«Ротация қироли». Гвардиоланинг чемпионатдаги асосий қуроли ҳақида
Катта эҳтимол билан Англиядаги навбатдаги чемпионлик ҳам «Манчестер Сити»га кетади. Пеп Гвардиола ўз жамоаси билан олти йилда бешинчи марта чемпион бўлишга яқин турибди. Айниқса, соврин учун кураш сўнгги турларгача борадиган мавсумларда доим манчестерликларнинг қўли баланд келмоқда.
Одатда, бу жуда осон изоҳланарди. Ҳал қилувчи ўйинларда кўпинча панд ейдиган, узоқ муддат давом этадиган лига форматидаги мусобақаларда эса, тенгсиз бўлган «Манчестер Сити» айнан таркиб кенглиги, Пеп томонидан давомли ротация амалга ошириши ҳисобига ҳал қилувчи паллаларда ҳам ўз формасини сақлаб қолади. Клубга қаршилик кўрсатган «Ливерпул» эса кўпинча захира етишмаслиги туфайли курашни бой берган.
Бу хулоса шу қадар шафқатсизки, агар Англияда чемпион бўлмоқчи бўлсанг, айнан «Манчестер Сити» каби ҳар бир чизиқда тенг кучли, камида 50 миллион фунтга сотиб олинган футболчиларга эга бўлишинг керак, бошқа йўл йўқ. Бу планкани эса, «Сити»нинг ўзидан бошқа ҳеч қайси клуб ушлаб тура олмайди.
Аммо айнан ушбу мавсум вазиятга бошқа ракурсдан қарашга имкон яратиб берди. Ротация деганда фақат «ҳар чизиқда икки футболчи»ни эмас, унинг остидаги улкан мураббийлик меҳнатига ҳам назар солишимиз, буни эътироф этишимиз зарур эканини кўрсатди.
Сабаби, «Манчестер Сити»ни ёзда бир қатор футболчилар, хусусан, Стерлинг, Жезус, Зинченко, Фернандиньо, кейинроқ, Канселу тарк этиши, жамоага эса, фақат Аканжи, Алварес ва Ҳоланд келиб қўшилгани. Яъни бу сафар «Манчестер Сити» ҳам бошқа рақобатчилари каби шароитларда мавсумни бошладики, буни рақамлар ҳам кўрсатиб турибди.
Мисол учун, агар доимий майдонга тушишга тайёр бўлган ва таркибнинг мунтазам ва тўлақонли аъзоси бўлган футболчилар сони «Манчестер Сити»да ҳам, «Арсенал»да ҳам қарийб 15-16 нафарни ташкил қилади. Бир неча турнирда қатнашадиган клублар учун бу у қадар катта рақам эмас ва «бир позицияга икки тенг кучли футболчи» қоидасига ҳам тушмайдигандек. Бундан ташқари, «Сити» «Арсенал»дан фарқли равишда Англия кубоги финалигача борди, Чемпионлар лигасида қатнашмоқда. Тўғри, «Арсенал»да ҳам Европа Лигаси бор эди, аммо бу шундай турнирки, лондонликлар гуруҳ баҳсларида бемалол иккинчи таркибни тушириш имконияти бор. Шундай қилди ҳам.
Хўш, унда нега, тенг миқдордаги ижрочилар билан, аслида кўпроқ ўйинларда иштирок этган «Сити» мавсумнинг ҳал қилувчи палласида «Арсенал»дан яхшироқ формада бўла олмоқда? Ҳа, жавоб ротация. Аммо ҳаммаси биз доим тушуниб келгандек содда эмас. Келинг, айнан қайси омиллар Пеп Гвардиолага устунлик берганини кўриб чиқамиз.
Биринчи фактор. Футболчиларнинг универсаллиги.
