Референдум якунлари, “суннат қилинган” қонун ва ёмонлашган сўз эркинлиги — ҳафта дайжести
Ўқитувчилар ҳақидаги қонун лойиҳасидан энг муҳим моддалар чиқариб ташланди: заиф ҳужжат қанақасига уларнинг обрўсини оширади? Банк сирларига дахл қилиняпти, матбуот эркинлиги “оғир аҳволда”, қийноқлар ҳақида хабарлар бор: янги конституция амалда ишлайдими? Якунланган ҳафтанинг асосий мавзулари – Kun.uz дайжестида
Коронавирус пандемияси расман тугади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти директори Тедрос Гебрейесус бу ҳақда 5 май куни расман эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, ковид эндиликда дунё аҳолиси саломатлиги учун глобал таҳдид эмас.
Коронавируснинг бутун дунё аҳолиси учун фавқулодда хавф экани 2020 йил 11 март кунида тан олинганди. Шу тариқа, пандемия 3 йил-у 1 ой ва 24 кун давом этди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълум қилишича, дунё бўйлаб бу инфекцияни камида 765 млн киши юқтириб олган. Улардан 7 миллиони ҳалок бўлгани қайд этилган. Лекин ташкилот раҳбарининг сўзларига кўра, қурбонлар сони катта эҳтимол билан кўпроқ ва 20 миллионга яқинни ташкил этади.
Ўзбекистонда 250 мингдан ортиқ касалланиш ҳолати расмий статистикага киритилган. Албатта, бу реалликдан анча йироқ экани аниқ. Чунки 250 минг киши жами аҳолининг 1 фоизига ҳам етмайди. Қолаверса, расмий статистикага ишонилса, Ўзбекистонда коронавирус қурбони бўлганлар сони 1637 нафар. Фикримизча, бу рақамлар аслида қандай бўлгани ҳақидаги тахминий ҳисоб-китобларни чиқариш учун тегишли тадқиқотлар ўтказилиши керак.
Янги конституция кучга кирди
30 апрел кунги референдумда қабул қилинган Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги конституцияси 1 майдан эътиборан кучга кирди. Марказий сайлов комиссияси референдумда 16,7 миллион фуқаро овоз бериб, давомат 85 фоиз бўлди, дея ҳисобот берди. Референдумда қатнашган аҳолининг 90 фоизи конституцияни ўзгартиришга “ҳа” деб, 9 фоизи эса “йўқ” деб овоз бергани маълум қилинди.
Референдум қанчалик адолатли ўтгани бўйича халқаро кузатувчилар турлича хулосалар берди. МДҲ вакиллари жараённи тўлиқ мақтаган бўлса, европалик кузатувчилар жиддий масалалар бўйича очиқ муҳокамалар бўлмагани, плюрализм йўқлигига урғу берди.
Расмийларга кўра, асосий қонун 65 фоизга янгиланган. Ҳужжат анча “тўлишиб”, ундаги нормалар сони 58 фоизга кўпайган. Шу билан бирга, депутатларнинг айтишича, конституция қабул қилинган кун сифатида бундан кейин ҳам 8 декабр эътироф этилади, яъни байрам санаси ўзгармайди.
Янги конституция, эскисидан фарқли равишда, тўғридан тўғри амал қилиши айтиляпти. Яъни энди сизнинг бирор ҳуқуқингиз бузилса, қонунлар ва қонуности ҳужжатларини титиб ўтирмасдан, конституциядаги моддаларни асос қилган ҳолда судга мурожаат қилсангиз бўлади. Бундан ташқари, инсон ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган қонунчиликдаги ҳамма зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади, деб ёзиб қўйилди.
Конституцияга инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳақида кўплаб нормалар қўшилди. Шунингдек, янги киритилган моддаларга асосан, энди давлат ўқитувчиларнинг моддий фаровонлиги ҳақида қайғуришга мажбур. Журналистлар ишига халал берганлар эса бунинг учун жавобгарликка тортилиши керак.
Давлат бошқарувига оид бўлимларга, президент ва парламент ваколатлари бўйича қатор ўзгаришлар киритилди. Президентнинг ваколат муддати 5 йилдан 7 йилга узайтирилиб, давлат раҳбари муддатидан илгари президентлик сайловини тайинлашга ҳақли экани белгиланди. Маълумот учун, президентлик муддати 2003 йилда ҳам 5 йилдан 7 йилга узайтирилган, 2011 йилда эса қайтиб 7 йилда 5 йилга туширилган эди.
Эндиликда бош вазир номзодини энг кўп депутатлик ўрнини олган партия эмас, президент тақдим этади. Қонунчилик палатасига ҳукумат аъзоларини ишдан олиш ҳақида президентга таклиф киритиш ваколати берилди. Сенаторлар сони 100 нафардан 65 нафарга камаяди. Ҳар икки палатага ўзини ўзи тарқатиб юбориш ҳуқуқи берилди.
Референдумда қабул қилинган қонуннинг 7-моддаси билан, барча даражадаги давлат мансабдорларининг лавозим муддатлари ноллаштирилди. Улар мансабини эгаллаб келаётганининг сурункали муддатлари сонидан қатъи назар, бошқа фуқаролар билан тенг равишда худди шу лавозимларга сайланиш ва тайинланишга ҳақли, деб белгиланди.
Марказий банк – P2P ўтказмалар назоратига қарши
Янги конституцияга қанчалик амал қилинишини кўрсатиб берадиган ҳолатлардан биринчиси пул ўтказмалари билан боғлиқ бўлади. Аввалроқ хабар берганимиздек, Иқтисодиёт вазирлиги ҳеч қандай изоҳсиз, барча фуқароларнинг картадан картага пул ўтказмаларидан хабардор бўлиб туришга интиляпти. 1 майдан бошланиши белгиланган амалиёт ҳозирча ишга тушмади. Чунки бу энди конституцияга ҳам зид.
Картадан картага ўтказмалар банк сирлари ҳисобланади. Маълум бўлишича, Марказий банк вазирликнинг бу ноқонуний талабига қарши чиққан. Бу ҳақда Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов асосий ставкани белгилаш бўйича йиғилишдан кейинги анъанавий матбуот анжуманида маълум қилди.
“Бизнинг қарашларимиз ОАВда муҳокама қилинганидан кўра қатъийроқ. Ва биз буни етказганмиз. [...] Банк сири тўғрисидаги нормаларнинг бажарилиши тўлиқ таъминланмагунча, бу нарсага рухсат бермаймиз”, – деди монетар сиёсат органи раҳбари.
Регуляторнинг позициясини “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати қўллаб-қувватлаб чиқди. Ҳаракат ҳукуматни конституцияга зид назорат тартибини ўрнатиш ўрнига, тенг ва адолатли солиқ сиёсатини юритишга, бозор иқтисодиёти тамойилларига амал қилишга чақирди. Фаолларга кўра, агар картадан картага ўтказмалар назоратга олинса, нақд ва нақдсиз тўловлар ўртасидаги фарқ ортиб кетади.
Молиявий дахлсизлик масаласида яхши янгиликлар ҳам бор. Чоршанба куни тадбиркорларнинг банкдаги пулларига ноқонуний дахл қилганлик учун жавобгарлик белгиловчи қонун Сенатда маъқулланди. Қонун билан, тадбиркорларнинг банкдаги ҳисобидан уларнинг розилигисиз, қонунга хилоф равишда пул ечиб олиш, ортиқча ундирилган пулларни вақтида қайтармаслик ҳолатлари учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланяпти.
Бунга қўл урганлар энг камида 6,5 млн сўм маъмурий жаримага тортилади, энг оғир ҳолатларда эса 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Сенат раиси Танзила Норбоева айтганидек, бу қонун биринчи навбатда солиқ ва ҳуқуқ органлари ҳамда банкларга жавобгарлик юклайди.
