Хитой таҳдидига ишора, шубҳали тендерлар ва яна семираётган ҳукумат — ҳафта дайжести
Чин элчисининг сўзларига Марказий Осиё жавоб қайтармади: сукут билан бўлса-да тегишли хулосалар қилинадими? Мактаб таълимининг мазмунини мактаб вазирлиги эмас, янги очилган марказ белгилайдиган бўлди: маъмурий ислоҳот унутилдими? Якунланаётган ҳафтанинг шу ва бошқа мавзулари – Kun.uz дайжестида.
Хитой элчиси – постсовет давлатларининг суверенитетидан шубҳада
Ўзбекистонга потенциал ташқи таҳдидлар ҳақида гап кетганда кўпинча шимолдаги собиқ метрополия ва жанубдаги экстремизм ҳақида гапирилади. Лекин айрим ҳолатлар борки, шарқий йўналишни ҳам кўздан қочирмаслик кераклигини кўрсатиб турибди. Мисли кўрилмаган иқтисодий тараққиётга эришаётган, шу билан бирга очиқлик ва эркинлик йўлини эмас, фуқаролар устидан кучли назорат, хусусан уйғурларга қарши репрессив сиёсатни танлаган Хитойнинг геосиёсий қарашлари, сиёсатшунослар назарида, Марказий Осиё манфаатлари учун хизмат қилмаслиги мумкин.
Шу маънода, Хитойнинг Франциядаги элчиси Лу Шай айтган сўзлар Шарқий Европадан кўра кўпроқ Марказий Осиёда дипломатик можарога сабаб бўлиши мантиқий бўларди. Амалда эса бунинг акси кузатилди.
Элчининг фикрига кўра, собиқ СССР давлатлари “халқаро ҳуқуқ борасида самарали статусга эга эмас, чунки уларнинг статусига суверен давлатлар кучини тақдим этувчи халқаро келишув йўқ”. Бундан ташқари, Лу Шай Қрим аввалбошдан Россияники бўлганини ҳам айтган. Албатта, бу ўринда собиқ СССР давлатлари БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзолари экани, Қрим эса 1954 йилда қонунан Украинанинг бир қисмига айлангани, СССР парчаланганидан кейин Россия ва Украина бир нечта келишувлар имзолаб, уларда 1991 йилги чегаралар тан олинганини эслатиб ўтиш фойдадан холи эмас.
Хитойнинг Франциядаги фавқулодда ва мухтор элчиси деган лавозим эгасининг халқаро ҳуқуқда мутлақ консенсусга келинган масалаларни тушунмаслиги мумкин эмас. Унинг бу масалаларга шубҳа билдириши, таҳлилчилар назарида, Пекиннинг зимдан юритаётган геосиёсий ўйинидан дарак беради. Бу – Россия ва Хитойнинг яқинлашуви, Пекин Украинага босқинни қоралашдан тийилгани фонида юз бераётгани ҳам ана шундай хулосаларга олиб келяпти.
Элчининг сўзларини Европа Иттифоқининг бош дипломати, Франция, Латвия, Литва, Эстония, Украина каби давлатлар ташқи ишлар вазирлари кескин қоралади. Расмий Пекин эса ўз элчиси қуюшқондан чиққанини тан олиш ўрнига, Хитойнинг позициясини гўёки бузиб кўрсатган оммавий ахборот воситаларини айбдор қилди. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котибининг айтишича, Лу Шайнинг сўзлари шунчаки унинг “шахсий фикри” бўлган. Вазирлик расмийси Пекин постсовет давлатларини биринчилардан бўлиб тан олгани ва уларнинг суверенитетини қўллаб-қувватлашини ҳам айтди.
Марказий Осиё давлатлари ҳолатга муносабат билдирмади. Бу ўринда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов тўрт йилдан ортиқроқ вақт давомида Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчиси бўлиб ишлаганини эслатиб ўтиш керак. Йил бошидан буён ташқи ишлар вазири лавозимида фаолият юритаётган Саидов сешанба куни “вазифасини бажарувчи” қўшимчасидан халос қилиниб, вазир лавозимига тасдиқланди.
27 апрел куни Хитойнинг Сиан шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ташқи ишлар вазирларининг тўртинчи учрашуви бўлиб ўтди. Унда Хитой ташқи ишлар вазири Цин Ган ҳамкасбларини Пекин уларнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашига ишонтирган. Бу учрашувдан кейин эълон қилинган пресс-релизга кўра, май ойида Сиан шаҳрида давлат раҳбарларининг Марказий Осиё – Хитой форматидаги саммити бўлиб ўтади.
ЕИ элчиси: Санкцион рўйхатдаги маҳсулотларни Ўзбекистон орқали Россияга етказиш 126 фоизга ошган
Ташқи сиёсатда иккиламчи санкциялар хавфи доимий кун тартибида бўлиб турибди. Бир неча ойлардан бери ғарб нашрлари Россия Марказий Осиё давлатлари билан савдо айланмасини шубҳали равишда оширгани ҳақида ёзяпти. Уларга кўра, Россияга тўғридан тўғри сотилиши тақиқланган товарлар аввалига Марказий Осиёга импорт қилиниб, кейин Россия ҳудудига реэкспорт қилиняпти.
Ўтган ҳафта АҚШ Молия вазирлиги Қозоғистонни Россияга ёрдами туфайли санкциялар хавфи ҳақида расман огоҳлантирган эди. Ўзбекистонга нисбатан расмий огоҳлантириш бўлмаган бўлса-да, айрим товарлар гуруҳларида Россияга экспорт ноодатий равишда сезиларли кўпайганини расмий статистика ҳам кўрсатиб турибди.
Шу ҳафта Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан икки кунлик ташриф билан Тошкентга келди. У президент Шавкат Мирзиёевнинг қабулида бўлгач, матбуот анжуманида иштирок этди. Унинг сўзларига кўра, ташрифи вақтида Ўзбекистон ўз ҳудудидан санкцияларни четлаб ўтиш учун фойдаланилишига қарши эканига ишонч ҳосил қилган. Европалик дипломат бунинг учун Ўзбекистон расмийларига миннатдорчилик билдирди.
Шу билан бирга, Дэвид О’Салливаннинг айтишича, Ўзбекистон томонига Европа Иттифоқида ишлаб чиқарилган ва Россияга етказилиши тақиқланган маҳсулотлар рўйхати топширилган. Бу маҳсулотлар икки хил мақсадда фойдаланишга ёки ҳарбий мақсадларга мўлжалланган бўлиб, санкциялар жорий қилинган бўлса ҳам, барибир Россияга етиб боряпти.
“Биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимиздан рўйхатдаги маҳсулотларни Ўзбекистон орқали олиб ўтилишига алоҳида эътибор қаратишларини сўрадик, чунки яқинда бу рўйхатдаги товарларни Ўзбекистон ҳудуди орқали экспорт қилиш ҳажми сезиларли даражада катта – 126 фоизга ошганига гувоҳ бўлдик”, деди О’Салливан.
Айрим манбаларга кўра, Европа Иттифоқи санкцияларининг янги 11-пакетида санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам бераётган давлатларни жазолаш ҳам кўзда тутилаётган бўлиши мумкин.
Мактаб вазирлигининг шубҳали тендерлари
Очиқ-ойдин кўриниб турган миллиардлаб сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида оммавий ахборот воситаларида ёзиладиган, лекин ҳуқуқ органларидан ҳеч қанақа реакция бўлмайдиган кунларга ҳам етиб келдик. 25 апрел куни сайтимизда эълон қилинган, мактаб ўқувчиларига бериладиган президент совғаси бўйича тендер ҳақидаги суриштирувдан кейин бирорта расмий муносабат бўлмаганини бошқача изоҳлаш қийин.