«Манчестер Сити» футболчиларининг деярли ҳар бири бир неча позицияни ёпа олади. Бернарду Силва ушбу мавсумда Маҳрез, Де Брюйне, Гундўған, Грилиш ўрнида ҳаракат қилди ва ҳатто баъзи ўйинларда летераллик ҳам қилди. Де Брюйне яримҳимоядаги барча позициядан ташқари, Ҳоланд ўрнига «алдамчи тўққизлик» вазифасини бажариши мумкин. Аке, Аканжи, Стоунз каби футболчилар ҳимоядаги уч позицияда бирдек самарали ўйнай оладилар. Умуман Диаш, Родри ва Ҳоланддан ташқари, ҳар бир футболчида бир неча схемаларда турли позиция ва функциялар мавжуд.
Бу нима беради? Де Брюйнега дам бериш керакми? Бунинг учун «Сити» айнан Де Брюйнега ўринбосар бўлган яримҳимоячини ўзида сақлашга муҳтож эмас. «Сити» бемалол мавсум давомида ўша 15 нафар футболчи билан ҳар қандай позициядаги ўйинчини ротация қилиш имконига эга.
Худди шу ҳолат бошқа клубларда оқсайди. Масалан, «Арсенал»да Сака жароҳат оладиган бўлса, ўнг қанотда худди шу юкламани худди шу сифатда амалга ошира оладиган футболчининг ўзи йўқ. Ҳар бир позиция яққол ижрочига эга ва ҳар қандай ўзгариш жамоа ўйини сифатини тушириб юборади. «Манчестер Юнайтед» Каземиро, Эриксен ёки Брунонинг ўрнини ҳеч қандай шаклда тўлдира олмаганини ҳам таъкидлаш мумкин. Манчестернинг нариги клубида гўёки захира катта, ҳатто жаҳон чемпионатига энг кўп вакил юборган клублардан бири, аммо ҳар бир чизиқда сифатли ротация қилиш имконияти йўқлигини гувоҳи бўлмоқдамиз.
Иккинчи фактор. Тактика ва схемалардаги универсаллик.
«Арсенал»да Зинченко жароҳат олиб, унинг ўрнига Тирни туша бошлагач, жамоа ўйинига салбий таъсир кузатилди, бир қатор ўйинларда очко йўқотилди. Кўпгина мутахассислар асосли равишда Артетанинг бир жиҳатини танқид остига олишди.
Гап шундаки, Артетанинг асосий услуби 4-2-3-1 бўлиб, жамоа тўпга эгалик қилаётганда қанот ҳимоячиси бўлган Зинченко учинчи таянч яримҳимоячиси сифатида Парти-Жака жуфтлигига қўшилади ва схема 3-3-3-1 га айланади. Бу рақиб яримҳимоячини +1 футболчи ёрдамида ёриб ўтишда ҳам, ҳимоядан чиқишдаги «билд-ап»да ҳам ҳал қилувчи фактор ҳисобланади. Бу функция учун Зинченко идеал номзод, унда «Манчестер Сити» давридан бундай амалиёт мавжуд. Аммо Тирни биз билган классик қанот ҳимоячиси ҳисобланса-да, Артета Тирни билан ҳам шундай услубда ўйнамоқчи бўлди. Табиийки, ҳеч қачон шотландиялик ҳимоячи Зинченко бўла олмайди, умуман бошқа тур.
Пеп Гвардиоланинг Артетадан устунлиги шунда кўринади – Пепда жуда кўп тактик схема ва тактикалар мавжуд бўлиб, майдонга тушадиган ҳар бир футболчининг устунликларидан фойдаланиш, камчиликларини ёпишга қаратилади. Биринчи даврада Канселу жамоадаги энг асосий фигуралардан биридек кўринганди, аммо у кетгач, таркибда айнан Канселу услубида тўп сурадиган ҳимоячи бўлмаса-да, буни сезмадик ҳам. Ҳозир «Сити»да бир пайтлар Канселу тўп сурганини унутиб ҳам юбордик. Қанотда ҳужум қилишни яхши кўрадиган Уокер тўп сурадими ёки эндигина бу позицияда тўп сураётган Стоунзми, Маҳрезни танлаймизми ёки Силва, Грилиш ёки Фоден, бир-биридан фарқ қиладиган қайси футболчи тушишидан қатъи назар Гвардиола таркибга мос тактикани танлай олмоқда ва функцияларни тақсимлашда футболчиларнинг индивидуал хислати эътиборга олинмоқда. Бу ҳам ротациянинг жамоа ўйинига ва якуний натижага салбий таъсирининг олдини олишда жуда муҳим жиҳат.
Учинчи фактор. Ўйин вақтларини назорат қилиш.
Жуда кўп мураббийлар ўйин охиридаги рискни ёмон кўради ва шогирдларидан имкон қадар ўйин тақдирини эртароқ ҳал қилишни сўрайди. Вақтида реализация қилинмаган имкониятлар ўйин охирида ортиқча асаб кетишига ва муҳими, етакчи футболчиларга дам бериш, бошқа футболчи ва услубларни синаб кўриш имкониятидан маҳрум қилади.
Агар буни ҳам ўйин давомидаги ротация ва футболчиларни формада ушлаб туриш учун муҳим фактор сифатида олсак, «Манчестер Сити»да яққол устунликни кўрамиз.
Пеп Гвардиола жамоаси АПЛнинг ўзида 15 учрашув тақдирини 60+ дақиқаларда ҳал қилиб улгуришган. Яъни шу вақтга келиб, жамоа 2 ва ундан ортиқ гол ҳисобига олдинга ўтиб улгуришган. Бу нима беради? «Манчестер Сити» қолган 30 дақиқада ўйнаб туриб ҳам «дам олиши», етакчи футболчиларни захирага олиши мумкин. Таққослаш учун, «Манчестер Юнайтед»да бундай ўйинлар сони атиги 3 та. Яъни тен Ҳаг шогирдлари ўтган 32 ўйиннинг 29 тасида, хўп, 0:7, 3:6 ва 0:4 ларни қўшмаймиз, 26 тасида 90 дақиқа натижа учун курашган. Энди биляпсизми, аслида бир хил режимда мавсум ўтказиб, нега «Манчестер Сити» ўзининг энг яхши салоҳиятини кўрсатаётган бир пайтда «Юнайтед» оёғини зўрға судраб очко олаётганини?
Ўйинни эртароқ ҳал қилиш жамоа ички ресурсларининг ҳам самарасини оширади. Масалан, Алварес АПЛда атиги 8 ўйинда бошланғич таркибда ҳаракат қилди. «Ливерпул» билан ўйингача унда 6 та шундай учрашув бор эди, холос. Лекин ўша ўйин тақдирини ҳал қилган футболчилардан бири бўлганди. Нега? Чунки ҳужумчи деярли ҳар ўйинда захирадан майдонга тушган, кўпинча, «Сити» ўйин натижасини ҳал қилиб қўйган паллаларда босимсиз ҳаракат қилиб, жамоа сафига киришиб кета олган. Мавсум давомида атиги 3 ўйин тақдирини эртароқ ҳал қилган тен Ҳаг қандай қилиб ёш футболчиларга имкон бера оларди?
Таққослаш учун, «Арсенал» бу мавсумда икки баробар кам, яъни 8 ўйинни 60-дақиқаларгача ҳал қилиб қўйган, холос.
Хулоса
Юқоридаги факторлар эвазига вужудга келган бир қатор рақамларга назар ташлаш мумкин. Масалан, деярли тенг таркибдан фойдаланилган бўлса-да, «Арсенал» сафида 6 футболчи (Уайт, Габриэл, Жака, Эдегор, Сака ва Мартинелли) 2500+ дақиқа майдонда ҳаракат қилган. Агар Салиба жароҳат олмаганда унда ҳам дақиқалар сони 2500 дан ошган бўларди – 2416. «Манчестер Сити» сафида бундай футболчилар атиги 1 нафар – Родри (2640). «Шаҳарликлар»да 7 нафар футболчи 1000-2000 дақиқа оралиғидаги майдон вақтига эга – мавсум давомида ортиқча юкламасиз, лекин формада бўлиш учун идеал бўлган кўрсаткич. «Арсенал»да фақат Нкетиа ва Жезус шу оралиққа тушади – сабаби ҳам маълум, Жезус жароҳат олган пайтда унинг ўрнида Нкетиа ҳаракат қилган.
«Арсенал» таркибидаги футболчилар ё доимий майдонда бўлиб, 2000 дақиқадан кўпроқ ўйнаган (9 нафар) ёки умуман Виейра, Тирни, Нелсон ёки Томиясу каби, керак бўлганда тайёр формада бўладиган даражада етарли вақтга эга эмас.
Ўз-ўзидан, бутун юклама айни футболчилар елкасига тушганида, захира кучлар мувозанат билан ишлатилмаганда, ҳозирги саҳнага гувоҳ бўламиз – «Арсенал» мавсум бошида ва алоҳида ўйинларда ҳар қанча кучли бўлмасин, мавсум охирига келиб, чарчаб қолди. Сака ёки Эдегорнинг спорт формаси, Салибанинг жароҳати таъсири кутилганидан каттароқ бўлди.
Аммо «Манчестер Сити»даги бу устунлик фақат ташқи ресурслар, молиявий таъсир ёрдамида бўлмаганини юқорида кўриб чиқдик. Ахир Пеп Гвардиола атайлаб мана шундай универсал футболчиларни сотиб олганми ёки доимий машғулотлар ёрдамида унинг шогирдлари универсалга айланиб қолишганми? Гвардиоланинг жуда кўп схемалари ва вазифаларини тушуниб, майдонда амалга кўчира оладиган ақлли футболчилар қандай тўпланиб қолди? Селекция натижасими ёки Гвардиоланинг тарбияси? Ҳар икки ҳолатда ҳам мураббий ютуғи, шундай эмасми?
Ҳа, Гвардиола чемпион жамоани шу йил қурмади. Тан олиш керак, таркибда тўп сурган аксарият футболчилар жуда кўп мавсумларда чемпионлик учун курашган, қачон ўзини қандай тутиш кераклигини биладиган ижрочилар. Шу томондан қараганда, Артетани айблашга ҳаққимиз йўқ. Ҳамкасбидан фарқли равишда, исталган футболчини сотиб олиш имконияти унда йўқ эди. Бир қатор ёш футболчилардан Англияда чемпионлик учун сўнгги турларгача курашувчи жамоани туза олди. Бу Англиядаги энг баланд сакраш, менимча.
Исботи. Ўтган ёзда Гвардиола Жезус ва Зинченкони «Арсенал»га сотганди. Табиийки, ўшанда Пеп бу футболчилар ёрдамида «Арсенал» чемпионлик йўлидаги асосий тўсиқ бўлиши хаёлига ҳам келтирмаган бўлса керак. Келтирмаган. Масалан, шу ёзда «Сити» «Арсенал»га ҳеч кимни сотмайди, кўрасиз.
Қаҳрамон Асланов
Мавзуга оид
12:28 / 07.11.2024
«Вилла» ўйинида аҳмоқона пеналти, «Барса» истаганча гол урмоқда. Кун ўйинлари
12:33 / 03.11.2024
АПЛда сенсациялар куни, Ҳусановда илк қизил. Кун ўйинлари
14:31 / 02.11.2024
«Арсенал»да яна жиддий рақиб, Ҳусанов «ПСЖ»га қарши, «Челси» «Олд Траффорд»га боради — уикэнд анонси
14:28 / 28.10.2024