Ўқитувчилар ҳақида қонун қабул қилиняпти, лекин ундан тайинли наф бўлмаслиги мумкин
Ўқитувчилар ҳақидаги қонун лойиҳаси ниҳоят кун тартибига қайтди. Сешанба куни Қонунчилик палатаси “Педагог ходимнинг мақоми тўғрисида”ги қонунни биринчи ўқишда қабул қилди. Лекин хурсанд бўлишга ҳали эрта: қонун лойиҳасидаги энг муҳим моддалар чиқариб ташланган бўлиши мумкин.
Гап шундаки, бу қонун лойиҳаси 2020 йилдаёқ тайёр бўлганди. Лекин ҳукумат молиявий сабабларга кўра лойиҳани парламентга киритишни кечиктириб келди. Мана энди, охир-оқибат ҳужжатдаги пулга бориб тақаладиган нормалар кесиб ташланганга ўхшаяпти.
Бу қайси нормалар? 3 йил олдинги лойиҳада педагогларга 5 йил эртароқ пенсияга чиқиш ҳуқуқини бериш, уларнинг уй-жой ва автомобил сотиб олишга сарфлаган даромадларини солиқдан озод қилиш, йилда бир марта саломатлигини тиклаши учун базавий маошига тенг миқдорда моддий ёрдам бериш, ўқитувчилар ойлигининг энг кам миқдорини белгилаб қўйиш, кўп йиллик стажи бор ўқитувчиларга устама тўлаш каби таклифлар бор эди. Лекин шу ҳафта Қонунчилик палатаси тарқатган хабарларда буларнинг бирортаси ҳақида оғиз очилмаган. Шунга қарамай, депутатлар бу қонун қабул қилинса, ўқитувчиларнинг обрўси ошади, деб ишонтирмоқчи.
Биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳасига кўра, ўқитувчилар мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракати устидан судга шикоят қилганида, давлат божини тўлашдан озод этилади. Педагоглар юқумли касалликларга қарши бепул эмланади. Педагог сифатидаги фаолиятини энди бошлаган ходимларга бир ўқув йили даврига устоз-педагог бириктирилади.
Қонунга киритилаётган ва ҳозирча очиқланган нормалар ичида санаб ўтганларимиздан бошқалари янгилик эмас. Масалан, ўқитувчиларни вазифасига кирмайдиган ишларга мажбурлаш, давлат ташкилотларида ишлаётган педагоглар мажбурий тиббий кўрикдан бепул ўтиши амалдаги қонунларда ҳам бор.
Касаба уюшмалари куни – ишланмайдиган байрам куни
Қонунчилик палатаси сешанба кунги мажлисида яна бир қонунни қабул қилди. Унга кўра, ишланмайдиган байрам кунлари рўйхатига 11 ноябр – Касаба уюшмалари куни ҳам қўшиляпти. Шу тариқа, Меҳнат кодексида дам олиш куни деб белгиланган байрамлар сони 10 тага етади.
Расмий маълумотларга кўра, ҳозир республика бўйича 34 мингдан ортиқ ташкилотда касаба уюшмалари бор. Бу ташкилотларда 5,5 миллиондан ортиқ ходим ишлайди. Лекин бу 5,5 миллиондан ортиқ ходимнинг меҳнат ҳуқуқларини касаба уюшмалари қанчалик ҳимоя қиляпти – бу жуда катта саволли масала. Ходимларни ярим кечагача ишда олиб ўтириш, уларга ортиқча мажбуриятлар юклаш ва ҳоказо қонунбузарликлар бўйича касаба уюшмаларининг бор-йўқлиги сезилмайди.
Лекин умуман олганда, дам олиш кунлари кўпаяётгани албатта яхши янгилик. Эслатиб ўтамиз, 11 ноябр касаба уюшмалари куни дея 2020 йилда эълон қилинган эди. Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йилдаги байрам табригида 11 ноябрни меҳнаткашлар байрами, умумхалқ байрами сифатида дам олиш куни деб эълон қилишни таклиф этганди.
