Ўзбекистон | 17:32 / 03.05.2023
16157
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон матбуот эркинлиги рейтингида 137-ўринга тушди

“Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилотининг матбуот эркинлиги индексида Ўзбекистон бир йил олдингига қараганда 4 поғонага пасайиб, 137-ўринга тушди. Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистонда ОАВ эркинлиги билан боғлиқ вазият оғирлигича қолмоқда.

Фото: "Чегара билмас мухбирлар"

“Чегара билмас мухбирлар” халқаро нодавлат ташкилоти 3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги куни арафасида ҳар йиллик анъанавий матбуот эркинлиги индексини эълон қилди. 2022 йил якунлари бўйича тузилган рейтингда Ўзбекистон 4 поғонага пасайиб, 180 давлат орасида 137-ўринни эгаллаган.

Халқаро кузатувчилар 2022 йил бўйича Ўзбекистондаги ОАВ эркинлиги ҳолатини 100 баллдан 45,73 баллга баҳолаган.

Индексда Ўзбекистоннинг ўрни сиёсий индикатор бўйича 3 поғонага, иқтисодий ва ижтимоий индикаторлар бўйича эса 9 поғонага ёмонлашган. Мамлакатнинг умумий рейтингдаги ўрни 4 поғонадан ҳам кўпроққа пасайиб кетмаслигини ҳуқуқий индикатордаги 16 поғонага ўсиш таъминлаган.

“2016 йилда президент Ислом Каримовнинг ўлимидан кейин оммавий ахборот воситалари учун вазият бирозгина яхшиланган, давлат ҳокимиятини танқид қилиш қийинлигича қолмоқда”,дейилади ҳисоботда.

“Чегара билмас мухбирлар” Ўзбекистондаги вазиятни тасвирлар экан, давлат ОАВ ва ҳукумат билан алоқаларга эга бир неча блогерларни “сезиларли даражада назорат қилиши”, мухолифат эса тақиқда эканини қайд этган.

“Расмийлар ОАВга оид репрессив қонунларга барҳам берувчи ислоҳотларни ҳали амалга оширмади. Назорат, цензура ва ўз-ўзини цензура қилиш кенг тарқалган”, – дея таъкидлайди кузатувчилар.

Уларга кўра, расмий шахслар журналистларга иқтисодий босим ўтказишга ёки уларни сотиб олишга ҳаракат қилади. Аҳолининг 60 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этувчи мамлакатда ижтимоий тармоқлар расмий ОАВда кам ёритиладиган коррупция муаммоси ҳақида ахборот алмашиладиган майдонга айланган, дея баён қилган “Чегара билмас мухбирлар”.

Ҳисоботда блогер Отабек Сатторий қамоқда қолаётганига ҳам эътибор қаратилган. У 2021 йил май ойида туҳмат ва товламачиликда айбланиб, 6,5 йилга ҳукм қилинган эди. Кейинроқ апелляция судининг қарори билан блогер товламачилик орқали қўлга киритганликда айбланган иккита квартира унга қайтариб берилди, лекин жазо ўзгаришсиз қолди. Human Rights Watch халқаро нодавлат ташкилоти ҳукмни Ўзбекистондаги “сўз эркинлигига берилган зарба” деб атаганди.

Фото: "Чегара билмас мухбирлар"

Матбуот эркинлиги индекси нафақат Ўзбекистон, умуман минтақада сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият ёмонлашаётганини кўрсатмоқда. Марказий Осиёдаги энг эркин мамлакат дея кўрсатиладиган Қирғизистон рейтингда 72-ўриндан 122-ўринга – бирданига 50 поғонага қулаган. Қозоғистон эса 12 поғонага пастлаб, 134-ўринга тушган. Тожикистон 153-ўринга тушиб (-1), матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият “ўта оғир” давлатлар қаторига қўшилган.

Ўзбекистоннинг атрофидаги бошқа аксарият мамлакатлар – Туркманистон, Афғонистон, Россия, Хитой, Туркия, Озарбойжон, Эрон, Ҳиндистон ва Покистонда ҳам ОАВ эркинлиги билан боғлиқ вазият “ўта оғир” деб баҳоланмоқда.

Рейтингда Россия 164-, Туркия 165-ўринга тушиб қолган. Хитойнинг позицияси эса минимумгача тушиб, 180 давлат орасида 179-ўринда қайд этилган. Ҳисобот муаллифлари Хитойни “журналистлар учун дунёдаги энг катта қамоқ” деб таърифлаган: бу ерда камида юз нафар журналист касбий фаолияти учун қамоқда сақланмоқда. Индекснинг сўнгги ўрнида – КХДР.

2022 йил учун Жаҳон матбуот эркинлиги индексида мамлакатларнинг тоифаларга бўлиниши

Журналистлар энг эркин фаолият юритаётган давлатлар сифатида Норвегия, Ирландия, Дания, Швеция, Финландия, Нидерландия, Литва ва Эстония эътироф этилган.

ОАВ эркинлиги бўйича вазият фақат мана шу 8 та давлатдагина “яхши” деб тан олинган. 44 та мамлакатдаги вазият “қониқарли”, 55 та мамлакатда “муаммоли”, 42 та мамлакатда “оғир”, 31 та мамлакатда эса “жуда оғир” деб топилган. Матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият глобал даражада ёмонлашиши тенденцияси бир неча йилдан буён давом этмоқда.

2022 йил учун матбуот эркинлиги индекси

1. Норвегия
2. Ирландия
3. Дания
4. Швеция
5. Финландия
6. Нидерландия
7. Литва
8. Эстония
9. Португалия
10. Тимор-Лесте

45. АҚШ
47. Жанубий Корея
49. Арманистон
77. Грузия
79. Украина

122. Қирғизистон
134. Қозоғистон
137. Ўзбекистон
151. Озарбойжон
152. Афғонистон
153. Тожикистон
157. Беларус
164. Россия
165. Туркия

176. Туркманистон
177. Эрон
178. Вьетнам
179. Хитой
180. КХДР

Мавзуга оид