Гап шундаки, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг таъминот хизмати 1-синф ўқувчиларига “Президент совғаси” сифатида бериш учун ўқув қуроллари сотиб олиш бўйича 12 та тендер ўтказган. Уларнинг 4 тасини қурилиш материаллари савдоси билан шуғулланадиган фирма, яна биттасини автомашиналарни ювишга ихтисослашган фирма ютиб олган. Устига устак, ғолиб фирмалар билан камида 13,5 млрд сўм қиммат нархларда шартнома тузилган. Яъни арзонроқ нарх таклиф қилган компаниялар бир четда қолиб, қимматроқ нарх таклифини берганлар ғолиб деб топилган.
Кейинроқ маълум бўлишича, бу – вазирликнинг таъминот хизмати ўтказган шубҳали тендерларнинг биринчи ҳам, охиргиси ҳам эмас. Инглиз тили фанидан машқ дафтарлари, дарсликлар сотиб олиш мақсадида 11 та лотда ўтказилган тендерларда ҳам негадир қиммат нарх таклиф қилган фирма ғолиб деб топилган. Ундан нақ 30 фоиз арзон нарх берган корхона эса жараёндан четлаштирилган.
Хайриятки, давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия бу тендер натижасини бекор қилган. Лекин шу билан иш ёпди-ёпди бўлиб кетган кўринади. Яъни бюджет пулидан олинадиган товарларни 30 фоиз қимматига сотиб олишга қарор қилган мансабдор шахсларга нисбатан бирор жавобгарлик қўллангани ҳақида маълумот йўқ.
Маъмурий ислоҳотдан кейин ҳали ярим йил ўтмай туриб...
Ихчам ва самарали ҳукумат ташкил қилиш мақсадида маъмурий ислоҳот эълон қилиниб, вазирлик ва идоралар сони қисқартирилганидан 4 ой ўтиб, ҳукумат яна семиришни бошлади. 20 апрел куни ҳукумат таркибида иккита янги тузилма пайдо бўлди.
Улардан бири – Вазирлар Маҳкамаси тузилмасидаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти. Бу департамент маъмурий ўзгаришлардан олдин ҳам бор эди. Идора нега ёпилгани ҳақида бирор изоҳ берилмаганди, 4 ой ўтиб нега яна қайта очилганини ҳам ҳеч ким тушунтиргани йўқ. Лекин департаментнинг аввалги фаолиятига нисбатан саволлар етарли эди. Давлат тили, алифбо ва имло бўйича муаммолар қалашиб ётган пайтда бунақа органнинг бор-йўқлиги ҳам сезилмаётганди. Бундан кейин ҳам сезилишига ишонч катта эмас.
Янги очилган иккинчи идора Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази деб номланади. Марказга боғчалар ва мактаблардаги таълим жараёни бўйича катта ваколатлар берилди. Энди боғча ва мактаблар бўйича таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурларини Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги эмас, янги марказ ишлаб чиқади ва тасдиқлайди. Бундан ташқари, дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар бўйича ваколатлар ҳам тўлиқ янги марказга берилди.
Бу янги Таълим марказига хусусий секторнинг ҳам кўп иши тушади. Энди ваколатли давлат органлари хусусий боғчалар, хусусий мактаблар ва хусусий ўқув марказларига лицензия беришда, уларни аттестация ва аккредитациядан ўтказишда Таълим маркази билан келишиши керак. Қолаверса, марказ ўқув-методик мажмуаларни нашр қилиб, уларни хусусий ўқув марказларига сотади. Эътиборлиси, марказ ходимлари хусусий курслардаги таълим сифатини ҳам назорат қилади.
Ихчам ва самарали ҳукуматни ташкил этишга қаратилган маъмурий ислоҳотдан тўрт ой ўтар-ўтмас янгидан янги ташкилотларни очиш бошлаб юборилгани, улардан бири ҳатто хусусий сектордаги жараёнларни ҳам назорат қила бошлаши ислоҳот мантиғига мос эмасдек кўринади. Бу ўринда айниқса Таълим маркази бўйича қатор саволларга жавоб олиш учун батафсил матбуот анжумани ташкил этилишига зарурат бор.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Тошкентда ерусти метросининг яна 5 та бекати фойдаланишга топширилди. Бу орқали Қўйлиқдан Қурувчилар массивигача бориш мумкин. Яқин вақт ичида яна иккита бекат ҳам битказилиб, Қўйлиқ йўналиши Сергели йўналиши билан уланади. Шу тариқа, Тошкент метрополитенининг бекатлари сони жами 50 тага етади. Йил охиригача Россиядан яна 56 та янги вагон, жами 14 та ҳаракат таркиби олиб келиниши кутиляпти.