Чегара билмас мухбирлар: Ўзбекистонда матбуот эркинлиги оғир аҳволда
Ўзбекистонда матбуот эркинлиги бўйича вазият ёмонлашгани халқаро рейтингларда ҳам акс этяпти. “Чегара билмас мухбирлар”нинг Матбуот эркинлиги индексида Ўзбекистон бир йил олдингига қараганда 4 поғонага пастлаб, 137-ўринга тушди. Мамлакатда ахборот тарқатиш эркинлиги билан боғлиқ вазият “оғирлигича қоляпти”.
3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги куни арафасида эълон қилинган глобал индексда, Ўзбекистоннинг ўрни сиёсий индикатор бўйича 3 поғонага, иқтисодий ва ижтимоий индикаторлар бўйича эса 9 поғонага ёмонлашган. Умумий рейтингдаги ўрнимиз 4 поғонадан ҳам кўпроққа пасайиб кетмаслигини ҳуқуқий индикатордаги 16 поғонага ўсиш таъминлаган.
“2016 йилда президент Ислом Каримовнинг ўлимидан кейин оммавий ахборот воситалари учун вазият салгина яхшиланган, давлат ҳокимиятини танқид қилиш ҳали ҳам қийинлигича қолмоқда”, – дейилади ҳисоботда.
Кузатувчилар Ўзбекистонда давлат журналистлар ва блогерларни “сезиларли даражада” назорат қилиши, уларни кузатиши ва цензура қилишини таъкидлаган. Рейтингдаги пасайишга расмийлардан муносабат бўлмади.
Ўсмир боғча болаларига жинсий тегажоғлик қилгани айтиляпти
Ҳафтанинг энг шов-шувли воқеаларидан бири Чилонзордаги 230-сонли боғчада рўй берди. Боғча директорининг ўғли 5-6 ёшлардаги тўрт нафар тарбияланувчи қизалоқни ечинтирган ҳолда, уларга тегажоғлик қилгани айтиляпти.
Ота-оналарнинг сўзларига кўра, мудиранинг 15 ёшли ўғли ҳар куни боғчага келиб юради. Уларнинг даъво қилишича, ўсмир йигит 2 май куни болалар ётган хонага кириб, қизларни қўрқитиб ечинтирган, улар танасининг турли қисмларини қўли билан ушлаб, уятсиз бузуқ ҳаракатлар қилган. Ҳолатни қизалоқларнинг ўзи ҳам тасдиқлаяпти. Психолог билан суҳбатларда тўрт нафар боланинг гапи бир жойдан чиққан. Психолог улар алдамаяпти дея хулоса берган.
Боғча мудираси ва унинг ўғли эса айбловларни рад этди. Шубҳалиси, боғчага кириш қисмига қўйилган камера айнан ўша куни негадир ишламаган. Хоналар ичига эса камера ўрнатилмаган.
Воқеа матбуотда ёритилганидан кейин, боғча директори ишдан олинди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига кўра, у боғча ҳудудига бегона шахснинг киришига йўл қўйиб бериб, тарбияланувчи болаларни хавф остига қўйган.
Ҳолат бўйича жиноят иши ҳам қўзғатилди. Тошкент шаҳар ИИББ баёнотига кўра, жиноят иши “жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб, ғайритабиий усулда қондириш” моддаси билан очилган. Тергов давом этяпти.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
1 майдан эътиборан бюджет ташкилотларида ойликлар 7 фоизга оширилди. Эндиликда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – ойига 980 минг сўм. Базавий ҳисоблаш миқдори ва унга боғланган тўловлар 10 фоизга ошиб, 330 минг сўмга етди. Шунингдек, эндиликда жарималар 15 кун ичида тўланса 50 фоиз, 30 кун ичида тўланса 30 фоизлик чегирма амал қилади
Onix ва Tracker автомобиллари сотуви ҳам вақтинча тўхтатилди. UzAuto Motors бу моделларнинг янги опциялари чиқарилишини маълум қилди. Бу эса нархлар яна ошиши ҳақидаги тахминларга асос бўляпти. Шу тариқа, ҳозир UzAuto дилерларидан сотиб олиш мумкин бўлган энг арзон автомобил – 420 млн сўмлик Malibu. Cobalt ва Gentra кабиларнинг сотуви тўхтаганига роппа-роса 5 ой бўляпти.
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ҳам овозга қўйиладиган бўлди. Бунинг яхши тарафи шундаки, “Ташаббусли бюджет”да маҳаллаларнинг фақат битта муаммоси, масалан, ичимлик суви ҳал этилади, “Менинг йўлим” лойиҳасида эса фақат ички йўллар таъмирланади. Булардан фарқли равишда, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларида ғолиб чиққан ҳудудларнинг муаммолари комплекс равишда ҳал этилади. Биринчи мавсум тез орада бошланиши кутиляпти.
Франция президенти Эммануэл Макрон шу йил Ўзбекистонга келиши кутиляпти. Шавкат Мирзиёев ўтган йили кузда Парижга борганида Макронни Ўзбекистонга таклиф қилганди. Президент, шунингдек, бу ҳафта Берлинга сафар қилиб, Германия канцлери Олаф Шолц билан музокаралар ўтказди ва уни ҳам Ўзбекистонга таклиф қилди. Ташриф доирасида Германия компаниялари билан бир қатор йўналишларда ҳамкорлик келишувлари имзоланган.
Тошкентнинг қоқ марказида рўй берган шубҳали хусусийлаштириш бекор қилиндиган. Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродовнинг маълум қилишича, Рақамлаштириш вазирлиги ва Алоқабанк бинолари Алоқабанкдан имтиёзли шартларда кредит олган тадбиркорга сотилмайдиган бўлди. Давлат банкида рўй берган, миллионлаб доллар ҳақида гап кетаётган шубҳали ҳолатга бир ойдан буён ҳеч қайси ҳуқуқ органи муносабат билдирмай келаётгани ғалати.
Қирғизистон–Ўзбекистон чегарасидан ID-карта орқали ўтишга рухсат бериляпти. Ўтган ҳафта тегишли келишувни Шавкат Мирзиёев тасдиқлаган эди. Бу ҳафта эса Қирғизистон томонидан Жогорку Кенеш бунга розилик берди. Янги тартиб амал қила бошлагач, Ўзбекистон фуқаролари Қирғизистонга, Қирғизистон фуқаролари эса Ўзбекистонга фақат ID-картани кўрсатган ҳолда кириб-чиқишлари мумкин бўлади.
Тошкентда икки эркак тергов пайтида ички ишлар ходимлари томонидан қийноққа солинган бўлиши мумкин. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, улардан бири оғзи ва қўллари скотч билан боғланиб, аёвсиз дўппосланган; иккинчисининг танаси электрошокер билан моматалоқ қилинган. Ички ишлар вазирлиги улардан бири қўлга олинаётганда қаттиқ қаршилик кўрсатгани учун махсус хизматлар унга куч ишлатгани, танасидаги моматалоқ шунинг асорати эканини билдирди. Вазирлик гумондорларни танасидаги эски жароҳатларни кўрсатиб, шов-шув кўтараётганликда ҳам айблади. Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти эса ноинсоний қийноқлар юзасидан жиддий текширув ўтказишга чақиряпти.
Activist лойиҳаси муаллифи Ҳожиакбар Носиров озодликка чиққан. Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, блогер 15 суткалик маъмурий қамоқни ўтагач, 23 апрел куни озод этилган. Лекин Ҳожиакбар оммага кўриниш бермаяпти, Activist лойиҳасининг фаолияти тўхтаб қолган. Бу ҳафта унга нисбатан жиноят иши очилгани ва у вафот этгани ҳақида тарқалган миш-мишларни прокуратура рад этди.
Мавзуга оид
22:05 / 23.11.2024
ДХХ раисининг ишдан олиниши, Андижонда Бобурга “ҳужум” ва тугаган сайлов — ҳафта дайжести
20:00 / 16.11.2024
Пискентдаги кўргилик, панел импортига чеклов ва Европани ёритадиган Ўзбекистон — ҳафта дайжести
20:00 / 09.11.2024
Машина импортига янги тўсиқ, икки карра қимматлаган пропан ва “замҳоким”га 2 млн $ пора — ҳафта дайжести
21:45 / 02.11.2024