Путин Украинани нега ёмон кўриб қолган: Россия президентининг уруш очиш қарори сари йўли
Украина билан уруш бошлаш учун Путинда шахсий хафагарчилик ва ўч олиш истаги рағбат уйғотган. Унинг украиналик оғайниси Виктор Медведчукнинг медиаактивлари ёпилиши эса сабр косасини тўлдирган сўнгги томчи бўлган.
Россия раҳбари 2021 йилнинг феврал-март ойларидаёқ Киевга ҳужум қилиш бўйича бир қарорга келган. Босқин учун бир йил тайёргарлик кўрилганига қарамасдан, Кремл бу вақт ичида нотўғри нуқтайи назарлар ва ҳисоб-китобларга кўра иш кўрган, дейишмоқда «Вёрстка» нашри суҳбатлашган манбалар.
Онлайн нашр журналисти Иля Жегулёв РФ президенти Владимир Путин Украинани қачон ва нима учун ёмон кўриб қолгани, урушни бошлаш режасига нималар асос бўлгани ва қачон қарорга келингани ҳақида Кремлга ва Путинга яқин турли аноним манбалар билан гаплашиб хронология тузиб чиққан.
* * *
Россия президенти администрациясига яқин сиёсий технологлардан бири эслашича, Москва областида 2013 йилги губернаторлик сайловларидан сўнг сиёсий технологларнинг улкан жамоаси кураторларидан бири қўлларини бир-бирига ишқаганча шундай деганди: «Хўш, йигитлар, баракалла. Энди Ғарбий Украинага машқ қилиш учун йўл оласизлар».
Унинг айтишича, 10 йил аввал «ёмон хохоллар» деган тушунчанинг ўзи бўлмаган: россиялик технологлар Виктор Януковичнинг жамоаси билан ҳам, унинг европапараст рақиблари жамоаси билан ҳам ишлайверишган, ҳеч кимда ҳеч қандай савол туғилмаган. Сиёсий технологлар барча томонлардан буюртма олиб, пул ишлайверган: «Рус ва украин футбол мухлислари ўртасида қанчалик мустаҳкам алоқалар бор эди. Ҳаттоки миллатчилар ҳам ўзаро дўстлашишганди».
Кремлнинг Украинага муносабати 2014 йил февралидаги саноқли кунлар ичида ўзгариб кетгандек туюлади. Ўшанда Путин Қримни аннексия қилиш бўйича якка ўзи қарор қабул қилгандек кўринади. Лекин аслида бундай эмас: гувоҳларнинг сўзлашича, Россия президенти миясида қўшни давлат ҳақидаги фикрлар анча аввал ривожлана бошлаган.
«Бизнинг қанжиқваччамиз»
2004 йилги «зарғалдоқ инқилоб»гача Москва ва Киев ўртасида фақат бир марта жиддий келишмовчилик рўй берган: 2003 йили Азов денгизидаги Тузла ороли баҳс мавзусига айланади. Оролда балиқчиларнинг 30 та оиласи яшарди. Қандайдир онда Россия балиқчилар оролининг қирғоғини кенгайтира бошлаган, бу қаттиқ норозилик келтириб чиқариб, Украина мунтазам қўшинлари оролни ҳимоя қилишга ҳам ўтган. Алалоқибатда икки давлат Азов денгизи ва Керч бўғозида ҳамкорлик қилиш бўйича шартнома имзолаб, зиддиятни унутиб юборишади.
Икки муддатдан сўнг президентлик лавозимини тарк этаркан, Леонид Кучма Москвадан ўз вориси Виктор Януковични қўллаб-қувватлашни сўрайди, Кремл жон-жон дея бу иш билан шуғуллана бошлайди.
Киевда эмас, гўёки Москвада ўтиргандек Владимир Путин Украинанинг учта миллий телеканали камералари қаршисида бир соат давомида қўшни давлат фуқаролари саволларига жавоб беради. Бу 2004 йилнинг октябр ойи охирларида содир бўлаётган воқеа, Виктор Януковичнинг президентлик кампанияси финал босқичи эди.
Номзодни қўллаб-қувватлаш учун Путин Киевга келиб ўзи Москвада ўтказадиган «тўғридан тўғри линия»га ўхшаш кўрсатув ташкил қилади. Фақат саволларни россияликлар эмас, украиналиклар беришади (80 мингта савол йўлланган эди). Путин ўшанда ҳатто Россия Украинадан ўрганиши керак, бош вазир Янукович даврида Украинанинг иқтисодий ўсиши Россияни ҳам ортда қолдирди, деган эди.
Сайловни Москва томондан ўша пайтда президент администрацияси бошлиғи бўлган Дмитрий Медведев, Киев томондан Украина президенти администрацияси раҳбари Виктор Медведчук бошқарарди. Айнан ўша йили Путин унинг қизи Дарянинг чўқинтирган отаси бўлади. Ўшанда Украина президенти администрацияси вакиллари россиялик ҳамкасблари билан жуда жипс ишлар, ўзининг тан олишича, икки администрация ўртасидаги муносабатлар бўйича махсус ёрдамчи россиялик сиёсий технолог Глеб Павловский эди. Москванинг сайловолди юришларидан бири — гўёки Виктор Юшченко томонидан яратилган ва мамлакатни учга бўлган «Украинанинг уч навли» харитаси эди. Харитага кўра, Украина шарқи ва жанубидагилар учинчи навли одамлар ҳисобланишарди.
Лекин булар ёрдам бермади. Оммавий намойишларга дўнган «зарғалдоқ инқилоб» ва қайта овоз бериш натижаларига кўра Виктор Юшченко Украина президенти этиб сайланди.
Москва эса ҳудудларни қарама-қарши қўйиш, ҳаттоки ажратиб олишга дов тика бошлади. «Зарғалдоқ инқилоб» авжига чиққан пайтда Жануб ва Шарқни ажратиб олишга биринчи уриниш содир бўлади — Северодонецкда барча даражадаги россияпараст депутатларнинг қурултойи ўтказилди, унда Россиядан Москванинг ўша пайтдаги мэри, таъсир кучи катта бўлган сиёсатчи Юрий Лужков иштирок этади. Ўз навбатида, Донецк областининг ўша пайтдаги кенгаши раиси Борис Колесников тўғридан тўғри Украинадан ажралишга чақиради.
«Биз қуйидагиларни таклиф қиламиз: қонунни бузган олий ҳукумат органларига ишончсизлик билдиришни. Федератив республика шаклидаги янги жанубий-шарқий Украина давлати тузишни. Янги давлатнинг пойтахти Харкив шаҳри бўлади, шундай қилиб мустақил Украина республикасининг илк пойтахти қайта тикланади», — деган эди Колесников.
Лекин бу иш амалга ошмади. Россия ўшанда суверен давлатнинг ишига қурол билан аралашишни истамади, қўлловсиз ажралиб чиқишга ҳеч ким уриниб ўтирмади (Айни пайтда Колесников ўша гапларни эслашни истамайди. Унинг жамоат фонди Украина ҚКни фаол қўллаб-қувватламоқда, унинг Facebookʼдаги саҳифаси юқорисини Украинанинг улкан байроғи безаб турибди).
2010 йилгача ғарбпараст президент Виктор Юшченко ўз рейтингининг катта қисмини йўқотади, 2010 йил бошида ўтган президентлик сайловида Янукович ғалаба қозонди — бу сафар сайловчиларда овозлар саноқдан ўтказилишига эътирозлар бўлмайди.
Президент бўлиб олгач, Янукович Москва мўътадил сиёсатчи Кучма даврида орзу ҳам қилмаган қарорларни қабул қила бошлади — у Украина НАТОга аъзо бўлмаслигини таъкидлади, рус тилини ҳудудий давлат тили қилиш тўғрисидаги қонунни илгари сурди, «Голодомор» («Очарчилик») советлар томонидан украин халқини геноцид қилиш эмас, совет тарихидаги умумий муаммо бўлганини айтди.
«Бизнинг махсус хизматимиз вакиллари Украина раҳбариятида ўтирган эди, уни ва айрим бизнес бирликларни бошқарарди. Ҳаммаси ўзимизники бўлгач, яна нима ҳам қилардик?» — деган РФ президенти администрациясига яқин манба. Унинг сўзларига кўра, режа жуда оддий бўлган — Украинани худди Беларус билан яқинлашилгандек Россияга яқинлаштириш. «Мамлакат тепасида бизнинг боқувимиздаги идеал президент ўтирганди, — дейди манба. — Худди бир пайтлар АҚШнинг одами Фулхенсио Батиста Куба тепасида ўтиргандек, Украинани бизнинг Янукович бошқараётганди. Унга муносабат ҳам шунга яраша эди. Албатта, унинг сўраганлари муҳайё қилинар, унга ёрдам бериларди. Лекин у бизнинг содиқ қанжиқвачча эди».
Буларга параллел равишда Россия дипломатик линия бўйича ишлаб, Европани Украина билан ўйин қилмасликка кўндира бошлаган эди. «Рус дипломатлари Парижга келиб, Ғарбга қарата биз Европа билан ассоциация қилишга қаршимиз, бу нарса амалга ошмайди, бу йўлда ишлашни бас қилинглар, дерди, — деб ҳикоя қилади 2013 йилдан 2019 йилгача Кремлда Украина билан боғлиқ масалалар учун масъул бўлган Владислав Сурковга яқин манба. — Бу нарса Украина ва Россия ўртасида мавжуд муносабатларга зарба беради, дейишган. Ҳаммаси мана шундан бошланган, «рус дунёси» ҳақидаги гап-сўзлар ўша пайтларда умуман мавжуд эмас эди».
Янукович Европа Иттифоқи билан ассоциацияга киришиш битимидан воз кечди, Кремлнинг Божхона иттифоқига аъзо бўлиш ҳақидаги таклифига рози бўлди ва бу унинг ҳаётидаги иккинчи «майдан» билан якун топди.
«Ўшанда у бироз қўполлашди»
Путиннинг Украинага нисбатан муносабати Ғарбга бўлган муносабати билан тенг бузила бошлади. Тез орада постсовет минтақаси, биринчи навбатда Украина ва Гуржистон Кремл етакчиси учун қарама-қаршилик ҳудудига айланди.
Путин учун биринчи зарба Гуржистондаги «Атиргуллар инқилоби» бўлди ва мамлакат раҳбари Путин учун тушунарсиз Михайло Саакашвилига алмашди, иккинчиси — жиддийроғи — Украинадаги «зарғалдоқ инқилоб» бўлди.
«Гап Украинага нисбатан муносабатда ҳам эмас. У ерда шунчаки «майдан» юз бергани йўқ, Киевда барча ўйин қоидалари барбод бўлди», — дея Путиннинг хафа бўлиши мантиғини тушунтиради унга яқин кишилардан бири. Фуқароларнинг ўз мамлакатида намойишлар ва сайловлар воситасида ҳокимиятни алмаштириш ҳуқуқи Кремлда жиддий қабул қилинмади, бундай чиқишлар фақатгина Ғарбнинг ташқи таъсири туфайли юзага келади, дея ҳисоблана бошлади.
Буларнинг бари Ғарб томонидан қаттиқ танқид остига олинган Путиннинг 2007 йилги Мюнхен нутқига сабаб бўлди. «Ўшанда у бироз қўполлашди, сиёсий жиҳатдан нотўғри чиқиш қилди, — дея баҳолайди Кремлга яқин манба. — Ғарб бунга жавобан тахминан шунақа жавоб берди: “яхши одам эмас экан-ку бу, сўкинаркан, тур-е, қўпол, рандаланмаган тўнка”. Мана, унинг нутқи натижаси нимага олиб келди».
Постсовет ҳудудидаги инқилоблар ва НАТОнинг шарқ томон кенгайишидан ташқари, Вашингтон ва Москва ўртасидаги муносабатларда бошқа жаҳллантирадиган нарсалар пайдо бўлаверди. РФ президенти администрацияси мулозими мисол тариқасида Жаҳон савдо ташкилотига аъзоликни келтиради – ЖСТга Россия Украинага нисбатан тайёрроқ бўлса ҳам, Украина биринчи бўлиб қабул қилинганди.
2011 йилда эса Москвада халқаро молия марказини ривожлантириш билан шуғулланаётган Александр Волошинга РФнинг Украинадаги элчиси Михаил Зурабов қўнғироқ қилган. Элчи Киевда Марказий депозитарий яратилаётгани, лойиҳа кураторлари Москва билан ҳамкорлик тўғрисида битим имзолашни таклиф қилишганини айтган. Волошин бунга қарши бўлмаган, лекин битим имзоланмай қолган. Кремлдагилар буни яна АҚШнинг аралашуви ўлароқ баҳолашган.