Uzbekistan Airways самолёти бортида чақалоқ дунёга келди. Тошкентдан Истанбулга учган рейс манзилга етишига 50 дақиқа қолганида, 12 минг метр баландликда Ситора исмли аёл ўғилли бўлди. Авиакомпания вакиллари она ва болани шифохонага жойлаштириб, кейинроқ уларнинг ҳолидан хабар олган. Маълум қилинишича, 28 ҳафталик туғилган чақалоқ ва унинг онасининг аҳволи яхши. Болага Муҳаммад деб исм қўйилган.
Silk Avia компанияси мунтазам рейсларини бошлади. Қисқа масофаларга учиш учун очилган компания ҳозирча учта самолёти билан олтита йўналишда парвозларни йўлга қўйди. Ўзбекистон ичидаги чипта нархлари 188 минг сўмдан бошланади. Авиакомпания 3 йил ичида яна 9 та самолёт олиб, Ўзбекистон ичида ва Марказий Осиё бўйича 54 та йўналишда парвозларни амалга ошириши режа қилинган.
Андижон, Наманган, Бухоро ва Урганч аэропортлари бошқаруви бу йил хусусий секторга топширилади. Бу ҳақда Тошкентда ўтган инвестиция форумида президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди. Давлат раҳбари темирйўл соҳасида ҳам “катта ўзгаришлар” бўлишини айтди. У инвесторларга мурожаат қиларкан, президент сифатида уларга кафолат беришини айтди. Шавкат Мирзиёев ўз нутқида Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига тезроқ аъзо бўлишдан манфаатдор эканини айтиб, мамлакатда халқаро тижорат суди фаолияти йўлга қўйилишини эълон қилди.
“Менинг йўлим” лойиҳасида таклифларга овоз бериш бошланди. “Ташаббусли бюджет”га ўхшаш бу лойиҳа доирасида туман (шаҳар) бюджетларидан ички йўлларни таъмирлаш учун ажратилган пулларнинг камида 50 фоизини фуқаролар тақсимлайди. 27 апрел куни жами йиғилган 10 317 та ташаббус овозга қўйилди. Овоз бериш жараёни 7 майгача давом этади.
Ўзбекистонлик аёл Японияда депутат этиб сайланди. 37 ёшли Орзугул Бобохўжаева Токио шаҳрида, қарийб 1 миллион аҳоли яшайдиган Сетагая округи депутатлигига сайланди. У – ҳукмрон Либерал-демократик партия аъзоси. 21 ёшидан бери Японияда яшаётган Бобохўжаева 6771 та овоз билан маҳаллий депутатга айланди.
Ўзбекистонда конституцияни ўзгартириш жараёнига расман якун ясаляпти. Бугун ўн мингдан ортиқ референдум участкаларида овоз бериш жараёни бўлиб ўтяпти. Марказий сайлов комиссиясига кўра, 600 мингдан ортиқ фуқаро муддатидан олдин овоз берган.
Мавзуга оид
20:00 / 16.11.2024
Пискентдаги кўргилик, панел импортига чеклов ва Европани ёритадиган Ўзбекистон — ҳафта дайжести
20:00 / 09.11.2024
Машина импортига янги тўсиқ, икки карра қимматлаган пропан ва “замҳоким”га 2 млн $ пора — ҳафта дайжести
21:45 / 02.11.2024
Йўллардаги қоидабузарликлар учун янги жарималар, очилган «ис гази мавсуми» ва сайлов якунлари — ҳафта дайжести
21:48 / 26.10.2024