Маст учувчи ҳалокатга учратган Boeing: 88 киши вафот этган ҳодиса қандай содир бўлганди?
2008 йилда Москвадаги Шереметьево аэропортидан учган самолёт Перм шаҳри аэропорти яқинида ҳалокатга учрайди. Ҳодисадан сўнг ўтказилган суриштирувларда ўша куни экипаж командири маст бўлгани ва самолётни бошқара олмагани аниқланади. Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар орасида бир нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам бўлган.
2008 йил 14 сентябр куни тонгда Перм шаҳри аҳолиси узоқдан портлаш овози ва ёруғ оловни кўришади. Уларнинг хаёлига дастлаб Перм вилоятида жойлашган АЭС портлади деган ўй келади. Бироқ ундай эмасди.
Орадан бир неча соат ўтиб шаҳар четига Boeing 737-505 самолёти қулаб тушгани ва унда бўлган барча вафот этгани ҳақида хабар тарқалади.
Шундан сўнг шаҳар аҳолисида самолётни террористлар эгаллаб олгани ва унинг ёрдамида Пермдаги йирик корхоналардан бирини портлатиб юбормоқчи бўлгани ҳақида миш-мишлар урчийди.
Орадан бироз ўтиб ҳодиса ҳақида расмий маълумот берилади ва турли ваҳимали гап-сўзларга чек қўйилади.
Фуқаро авиацияси тарихида содир бўлган ҳалокатларга қаралса, улар орасида учувчиларнинг масъулиятсизлиги ортидан содир бўлганлари ҳам етарлича.
2008 йилда Перм шаҳри яқинида содир бўлган ҳодиса ана шундай ҳалокатлар сирасига киради. Экипаж командири самолёт бошқарувига маст қилувчи ичимлик таъсири остида ўтиради ва Boeing 737 самолётини ҳалокатга учратади. Оқибатда самолёт бортида бўлган барча ҳалок бўлади.
Boeing 737 ҳақида
Boeing 737 самолётлари илк марта 1967 йилда ишлаб чиқарилган. Мазкур самолётларда дастлаб 100 нафар атрофида йўловчи ўрни бўлган. Кейинчалик Boeing 737 такомиллаштириб борилган ва йўловчилар ўрни ҳам оширилган.
АҚШ компанияси ўз тарихида ўн мингтадан ошиқ Boeing 737 ишлаб чиқарган ва улардан ҳанузгача дунёнинг кўплаб мамлакатларида йўловчи ташишда фойдаланишяпти. Бу кўрсаткич билан компания Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган.
Перм яқинида ҳалокатга учраган Boeing 737-505 модификацияси бўлиб, у 1992 йилда ишлаб чиқарилган. Самолётга Бермуд оролларида рўйхатдан ўтган «ARN 737 Limited» компанияси эгалик қилган.
Россияга келгунча самолётни қисқа муддат Норвегиянинг Braathens, Хитойнинг Xiamen Airlines, 1993 йилдан 2003 йилгача China Southwest Airlines ва 2003 йилдан 2008 йилгача Air China авиакомпаниялари ижарага олиб ишлатган.
2008 йилда Boeing 737’ни «Аэрофлот-Норд» авиакомпанияси Ирландиянинг «Pinewatch Limited» компаниясидан лизинг шартномаси билан сотиб олади ва ички парвозларда фойдалана бошлайди.
Парвоз ва ҳалокат
Самолёт Москвадан маҳаллий вақт билан соат 01:12 да парвоз қилади. Ўша куни 145 йўловчи ўрнига эга самолётда саксон икки нафар йўловчи ва олти нафар экипаж аъзоси бор эди.
Соат 04:49 да Boeing 737 Перм шаҳри яқинига етиб боради ва пастлай бошлайди. Самолёт денгиз сатҳидан 2 700 метр баландликкача пастлагач диспетчернинг кўрсатмаси билан шаҳар тепасида айланиб туради. Аввал Перм-Франкфурт йўналишида парвоз қилаётган самолёт ҳавога кўтарилиши керак эди.
Германияга кетаётган самолёт ҳавога кўтарилгач соат 04:51 да диспетчер ва Boeing 737-505 экипажи орасида тушунмовчилик юзага келади. Экипаж командири диспетчернинг саволларига аниқ жавоб бермайди. Учувчилар ўзларини ғайритабиий тутишади. Бу пайтда самолёт Перм устида айланиб учаётганди.
Самолёт 2 100 метргача пастлаб уча бошлайди ва қўниш йўлакчаси устини икки марта айланиб ўтади. Диспетчерлар вазиятга тушунмай самолёт экипажи билан алоқага чиқади. Бироқ экипаж командирининг сўзларини тушуниб бўлмайди, ўз навбатида у ҳам диспетчерларнинг кўрсатмасини тушунмайди.
Диспетчерлар самолёт экипажи нега бундай қилаётганини тахмин қилишга ҳам улгурмасдан самолёт Перм аэропортидан 11 километр узоқликка қулаб тушади. Оқибатда ундаги барча йўловчилар ва экипаж аъзолари ҳалок бўлади.
Самолёт қулаб тушаётганида у денгиз сатҳидан 1 200 метр баландликда учаётган бўлган ва соатига 467 километр тезликда ерга келиб урилган.
Самолёт Перм-Бахаревка темирйўли устига қулайди ва 100 метр узунликда темирйўл изларини, 500 метр узунликда унинг ёқасида тортилган электр тармоқларини, 400 метр оптик кабел толасини шикастлайди.
Ҳалокатнинг эртаси куни Пермда уч кунлик мотам маросими эълон қилинади.
Ҳалокат юзасидан текширувлар – экипаж командири маст бўлганми?
Ўша куни самолётда 1994–1996 йилларда бўлиб ўтган биринчи Чечен урушида Россия бирлашган қўшинлари бош қўмондони бўлган генерал-полковник Геннадий Трошев ҳам бўлган.
Шу сабабли Boeing 737 чечен жангарилари томонидан эгаллаб олинган ва генералдан қасос олиш мақсадида ҳавода портлатиб юборилган ёки ерга олиб бориб урилган деган тахминлар пайдо бўлади.
Ҳалокатдан сўнг махсус комиссия ҳодиса жойига келиб, унинг сабабларини ўргана бошлайди. Энг аввал самолёт қўнишдан олдин ҳавода портлатиб юборилгани ҳақидаги тахмин текшириб кўрилади. Бироқ Boeing 737-505 қулаган жойда ҳеч қандай портловчи моддалар асорати топилмайди.
Самолёт чеченлар томонидан эгалланиб, қасос олиш учун ерга олиб бориб урилгани ҳақидаги тахмин ҳам асоссиз бўлиб чиқади.
Ўша пайтларда Россиялик учувчилар орасида маст қилувчи ичимликларни истеъмол қилиб самолёт бошқариш оддий ҳолга айланганди. Шу сабабли учинчи тахмин – учувчилар маст қилувчи ичимлик таъсирида бўлгани текшириб кўрилади.
Экипаж командири ва ёрдамчисининг танасидан намуна олиб текшириб кўрилганда уларда маст қилувчи ичимлик асоратлари топилади.
Комиссия томонидан самолёт қора қутисида бўлган аудиоёзув ўрганиб чиқилганда экипаж командири диспетчернинг кўрсатмаларини тушунмагани ва бажармагани ойдинлашади.
Шунингдек, у жуда асабийлашиб сўкингани, диспетчернинг саволларига аниқ жавоб бермагани ва бунга маст ҳолатдалиги сабаб бўлгани очиқланади.
Аудиоёзувлар эшитиб кўрилганда Boeing 737 парвоз қилаётганида унинг бортида портлаш овози эшитилмагани ёки ёнғин келиб чиқмагани, барчаси самолёт ерга келиб урилганда содир бўлгани маълум бўлади.
Охир-оқибат ҳалокатга учувчининг маст ҳолда самолёт бошқаргани сабаб бўлгани узил-кесил ойдинлашади ва ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилади.
Бироқ ҳалокатда вафот этган йўловчиларнинг қариндошлари барча айбни ҳалок бўлган маст учувчининг зиммасига юклаётган авиакомпанияни айблаб чиқишади.
Уларнинг даъвосига кўра, ҳалокат учун маст учувчининг самолёт бошқаришига эътиборсизлик қилган авиакомпания раҳбарияти жавобгар бўлиши керак.
Бироқ «Аэрофлот-Норд» авиакомпанияси «Аэрофлот» билан ҳамкорликда ишлагани учун ҳодиса юзасидан очилган жиноят иши ими-жимида ёпиб юборилади.
Ҳалок бўлганларнинг қариндошлари томонидан авиакомпания раҳбариятига жиноят иши қўзғатиш ҳақидаги даъво эса рад этилади. Фақат уларга товон пули тўлаш ҳақида қарор чиқарилади.
Қарорга кўра, ҳар бир йўловчининг яқинлари 27 минг рублдан (Ўша пайтдаги курс бўйича бу сумма 1200 доллар бўлган) олади.
Гарчи «Аэрофлот-Норд» судда ғалаба қозонган бўлса-да ички хизмат текширувларидан кейин авиакомпаниянинг парвозлар бўлими бошлиғи Николай Хололов ишдан бўшатилади.
Ҳалокат содир бўлгандан бироз ўтиб авиакомпания учувчилар жуда тажрибали бўлганини, бироқ парвоз тунда амалга оширилгани муаммо келтириб чиқарганини айтиб чиқади.
Бироқ комиссия томонидан ўрганилганда учувчиларнинг инглиз тилини унча яхши билмагани ва шу туфайли улар самолётни бошқаришда муаммоларга дуч келгани маълум қилинади.
2009 йилда Росавиация раҳбари маслаҳатчиси Владимир Черток учувчининг қонидан маст қилувчи ичимлик аниқлангани унинг маст бўлишини англатмаслигини, бундай пайтда ярим стакан шарбат ҳам ошқозонга тушиб ачиши мумкинлигини айтиб чиқади.
Бироқ ҳалокат сабабларини ўрганган комиссия унинг бу тахминини рад этади ва экипаж командири маст бўлганини, буни қора қутидаги аудиоёзувлар ҳам исботлаётганини маълум қилади.
Ҳалок бўлганлар
Пармда ҳалокатга учраган самолётда бўлганларнинг жасадлари ҳодиса юз берганда парчаланиб кетганди. Ўша парвозда жами ўнта давлат фуқаролари бўлган.
Жумладан:
- Россиядан – 67 нафар (61 нафар йўловчи, 6 нафар экипаж аъзолари);
- Озарбойжондан – 8 нафар;
- Украинадан – 5 нафар;
- Франциядан – 2 нафар;
- Беларус, Латвия, Германия, Италия, Хитой ва Ўзбекистондан 1 нафардан йўловчи бўлган.
Йўловчилар орасида Россия президенти маслаҳатчиси, генерал-полковник Геннадий Трошев, Россия самбо федерацияси вице-президенти Владимир Погодин, велоспорт бўйича халқаро спорт устаси Сергей Ижболдин, самбо бўйича халқаро спорт устаси Александр Трофимовлар бўлган.
Парвоз куни беш нафар йўловчи кечикиб келгани учун самолётга қўйилмаган ва улар Пермга поездда жўнашган.
Ҳалокатдан сўнг «Аэрофлот» авиакомпанияси «Аэрофлот-Норд»га ўз брендидан фойдаланишни тақиқлаб қўяди. «Аэрофлот-Норд» ўртадаги келишув тугамаганини айтиб судга мурожаат қилади. Бироқ ютқазади.
Шундан сўнг «Аэрофлот-Норд» ўз номини «Нордавиа» деб ўзгартиришга мажбур бўлади. Бироқ яна бир неча йил давомида «Аэрофлот»га тегишли самолётлардан фойдаланишда давом этади.
2014 йилда «Нордавиа» авиакомпаниясини 207 миллион долларга «Норильский никель» компанияси сотиб олади. 2019 йилда компания ребрендинг ўтказади ва авиакомпаниянинг номи Smartavia деб ўзгартирилади. Авиакомпания ҳозир ҳам шу ном остида фаолият кўрсатмоқда.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
14:01 / 15.11.2024
Лавров самолётига хорижда ёнилғи қуйишдан бош тортишаётганидан шикоят қилди
21:10 / 10.11.2024
Тошкентдан Жиддага учган самолёт ортга қайтишга мажбур бўлди
14:59 / 09.11.2024
Шаҳарчани бутунлай вайрон қилган ҳалокат: Канадада Франция ҳарбий кемаси қандай портлаганди?
12:02 / 02.11.2024