Жаҳон | 13:37 / 06.05.2023
12344
6 дақиқада ўқилади

Самолёт бошқарган илк аёл учувчилар – нега ҳозир самолёт бошқарадиган аёллар кам?

Бугун одамларни бир манзилдан иккинчи манзилга тезлик билан етказиб қўядиган самолётлар ҳозирги кўринишга келгунча анчайин йўл босиб ўтилган. Дастлабки самолётларда хавфсизлик ва сифат нуқтаи назаридан камчиликлар кўп бўлгани учун уларни бошқариш анчагина жасорат талаб қилган. Жасорат кўрсатиб учувчиликни танлаганлар орасида аёл учувчилар ҳам бор эди.

Фото: KUN.UZ

1910 йил 8 мартда, бундан 113 йил олдин собиқ француз актрисаси Раймонда де Ларош лицензияга эга бўлган илк учувчи аёлга айланади. У 9 йилдан сўнг синовдаги самолётни бошқараётиб ҳалок бўлади

- Раймонда де Ларош

Ҳарриэт Қуимби эса 1911 йилда лицензияга эга бўлган илк америкалик аёл учувчи бўлган. Бироқ шундан бир йил ўтиб самолётини Бостон бандаргоҳига қўндираётиб ҳалок бўлади. Ҳарриет Қуимби журналист ҳам эди, унинг бошқа аёллар авиация соҳасига қизиқишида ҳиссаси катта бўлган.

- Ҳарриэт Қуимби

Бесси Коулман 1921 йилда учувчилик номига эришган биринчи қора танли аёл. У авиация мактабини излаб Америкадан Францияга боради ва ўша ерда таълим олади. Бироқ учувчилик лицензиясини қўлга киритгач 5 йилдан сўнг парвоз вақтида ҳалок бўлади. 

- Бесси Коулман

Амелия Эрхарт эса авиация тарихидаги ҳар қайси даврнинг энг таниқли учувчи аёллардан бири ҳисобланади. У учувчилик лицензиясини қўлга киритган ўн олтинчи аёл эди. Амелия – Шимолий Америка ва Атлантика океани устидан учиб ўтган тарихдаги биринчи аёл учувчи.

- Амелия Эрхарт

Авиациянинг дастлабки даврида парвоз қилиш жуда хавфли эди. Тарихчи Эйлин Лебоунинг сўзларига кўра, илк самолётлар ёғоч, сим ёки матодан ясалган қурилмалар бўлган. Уларда ҳатто ҳалокат содир бўлганда учувчини ҳимоя қилиш учун хавфсизлик камари ёки том ҳам бўлмаган. Шунга қарамай Ларош, Қуимби, Коулман каби аёллар самога кўтарилишдан қўрқмаган.             

Гарчи парвозга қизиқиш тарихи анча узоқроқ бўлса ҳам, самолётлар йигирманчи асрдан ихтиро қилина бошлаганини ҳисобга олсак, учувчи аёлларнинг 1910 йиллардан бошлаб қўрқмасдан парвоз қилиши уларнинг қанчалик жасоратли бўлганини кўрсатади.

- Ака-ука Райтлар ихтиро қилган биринчи авиация талабларига жавоб берадиган самолёт. 1905 йил.

"Авиация – янги соҳа, ирқ, жинсга қараб ҳар қандай ажратишлардан бутунлай холи йўналиш эди. Бу соҳада аёлларга чекловлар ҳам йўқ эди", деганди тарихчи Сьюзан Уэр. 

Францияда авиация таълимини олиб Америкага қайтган Коулман "Мен на аёллар, на эркаклар орасида ҳали учувчилар йўқлигини билардим ва шу муҳим соҳа вакили бўлишни хоҳладим. Ҳаётимни хатарга қўйиб бўлса-да, авиацияни ўрганиш ва эркак-аёллигидан қатъи назар, ҳаммани учишга рағбатлантириш менинг бурчим деб ўйладим", деган эди. У ўлимидан олдин Америкада ҳам авиация мактабини очишни орзу қиларди. 

Америкада 1934 йилда ташкил қилинган Смит коллежининг парвоз клубига аъзо хотин-қизлар самолётларга техник хизмат кўрсатиш, парвоз кўрсатмалари билан танишяпти.  

Бошида кўпчилик, жумладан, учувчи Амалия Эрхарт ҳам самолётлар вақти келиб худди машина ва велосипедлар каби оддий ҳаракатланувчи транспортга айланади ва оилаларнинг ҳам шахсий самолётлари бўлади деб ўйлашган.

Опа-сингиллар Кетрин ва Маржори Стинсонлар онаси ва акаси ёрдамида Техасда илк учувчилар мактабини ташкил қилишади. Бу мактабда биринчи жаҳон уруши арафасида канадалик учувчилар тайёрланади. АҚШ урушга киргач мамлакат фуқаро авиацияси тугатилади, жумладан, Стинсон мактаби ҳам. Бу пайтда Кетрин Европага "Тез ёрдам" ҳамшираси бўлиб ишлашга кетади, Маржори эса денгиз флотида хизмат қилади.

Уруш ва тижорий авиация ривожланиши аёлларнинг парвоз қилиш орзулари чекланишига сабаб бўлди. Сабаби бу соҳада эркаклар кўпроқ бўлиши афзал кўрила бошланади. Гарчи Ларош, Кетрин Стинсон каби тажрибали аёллар уруш даврида кўнгилли тарзда ҳаво кучларида хизмат қилган бўлса-да, улар рад этилиб, ҳарбий кучлар кўпроқ эркак учувчиларни тайёрлашни афзал кўрди. Лекин Совет Иттифоқида бу пайтда аёл учувчиларнинг 3 та полки бор эди.

Бундан ташқари, бошида аёл учувчилар ўйлагандек ҳамма оила ўз самолётига эга бўлиш орзуси ҳам ушалмади.

Ҳозир ҳам дунёнинг турли давлатларида аёл учувчилар самолётларни бошқармоқда. Лекин улар кам сонли. Учувчи хотин-қизлар халқаро жамиятининг 2021 йилга тегишли маълумотига кўра, дунё бўйлаб аёллар учувчиларнинг 6 фоиздан камроғини ташкил қилади. Аёл учувчилари энг кўп бўлган давлат Ҳиндистон ҳисобланади. Бу давлатда учувчилар жами кўрсаткичининг 12,4 фоизини аёллар ташкил қилади. Кейинги ўринларда эса Ирландия ва Жанубий Африка ( 9 фоиз атрофида) давлатлари туради.

Қайсидир давлатларда учувчилар сони жиҳатдан аёлларнинг кўпроқ бўлиши турли омилларга боғлиқ. Масалан, нуфус жиҳатдан олинганда Ҳиндистондаги хотин-қизлар сони Хитойдан кейин иккинчи ўринда туради. Қолаверса, бу мамлакатда хотин-қизлар ҳуқуқлари учун курашиш ҳам чуқур тарихга эга. 1966 йилда Ҳиндистон бошқарувига Индира Ганди келгач, аёл раҳбар мамлакатни бошқарган илк давлат сифатида ҳам тарихга кирган.

Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид