳамда Халқаро каноэ федерацияси (ICF) президенти Томас Кониецко иштирок этиб, спортчиларга омад тилади.
Самарқанд эшкак эшиш канали тўлқинларида бўлиб ўтган пойга мусобақаларида 200, 500, 1000 ва 5000 метр каби ноолимпия масофаларида энг яхши спортчилар аниқланди.
Афсуски, Ўзбекстон терма жамоасининг бирор аъзоси шоҳсупага кўтарила олгани йўқ. Каноэчи Нурислом Тўхтасинов медалларга энг яқин келган спортчимиз бўлди. Марралардан бири учун ўтказилган финалда у финиш чизиғини тўртинчи бўлиб кесиб ўтди. Бироқ, мутахассислар ўзбекистонлик спортчилар бўлиб ўтган мусобақаларда келгусида ривожланиш учун жуда катта тажриба орттирганини таъкидлади.
Мусобақа натижаларига кўра, биринчи умумжамоа ўринни Халқаро каноэ федерацияси (ICF) байроғи остида чиқиш қилган жамоа 8 та олтин, 5 та кумуш ва 3 та бронза — жами 16 та медал билан эгаллади. Шоҳсупанинг энг юқорисига шунингдек, Венгрия, Португалия, Полша, Украина, Молдова, Чехия, Чили, Даниядан келган спортчилар ҳам чиқишди. Испания, Швеция, Германия, Хитой, Гуржистон, Қозоғистон ва Руминия вакиллари кумуш ва бронза медалларига эга чиқишди.
Жаҳон чемпионатининг кейингиси 2025 йилда Италиянинг Милан шаҳрида бўлиб ўтади.
Мавзуга оид
08:10 / 21.11.2024
Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятини ривожлантириш юзасидан йиғилиш ўтказди
08:51 / 20.11.2024
Тўрт туманда 614 млн сўмлик электр ва газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
09:28 / 08.11.2024