Янги фалсафа
Ғарбга нисбатан муносабати ўзгариши билан Путинга ички воқеалар ҳам ўз таъсирини кўрсатган. 2012 йилги норозилик акцияларигача ва ундан кейин Путин кўпроқ вақтини маълум бир мазмундаги китоблар билан ўтказа бошлаган. Кремлга яқин кишилар орасида Путин кўпроқ архивлар билан ишлаётгани ҳақида гап-сўзлар тарқала бошлаган. Тахминан шу пайтларда Путин учун президент администрациясида махсус ишчи гуруҳ йиғилган, улар керакли китобларни танлаб, уларнинг мавзу бўйича керакли саҳифаларини белгилаб бериш билан шуғулланган, дея ҳикоя қилади собиқ сиёсий технолог.
Москвадаги Болотная майдонида рўй берган воқеаларгача Путин оқ гвардиячи файласуф Иван Ильин билан қизиқиб қолган, норозиликлар муваффақиятсизликка учрагач, Ильинникига ўхшаш қарашларга эга муаллифларнинг китобларига шўнғиб кетган. Унга XX аср бошларидаги диний файласуф Василий Розанов ҳам маъқул тушган. Розанов либераллар ва зиёлиларга қарши кайфиятда бўлган: «Мен “зиёлилар дастурхони” атрофида ўтириб, “бизда ҳаммаси дабдала”, “биз ҳаммадан яхшимиз” деганча ўзларини тақводор, ҳалол, “ҳақиқат учун жон беришга тайёр” кўрсатгандан кўра, полициячи сифатида икки кўча чорраҳасида туришни —“фуқаропарвар”, фойдали, инсон қадр-қиймати учун мос келувчи виждонан хизмат деб биламан».
Ильин эса, ўз навбатида Украинага мустақил давлат сифатида асло илтифот кўрсатмаган. «Украина ажралиш ва эгалланиш нуқтайи назаридан Россиянинг энг таҳдидли ҳудуди ҳисобланади, — деб ёзганди файласуф 1938 йилги оқ эмигрантлар съездида. — Украина айирмачилиги реал асослардан холи сунъий ҳодиса. У етакчиларнинг шуҳратпарастлиги ва халқаро истилочилик интригасидан пайдо бўлган».
Ильин, Розанов ва бошқа империячилик кайфиятидаги, жумладан, замонавий муаллифларнинг ёзганларидан иқтибослар Путиннинг нутқларида тез-тез кўриниш бера бошлайди. Рус миллатчиларининг ижоди билан таниш, аввал Кремлга ишлаган технолог Россия президентининг нутқида мўътадил рус миллатчиси, «Нега ҳамма русларни хафа қилади?» мақоласи муаллифи Константин Криловнинг, шунингдек, барча рус инқилобларида чет эл таъсирини кўрадиган Дмитрий Галковскийнинг таъсирини пайқайди. «Путин уларнинг асарларидан бутун бир иқтибослар олиб гапирадиган бўлди», — дея ажабланади мўътадил миллатчилар доирасида юрган Кремлнинг собиқ сиёсий технологи.
«Бу маъбудлар дахмасида ҳаммаси киройи тахланган, — дея услублардан ҳикоя қилади Кремлолди собиқ технологларидан бири. —Украиналиклардан ғарбликлар айёрлик, алдов, манипуляция ва технологиялар ёрдамида антироссиячилар етиштиришмоқда. Бу ишни эски динчилар эплашолмади, украиналиклар билан ўхшаб қолди. Улар Россия душманлари учун идеал руслардир. Украина эса давлат сифатида қўлдан ясалган, айнан СССР таркибида кўп ҳолатда рус аҳолисининг зарарига яратилган».
Оқибатларга тупуриш
2014 йил январида Путин Қримни эгаллаш ниятида бўлмаган. Бу ҳақда РФ президенти администрацияси вакили, технологлардан бири ва Путинга яқин инсонлардан иборат уч манба ҳикоя қилиб берган. Кремл февралга келиб Киев марказидаги намойишчилар Янукович устидан ғалаба қозонаётганини англаб етгач, қарор кутилмаганда ўз-ўзидан пайдо бўлган. Аввал Москва депутатлар қурултойига тикиб, Украинанинг бир қисмини эҳтимолли ажратиб олишни ўйлаб кўрган. Россия технологлари қурултой ташкиллаштиришда иштирок этишган, дея ҳикоя қилади «Вёрстка»га Владислав Сурковга яқин манбалардан бири. Украинанинг жануби-шарқий қисми депутатлари қурултойини Киевдан қочиб Харкивга келган Виктор Януковичнинг ўзи бошқариши керак бўлган.
Бироқ сўнгги лаҳзада Харкив шаҳри мэри Геннадий Кернес ва област раҳбари Михайло Добкин бу ўйинда иштирок этишдан бош тортишган. «Улар Россия мамлакатни қулатишни истаётганини англаб, кутилмаганда украинапарастга айланишган ва Януковичга уни қўлламасликларини билдиришган», — дея гувоҳлик беради қурултойга тайёргарлик кўриш жараёнига алоқадор бўлган манба. 22 феврал куни Янукович Харкивга келади, бироқ ғоя барбод бўлганини тушуниб, тўпланганлар олдига чиқиб ўтирмайди. Қурултойда ажралиб чиқишга чақириқлар ўрнига Кернес ва Добкин чиқиш қилиб, тинчликка чорлашган ва Украинани ягона ҳолда сақлашни ваъда қилишган. Шу тариқа, Россиянинг операцияси барбод бўлади. Шу куни Олий Рада Януковични ҳокимиятдан четлаштиради.
Айнан 22 февралдан 23 февралга ўтар кечаси, Янукович Харкивдан қочганидан сўнг Путин Қримни аннексия қилишга қарор қилади. Бу ҳақда унинг ўзи сўзлаб берган, бироқ унга яқин бўлган манбалар ҳам буни тасдиқлашган. Сочидаги қишки олимпиада ёпилаётган чоғда ўтказилган, Путинга энг яқин тўрт кучишлатар тизими ходимлари иштирокидаги йиғилиш тонгги соат 7 гача чўзилиб кетади. Путиннинг яқин танишларидан бири гувоҳлик беришича, кучишлатар тизимлар бошлиқлари уни ниятидан қайтармоқчи бўлишган: Путин эса “бу бизнинг сўнгги имкониятимиз, бизда бошқа бундай имконият бўлмайди, бор масъулиятни ўз зиммамга оламан”, деган.
Кейинроқ Путин Қрим аннексияси — фалокат экани, унинг оқибатлари даҳшатли бўлишини айтган яқинларидан бирига қарата “оқибатларига тупуриши”ни айтган: «Россияга улкан тарихий ерининг бўлаги қон тўкмасдан, қурбонлар бермасдан қайтарилди, бунақаси сўнгги 1000 йилда ҳам бўлмаган. Кейин нима бўлишидан қатъи назар, Қрим барибир Россияники бўлиб қолади».
Аввалига ҳаттоки Путин ҳам Қрим аннексия қилиниши мамлакат ичида бунчалик қўллаб-қувватловга эга бўлишини кутмаганди.
Март ойи бошида Қрим ва Донбасснинг Россия билан чегарадош ҳудудларига россиялик амалдорлар билдирмасдан келиб кета бошлашган. «Қарийб ҳар бир вазирликдан ўринбосар у ерга бориб, “заминни пайпаслаб” кела бошлади», — дея эслайди ҳукумат аппарати собиқ ходими. Бу амалдорлар «Украина ҳудудларини Россияга интеграция қилиш» бўйича Путиннинг махфий топшириғини бажаришаётганди. Собиқ амалдорнинг сўзларига кўра, ҳукумат ҳужжатларида Қримдан ташқари «Россия таркибига Донецк, Луҳанск ва Харкив областларининг қўшилиши» баҳоси таҳлил қилина бошлади. Ўшанда бу ғоялар амалга ошмай қолган.
Украина ҳудудларини эгаллаш бўйича ҳеч қандай аниқ режа йўқ эди. Қўзғолончи гуруҳларни тўплашга уринишлар, жумладан, Одесса ва Днипропетровск областларида ҳам бўлган. Фақат ярим куч билан Донецк ва Луҳанскда бунинг уддасидан чиқишган. «Донбасс — Донецкда ҳам аҳоли Қримдагидек кўтарилиб кетади, деб ўйланган хато эди, — дейди жараён иштирокчилари билан таниш манба. — Бироқ халқни кўтаришга уриниш кўп ҳам муваффақиятли якунлангани йўқ».
Донбассни ажратиб олиш энди шахсан Путиннинг ташаббуси эмасди. «У вазиятдан фойдаланиб қолишга қарор қилиб, ушбу машмашаларни бошлаган ФХХ ташаббуси эди», — дея ҳикоя қилади ўша пайтда Путинга яқин бўлган манба. Буни РФ президенти администрациясига яқин бўлган бошқа манба ҳам тасдиқлайди: «Қрим билан махсус операцияга қўл урилган эди, Донбассда махсус операция ўтказилмади, бир неча ўйинчилар бор эди, улар Путинга “келинг, кириб кўрайлик, Украинада россияпараст кучлар бор, қарши кампания ўтказамиз, биз уларни ташлаб қўймаслигимиз керак”, деган».
Бу воқеага ФХХга яқин православ тадбиркор Константин Константин Малофеев, бир йилдан буён Россияни қўлловчи украинлар тармоғини тузиш билан банд Сергей Глазьев, Янукович оиласидан бизнесмен Сергей Курченко бош-қош бўлишган.
«Ҳамма ўзи билган ўйинни ўйнар, ҳеч ким уларнинг фаолиятини мувофиқлаштирмаётган эди», — дейди Кремлга яқин манба.
Донецк ва Луҳанскда айирмачи кучлар пайдо бўлгач, Путин жараёнга бошқаларни, масалан, исёнкор ҳудудларнинг бошқарув тизими устида ишлаб, сиёсий қисми билан шуғулланиш учун Владислав Сурковни аралаштиришга буйруқ беради.
Гарчи 2014 йил августида Россия қўшинларининг норасмий иштирокига қарамасдан, ҳали кенг қамровли урушга тайёргарлик кўриш ва режалар йўқ эди. Кремл Украина ҳукуматини ҳийла билан енгишни ўйлаётган эди: “Минск битимлари Путин учун нафас ростлашга фурсат бўлди”, дея ҳикоя қилади музокара гуруҳининг собиқ иштирокчиси: «Путин шахсан ўзи Минск битимларини ёзишда тепасида турган. Унинг шахсан ўзи статус ва сиёсий тартибга солиш билан боғлиқ пунктларни тузиб берган».
Шундан сўнг Путин фақат Минск битимларига риоя этишни талаб қила бошлади.
«Минск битимларини бажариш нима дегани эди? Украина «ДХР» ва «ЛХР»нинг алоҳида статусга эга экани ҳақида қонун қабул қилади, конституциясини шунга мослаб ўзгартиради, «республикалар» формал равишда Украина назоратига қайтади, бироқ ўз армия корпуслари ва Россия назорати остида танланган ўз сиёсий тузилмалари билан, — дея ҳикоя қилади Россия томонидан бевосита бу пунктларни ишлаб чиқишда қатнашган манба. — Буларнинг барчаси легаллаштирилади. Яъни Украинада Киевга бўйсунмайдиган иккита бегона ҳудуд пайдо бўлади. Мана, «Минск»ка риоя қилиш нима дегани. Агар «Минск» бажарилганида Донбассдан бутун Украинани Донбасс андозасида қайта қуришда фойдаланиларди. Путиннинг режаси ҳам шу эди».
РФ президентига яқин бошқа бир манба фикрича, Путин ўшанда Украина президенти Петро Порошенкони шунчаки аҳмоқ қилган: «Аввал сайловлар, сўнгра чегараларни қайтариш, аксинча эмас — бундай сайловларда ким ғалаба қилиши ўз-ўзидан тушунарли. Бу беҳаловатлик ичида Порошенко учун урушни тўхтатиш муҳимроқ эди, у деталларга эътибор қаратмаган». Кремл тўқнашувларни музлатиб қўйди. 2014 йил охирларига келиб айирмачи «ДХР» ва «ЛХР»да энг агрессив ва энг урушқоқлар ё нейтраллаштирилди ёки истеъфога чиқарилди, президент администрацияси ҳарбий риторикадан узоқ вақтга чекинди.
