Жаҳон | 16:45 / 01.05.2023
24176
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: ЖАР ҳукумати Путиндан БРИКС саммитига келмасликни сўрайди

ЖАР Путинни ҳибсга олишга ордер берган Халқаро жиноят суди бўйича Рим статутини ратификация қилган. Шу боис Путин борган тақдирда уни ҳибсга олишга мажбур.

Фото: Getty Images

Жанубий Африка Республикаси ҳукумати РФ президенти Владимир Путинни БРИКС ташкилотининг бўлажак саммитига келмасликка чақирди. Бу ҳақда маҳаллий The Sunday Times нашри хабар бермоқда.

Нашр манбаларига кўра, ЖАР расмийлари Кремлни Путин саммитда видеоалоқа орқали иштирок этишига кўндиришга уринмоқда. Агар РФ президенти ЖАРга шахсан ташриф буюрса, мамлакат ҳукумати Халқаро жиноий суд томонидан Путинни ҳибсга олиш учун берилган ордер талабларини бажаришига тўғри келади.

«Бизда Путинни ҳибсга олмасликдан бошқа вариант қолмайди. Агар у келса, биз уни ҳибсга олишимиз керак бўлади», — деган нашр манбаси.

Апрел ойи охирида The Sunday Times нашри ЖАР президенти Сирил Рамафоса Путин барибир мамлакатга келадиган тақдирда маҳаллий расмийлар қандай ҳаракатланиши лозимлиги бўйича вариантларни ўрганиш учун махсус ҳукумат қўмитаси тузгани ҳақида ёзганди.

  • БРИКС саммити (Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой, ЖАР) август ойида ЖАРда ўтказилиши белгиланган.
  • 25 апрел куни ЖАР президенти Сирил Рамафоса «Халқаро жиноят судининг айрим мамлакатларга адолатсиз муносабати» туфайли унинг мамлакати ХЖС юрисдикциясидан чиқишга қарор қилгани ҳақида айтганди. 27 апрел куни эса ЖАР президенти сайтида мамлакат ХЖС юрисдикциясидан чиқмаслиги, президентнинг олдинги баёноти «хатолик билан берилган изоҳ» бўлгани маълум қилинди.
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид