Берлинда Шавкат Мирзиёев ва Франк-Вальтер Штайнмайернинг музокаралари бўлиб ўтди
3 май куни Берлин шаҳридаги Бельвю саройида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг музокаралари бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида давлат раҳбари федерал президентга Германияга ташриф билан келиш таклифи ва кўрсатилаётган самимий қабул учун миннатдорлик билдирди.
Президентлар Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик ривожланиб бораётганини қайд этдилар. Фаол сиёсий, гуманитар ва ишбилармонлик мулоқотлари давом этмоқда. Томонлар нуфузли халқаро институтлар, шу жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Икки томонлама муносабатларни янада юқори босқичга олиб чиқиш муҳимлиги юзасидан якдил фикр билдирилди. Президентлар савдо-иқтисодий, инвестициявий ва технологик ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини кўриб чиқдилар, амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб олдилар.
Президентлар умумий қиймати 9 миллиард евродан зиёд бўлган савдо шартномалари ва инвестиция-технология битимлари имзоланиши билан якунланган ишбилармонлик тадбирларининг натижаларини олқишлади.
Берлинда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари юксак баҳоланмоқда. Шу маънода, Германия минтақадаги ўзаро боғлиқлик лойиҳаларини, шу жумладан Евроиттифоқнинг “Глобал дарвоза” ташаббуси доирасида қўллаб-қувватлашга тайёрлиги таъкидланди.
Томонлар минтақада, шу жумладан Афғонистондаги вазиятни инобатга олган ҳолда хавфсизликни таъминлаш, замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашиш борасидаги шерикликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини билдирдилар. Афғон халқига манзилли гуманитар ёрдам кўрсатиш, бунда чегараолди Термиз шаҳрида яратилган замонавий инфратузилма имкониятларидан ҳам фойдаланиш муҳимлиги қайд этилди.
Маданий-гуманитар алмашинув масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Етакчилар Берлин шаҳрида Ўзбекистоннинг тарихий-маданий меросига бағишлаб ноёб кўргазма очилаётганидан мамнунлигини билдирдилар. Ўзбекистонда немис тилини ўрганиш бўйича комплекс дастурни тайёрлаш, шу жумладан мамлакатимиз ҳудудларида Гёте Институти фаолиятини кенгайтириш юзасидан келишувга эришилди.
Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Франк-Вальтер Штайнмайерни мамлакатга ташриф билан келишга таклиф этди.
Мавзуга оид
20:59 / 26.11.2024
Президентга транспорт соҳасидаги трансформация жараёнлари тақдим этилди
19:05 / 26.11.2024
Наманганда флюорит тошини қайта ишлаш йўлга қўйилиши мумкин
23:08 / 25.11.2024
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси лавозимига сайланди
21:10 / 25.11.2024