«Кремл билан ишлаётган инсонлар «уруш» сўзини ҳеч қачон ишлатишмасди. Худди уруш тугагандек таассурот уйғонган эди, улар барча россияликларга Россия урушни истамаслигини тушунтиришарди», — дейди ўша пайтлар Кремл билан ишлаган сиёсатчи. Лекин у мажлисларда тез-тез мана бу иборани эшитган: «Путин бутун Украинани хоҳлаяпти». «Ўша пайларда бу бир девоналикдек туюларди. Кўнгил нималарни истамайди, дегандек», — дейди у.
Бошқа бир манбанинг сўзларига кўра, «ДХР» ва «ЛХР» деб аталувчи ҳудудлар атрофидаги тўқнашувлар Россия учун айнан тутаб ётган ҳолатида фойдали эди: «Тўқнашув туташда давом этар, ҳеч ўчай демасди, унинг ўчишидан ҳеч ким манфаатдор эмасди. У ҳаммани боқаётган, барчага сиёсий истиқбол тақдим этаётган эди».
Украина мавзусини шахсан Путин қўйиб юборишни истамаётганини ўша йиллардан буён Россия давлат телеканалларининг сиёсий дастурлари мазмунига қараб ҳам билса бўлади. «Жаҳонда, Россияда минглаб муаммолар, воқеалар рўй бераётганда, бу идиотлар нуқул Украинани муҳокама қилишарди, — дейди Путин билан дўстлашган манба. — Ҳаттоки Сурия ҳам тилга олинмасди. Биз жуда ёмон кўрадиган Америка ҳақида ҳам гапирилмасди, лекин Украина доимий мавзу эди. Албатта, бу кун тартибидаги янгилик эмасди, шунчаки уни мажбурлаб тиқиштиришарди». Манбанинг сўзларига кўра, бу РФ президенти администрациясидан телевидение кураторининг шахсий ғояси бўлмаган. Бу айнан энг юқоридан белгилаб берилган вазифа бўлган.
Путин қатъият билан Украина ва АҚШ ўртасидаги алоқаларни топишда давом этарди. «Украинани моҳиятан НАТО ва АҚШ бошқараётганига унинг ишончи комил эди. Бу борада унда асло иккиланиш йўқ эди», — дейди ўша пайтлар Путинга яқин бўлган одамлардан бири. «АҚШнинг Украинадаги элчихонасида 1000 киши ишлайди, бизда эса атиги 100 киши, — дея Путин билан суҳбатидан иқтибос келтиради унинг яқин ошнаси. — АҚШнинг Украинадаги элчихонаси бюджети ўн баробар кўпроқ. Путин, албатта, АҚШ Украина билан боғлиқ қарорларни якка ўзи қабул қилади, деб ҳисобларди, уни бу фикрдан қайтариб бўлмасди».
Аслида, Bloomberg нашрининг маълум қилишича, 2022 йил январида АҚШнинг Киевдаги элчихонасида 180 нафар америкалик ишлаган, яна 560 украиналик ёрдамчи лавозимларда фаолият кўрсатган.
«Уруш тинчликпарвари»
2019 йилда Украинада президентлик сайловларида кутилмаганда Володимир Зеленский ғалаба қозонади. Украина тарихидаги президентлар ичида Зеленский Москва билан турли-туман алоқалари энг мустаҳкам бўлган инсон бўлса ажабмас. Президентлар ичида бироз вақт Москвада яшагани ҳам шу (КВНда ишлаган чоғлари). 2014 йил кириб келган янги йил кечасида у «Россия-1» телеканалида Максим Галкин билан янги йил шоусини олиб борган.
«Сайловолди кампаниясида Украинада тинчлик ваъда қилар экан, у Путин билан шунчаки келишиш керак, деган ғояни илгари сурди, бу билан у Россия билан дўстликни истамайдиган украиналикларда жиддий шубҳа-гумонлар, Москвада эса эҳтиёткорона оптимизм уйғота бошлади. Зеленский билан илк телефон сўзлашуви чоғида Путин ўзини эҳтиром кўрсатиб тутди, у яқинлашиш нуқталарини топишга ҳаракат қилаётгани билиниб турарди», — дея ҳикоя қилади Украина президенти офисининг собиқ раҳбари Андрий Богдан.
Ана шу илк суҳбат чоғида Зеленский Донбасс бўйича музокара жараёнида Украина тарафидан Путиннинг оғайниси Виктор Медведчукни ўз ёрдамчиси Андрий Ермакка алмаштиришни таклиф қилади. РФ президенти администрациясига яқин манбанинг ҳикоя қилишича, Зеленский Медведчукни «пул ишлаш учун ўз алоқаларидан фойдаланиб, соққани босаётган одам», деб ҳисоблаган.
Кремл қаттиқ туриб олмасдан, ўшанда Медведчукнинг алмаштирилишига рози бўлади. «Шубҳасиз, у [Зеленский] ўша пайтларда ҳали кўп нарсани ўрганиши керак бўлган, бир иқтидорли инсон эди. Ҳозир ҳамма нарсани оддий инсонлардек келишиб оламиз, деган соддагина таассуротлар билан келган, — дейди Россия ҳукуматига яқин манба. — Албатта, ҳеч қанақа америкапараст эмасди, у украинапарвар эди ва чин кўнгилдан қандайдир яхши ишларни амалга оширмоқчи бўлган».
Учта манбанинг сўзларига кўра, Зеленский чиндан ҳам Москва билан муносабатларни қайта ишга туширишни истаган, унинг жамоаси турли инсонларга маслаҳат сўраб чиқишган, жумладан Ермак Зеленский билан бирга РФ президенти администрациясининг собиқ раҳбари Александр Волошинга ҳам қўнғироқ қилишган. Путин ҳам Зеленский билан келишса бўлади, деб ҳисоблаган, тўғри у фақат тажрибасиз сиёсатчини доғда қолдириб, Минск келишувларини ишга туширишдан умидвор эди, бу эса Россия учун жуда улкан ғалабага тенг бўларди.
2019 йил декабрида Путин кўп йиллик масала ниҳоят жойидан қўзғалади, деган ишонч билан Парижга йўл олади. Лекин Зеленский аввалги президентдан ҳам ўтадиган музокарачи экани ойдинлашди, у чегаралар топширилгунига қадар Донбассда сайлов ўтказишни рад этди, унинг жамоаси аъзолари эса келишувлардаги асосий абзацни қайтадан ёзиш, Донбасснинг алоҳида мақомини доимий эмас, вақтинчалик қилишга уриниб кўришди. Музокараларда қатнашган Сурков тинчлик музокараларини бутунлай тўхтатиш билан таҳдид қилди, Украина вазирларидан бирининг сўзларига кўра, у ўз ҳамкасби Андрий Ермакка мушт ўқталиб ҳужум қилмоқчи ҳам бўлган, бақирган, оёқлари билан тепмоқчи бўлган.
Нима бўлганда ҳам, Путин умид қилган илиққина ванна совуқ душ бўлиб чиққан. «Украинанинг капитуляциясини қабул қилиш учун тоғдан тушиб келган Путин ўзини тўйда куёви ташлаб кетган келинчакдек ҳис қилган, — дея баҳолайди бу ташрифни Зеленскийнинг сайловолди штабида унинг ташқи сиёсий стратегиясини ишлаб чиққан инсонлардан бири Олександр Харебин. — Путиннинг Парижга келиши Зеленский ва унинг командасининг тайёргарлигига етарлича баҳо бера олмаган Россия президентининг улкан хатоси эди. Бутун Руснинг буюк пошшосидан у масхарабозга айланиб қолгандек бўлди».
Зеленский ҳам бу борада унга ёрдам бериб юборади: Путин матбуот анжуманида чиқиш қилиб, Минск келишувларини оғишмай бажариш ҳақида ҳужжат қабул қилинганини гапираётган чоғда Зеленский кулимсираб, бошини сарак-сарак қилиб ўтиради, Путин алоҳида статус ҳақида гап очганда Зеленский бутунлай хушчақчақ бўлиб, кулиб юбормаслик учун оғзини кафти билан ёпади.
«Бу ҳамма учун кутилмаган, илк марта шунчалик яққол бўлдики, Путин омма олдида тарсаки егандек бўлди. Айнан шу ҳолат оғриқли чандиқ қолдирган тажриба бўлган бўлиши мумкин», — дейди украиналик маслаҳатчи Харебин. Россия президентининг юз ифодасидан у биргаликдаги матбуот анжуманида зўрға чидаб ўтирганини сезиш қийин эмасди, у Зеленский томонга ҳатто қараб ҳам қўйгани йўқ, қоғозларини титкилаб ўтирди. Шундан сўнг Зеленский ва Путин ҳеч қачон бошқа учрашишмади, Сурков эса икки ойдан сўнг Украина ва Донбасс куратори вазифасидан бўшатилди. Париждаги муваффақиятсизликдан сўнг Москва қаттиқ кучга таяна бошлади. Кремлнинг ишончли вакили этиб Виктор Медведчук тайинланди.
Сўнгги нуқта
Президент Кучма администрациясининг собиқ раҳбари Медведчукни у ҳаттоки сиёсатдан кетса ҳам Путин унутгани йўқ эди. 2012 йилда Путин президент Виктор Янукович билан учрашувга 4 соатга кеч қолади, шундан сўнг намойишкорона Медведчукнинг уйига бориб, у билан учрашади. Кечки таомланиш асносида Медведчук Путинга аквадискотекаси — мусиқага мос равишда тусини ўзгартирувчи фавворасини кўрсатади. «У ерда профессионал съёмка олиб борилган, папарацци тасвирга олмаган, очиқчасига шахсий оператор ишлаган», — дея эслайди телебошловчи Евгений Киселёв. Путиннинг Медведчук ҳузурига ташрифи кадрлари Украина телевидениесида ҳам намойиш этилади.
2014 йилдан сўнг Медведчук Москва учун энг дўст сиёсатчи сифатида уч томонлама гуруҳ музокараларни ташкиллаштириш, шунингдек, асирларни алмаштириш билан шуғуллана бошлайди. Петро Порошенко бошқаруви охирларида Медведчукнинг маслакдоши Тарас Козак учта янгиликлар телеканалини сотиб олади, бу кейинчалик телеканалларнинг ҳақиқий эгаси деб ҳисобланадиган Медведчук ва Зеленский ўртасида келишмовчиликларга сабаб бўлади.
Каналлар ўз эгаларининг россияпараст нигоҳларини акс эттирарди, медиаэксперт Отар Довженкога кўра, экранларда пропаганда «Украинага ҳеч ким ҳужум қилмагани, бу ерда фуқаролар уруши давом этаётгани, бу уруш учун Украина айбдор экани, шунчаки ҳамма нарсадан кечиб, Россия билан дўстлашиш кераклиги, Қримни Россия аннексия қилмагани, уни севмаганимиз учун ўзи кетиб қолгани, «майдан»да қуролланган давлат тўнтариши юз бергани»дан сўзларди.
Параллел равишда бу телеканалларда уй-жой коммунал хўжалик учун нархлар ошгани, ижтимоий муаммоларга диққат қаратилиб, Зеленскийнинг сиёсати қаттиқ танқид остига олинарди. Зеленскийнинг рейтинги пасая бошлади, Медведчук раҳбарлик қилаётган «Ҳаёт учун» мухолифат платформасиники эса, аксинча, ўса бошлади. 2020 йил октябрида ҳудудий сайловларда ОПЗЖ партияси олтита областда Зеленскийнинг «Халқ хизматкори» партиясидан ўзиб кетиб, биринчи ўринни эгаллайди. Бу воқеани Зеленский уруш бошланганидан кейин ҳам ёдга олди: 2022 йил март ойи охирида Мариупол учун жанглар давом этаётган пайтда россиялик журналистларга биринчи интервьюси давомида у Медведчук қандай қилиб ҳудудларда ғалаба қозонганини узоқ ҳикоя қилиб берди.
2021 йилнинг февралида Медведчукни нейтраллаштириш учун махсус операция ўтказилди. Санкция «112 Украина», NewsOne, ZIK телеканалларига ҳамда уларнинг эгаси — Медведчукнинг оғайниси Козакка нисбатан қўлланди. Зеленскийга кўра, телеканаллар аксилукраина пропаганда билан машғул бўлишган ва мамлакатнинг Европа Иттифоқига интеграция жараёнига халақит берган. Уларни тақиқлаш тўғрисида Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг шошилинч чақирилган йиғилишида қарор қилинади. Президент офиси ўшанда «112 Украина», NewsOne, ZiK каналлари уларнинг фикрича, «Украинада бегона чет эл пропагандаси қуроллари» сифатида фойдаланилаётгани билан тушунтирган. Президент офиси раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк ТВ-каналлар «оккупантлар»га ишлашини айтган. Ўша жойда телеканалларнинг молиялаштирилишига ҳам «саволлар бор»лиги айтилган.
Телеканаллар ёпилишидан ярим йилча аввал Зеленский улар қайси мамлакатдан молиялаштирилаётганини билишини, Украина хавфсизлик хизмати раҳбари Иван Баканов эса каналлар орқали «агрессор-давлат аксилукраина ахборот кампанияси» ўтказаётганини таъкидлаган.
Санкциялар шахсан Медведчукни ҳам қамраб олди, уни рафиқаси билан биргаликда УХХнинг терроризмни молиялаштириш рўйхатига қўшишди. 2021 йилнинг 11 мартида УХХ ва солиқ хизмати Медведчук оиласи билан боғлиқлиги айтиладиган Glusco АЁҚШлар тармоғида ҳам махсус операция ўтказишган.
Россия президенти атрофидаги уч манба айнан Медведчукнинг ахборот ресурси йўқ қилиниши ва уни «сиқа» бошлашгани Путиннинг ҳарбий операцияни бошлаш қарори учун сўнгги томчи бўлганини тасдиқлаган. Кремл ортиқ «юмшоқ куч» воситаларидан фойдаланмасликка қарор қилган.
«Медведчукнинг телевидениеси тортиб олингач, партиясини калтаклай бошлашганидан сўнг Путин ниҳоятда аччиқланган, — дейди РФ президентини узоқ вақтдан буён танийдиган манба. — У буни ўзига нисбатан ҳамла деб қабул қилган. Медведчук ва унинг телеканалларининг мавжуд бўлиб туриши вазиятни қандайдир сиёсий йўл билан ҳал қилиш учун умид ва кўприк эди. Кутилмаганда Украина жанжални кенгайтирди. «Аҳ, сизлар урушни истаяпсизларми? Ким билан тўқнаш келганларингни билмаяпсизлар чоғи? — деган Путин».
Путиннинг қарорига Медведчукнинг ўзи ҳам унга Украинадаги россияпарастлик кайфияти ҳақида, уни кўпчилик қўллаб-қувватлаши ҳақида гапиравериб, катта таъсир ўтказган. «У эртак тўқиб юрган, эвазига сиёсий қарама-қаршилик учун ажратилган пулларни олган, кимдир қачондир текшириб кўришига ишонмаган, — дея эслайди РФ президенти администрациясига яқин манба. — Ҳудудларнинг Россияга мойиллиги ҳақида гапириб, Путинни чалғитган».
Кремлда ҳам Медведчукнинг сўзларини шубҳа остига олишмаган. «Олинган ахборотларнинг адекватлигини текшириб кўриш, таҳлил қилиш ва уларни бу ерда ҳеч ким кутмаётганини аниқлаш ўрнига, ҳужум қилишган. Адоват ва ғазаб уларнинг кўзини кўр қилиб қўйган», — дейди украиналик сиёсий маслаҳатчи Харебин. Бироқ Медведчук ўзи етказган ахборотлар Киевда ҳокимиятни алмаштириш ниятида енгил махсус ҳарбий амалиёт ўтказиш учун қарор қабул қилишда ишлатилади, деб сира ўйламаган, дейди у билан таниш манба. Путин чиндан ҳам оғайниси сўзлаб берганидек, Украинадаги аҳолининг қўллаб-қувватлашидан умид қилган. «Медведчук учун уруш ҳақидаги қарор энг фалокатли сценарий бўлиб чиққан», — дея гувоҳлик беради Путин атрофидаги одам.
Урушни бошлаш ҳақида қарор қабул қилганда Путин Медведчук билан маслаҳатлашмаган. Бошқа бирорта инсон билан ҳам. Путин ҳузурига доимо кириш учун рухсат этилган ягона инсон – унинг дўсти Юрий Ковалчук бўлган. Икки манба Ковалчук президент томонидан «махсус ҳарбий амалиёт»ни бошлаш бўйича қарор қабул қилишда муҳим рол ўйнаганини тасдиқлашган. Пандемия чоғида фақатгина Ковалчук Путиннинг қароргоҳини тарк этмаган — карантинда ўтирмаслик учун. Ковалчук ўшанда ўзининг аксилғарб кайфиятларини яширмаган. 2010-йиллардан бошлаб Путин тинмасдан ўқий бошлаган ёзувчилар ижоди билан танишишни ҳам айнан у уюштирган бўлиши мумкин. 2020 йил мартидан бошлаб улар Ғарб билан зиддиятлар, Россия тарихи ҳақида соатлаб суҳбат қуришган, деб ёзган эди The Wall Street Journal.
Буни «Вёрстка» саволга тутган манбалар ҳам тасдиқлашган: «Путин шу даъвода адекват инсонлар билан мулоқотда чекланган эди. У ҳеч ким билан учрашмасликка ҳаракат қилар, агар учрашадиган бўлса ҳам 14 кунлик карантин ичида инсонлар шу қадар ёввойилашиб кетар эдики, бинойи суҳбат ҳам қуриб бўлмасди. Боз устига, 15 метрлик масофадан туриб учрашиш ишончли мулоқот чиқишига ҳам тўсқинлик қиларди».
Айнан Ковалчук Путинни Европа ҳозир турли зиддиятлар билан бўлиниб ётгани, айни пайт тезкор операциянинг мавриди эканига ишонтирган, дейди Кремлга яқин манба.
Операцияга тайёргарлик кўриш ҳақидаги қарор 2021 йил феврали охири март ойи бошларида — урушдан роппа-роса бир йил аввал қабул қилинган. Апрел ойига келиб Украина чегаралари яқинида дастлабки таҳдидли ҳарбий машқлар ўтказила бошланган.
Тайёргарликнинг ўзи ўта махфийлик шароитида ўтган, бироқ 2021 йил ёзидан бошлаб эҳтимолли уруш Кремлга яқин инсонларнинг умумий суҳбати мавзусига айланди. 2021 йил 12 июлида Кремл расмий сайтида Путиннинг «Руслар ва украинларнинг тарихий бирлиги ҳақида»ги мақоласи эълон қилинди. «Вёрстка» маълумотларига кўра, мақола бир неча бор ўзгартирилган, вариантлардан бирида ҳарбий операция бошлаш борасида тўғридан тўғри таҳдид ҳам бўлган. Бироқ якуний вариантга таҳдид киритилмаган.
Британия хавфсизлик ва мудофаа масалаларини тадқиқ этиш бирлашган қироллик институти (RUSI)нинг 2023 йил 29 мартда эълон қилинган ҳисоботида ёзилишича, ФХХ Украинани оккупация қилишга 2021 йил июлидан бошлаб тайёргарлик кўра бошлаган. Бунинг учун Оператив ахборот департаментининг 9-бошқармаси тўлақонли бўлимга айлантирилган, штати йигирматадан 200 кишигача оширилган. Ходимларни ҳаттоки Украина областларига қараб бўлишган, алоҳида шахслар Украина парламенти билан боғлиқ масалалар билан шуғулланган, яна бошқалари критик инфратузилма билан.
РФ президенти администрациясига яқин манбанинг айтишича, 2021 йил октябрида «Валдай» мулоқот клубида иштирок этган кучишлатарлардан бири ўзаро суҳбатларда Ғарб давлатларининг Россия урушга тайёрланаётгани борасидаги хавотирлари ўринли эканини тасдиқлаган: «Бу ҳақиқат, биз Украинадаги режимни ўзгартирмоқчимиз». Россия бу сиёсий мақсадига айнан куч ишлатиб эришишга тайёр экани ҳақида гап борган. Бошқа манбанинг ҳикоя қилишича, декабр ойида — урушга икки-уч ой қолганда йирик корпорациялар ўртасида Украинани қандай қилиб бўлиб олишни муҳокама қилишган. Ўйлаб қўйилган режага кўра, ҳар бир ҳудудни ривожлантириш учун давлат ёки Кремлга яқин хусусий корпорациялардан бири жавобгар бўлган. Босқиндан бир ҳафта аввал ТИВга яқин ташқи ва мудофаа сиёсати бўйича ёпиқ экспертлик кенгаши йиғилган ва у ерда Кремлга яқин сиёсатчи яқин ҳафталар ичида Киевда режимни алмаштириш бўйича махсус операция бошланиши ва у узоқ давом этмаслиги очиқчасига айтилган.
Путин чиндан ҳам Киевдаги режимни тезгина ва оғриқсиз алмаштириш мумкин, деб ўйлаган. Ғарб давлатлари ожиз эканига уни Ковалчук ишонтирган, Украина заиф ва Россияга содиқ эканига эса — Медведчук.
Оддийгина ҳисоб-китоблар узоқ давом этадиган урушга тайёргарлик кўрилмаганини кўрсатади. «Аҳолиси 44 миллион бўлган давлатни 160 минг кишилик қўшин билан эгаллаб бўлмайди, — дейди РФ президенти администрациясининг сиёсий қанотига яқин манба. — Агар бундай операцияни шундай кучлар билан бошласангиз, сиз Россияга содиқ украиналикларнинг оммавий коллаборациясига таянишингиз керак. Операция ҳам айнан мана шу дастлабки шарт асосида қурилган, ўйланган ва ишлаб чиқилган».
Манбаларнинг сўзларига кўра, Қрим аннексияси билан бўлган ҳолат сингари кўплаб кучишлатарлар вакиллари бу операцияга қарши бўлишган, бу ҳақда «Умумроссия офицерлик йиғини» раиси генерал-полковник Леонид Ивашовнинг хати, РФ Мудофаа вазирлигига яқин экспертларнинг чиқишлари гувоҳлик бермоқда.
РФ мудофаа вазири Сергей Шойгу ҳатто баҳслашиб ҳам ўтирмаган, қайтага Путиннинг қароридан хурсанд ҳам бўлган. «У қўл остидаги армия қандай ҳолатда эканини ҳам тушунмаган, унга уруш шунчаки қизиқ бўлган. Путин у билмайдиган ниманидир билишига ишонган, Қрим аннексиясидан жиддийроқ бўлмаган нарсага дуч келамиз, деб ўйлаган», — дейди Путиннинг эски танишларидан бири. Элитанинг қолган қисми эса босқин бошланган кунда бу факт билан рўбарў бўлишган.
«Бу амалда элитанинг барчаси қарши бўлган ғаройиб уруш. Мен Россиядаги раҳбарлар билан суҳбатлашиб турибман, ҳокимиятнинг олий эшелонида бирор киши бу урушни ёқлаётгани йўқ. Лекин улар тушуниб туришибдики, бир жамоа бўлиб ишлашлари керак», — дейди Кремлнинг собиқ амалдори.
Ким тушунмаса — уларга тушуниш кераклигини кўрсатиб қўйишмоқда. «Вёрстка» манбаси Давлат думасининг «йирик амалдори» 2022 йилнинг баҳорида Кремлнинг ички сиёсат бўйича куратори Сергей Кириенконинг ҳузурига келиб, ортиқ чидай олмаслиги, кетишни истаётганини айтганидан сўнг нималар бўлганини ҳикоя қилиб берган. «Эртаси куни унинг рафиқаси ҳузурига ФХХ ходимлари, бизнесмен ўғлининг олдига полиция келган. Бир ҳафтада бояги амалдор Кириенконинг ҳузурига келиб, фикридан қайтганини айтган. «Мана бу бошқа гап», — дея жилмайган Кириенко ва одатий тарзда келгусидаги режалардан гап очган...
Муаллиф ҳақида: Иля Жегулёв — SmartMoney, Forbes, Meduza, Reuters нашрларининг собиқ махсус мухбири. «Шоҳ билан юриш: Замонавий Россияда ҳокимият ва таъсир учун яширин кураш. Елциндан Путингача» китобини ёзган ва унда Борис Елцин ҳукмронлигининг сўнгги йилларида асосий қарорларни қабул қилган Кремл амалдорлари, ворис сифатида Владимир Путиннинг танланиши ҳақида ҳикоя қилган.
Мавзуга оид
07:54
Украина Жаҳон банкидан деярли 5 млрд доллар олади
23:44 / 22.11.2024
Путин «Орешник» ракеталари қуролланишга қабул қилиниши ва серияли ишлаб чиқарилишини эълон қилди
21:54 / 22.11.2024
«Крепкий орешник»: Путин тутиб қолиш имконсиз эканини айтган янги ракета ҳақида нималар маълум?
20:12 / 22.11.2024