Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Энг кўп Қозоғистонда – уруш фахрийлари оладиган маблағлар ҳисоблаб чиқилди
9 май куни муносабати билан МДҲ давлатларида уруш фахрийлари ва фронт ортида меҳнат қилганларга бериладиган моддий рағбатлантириш миқдори таққослаб кўрилди.
Ўзбекистон ва МДҲ давлатларида 9 май куни муносабати билан фахрийларга тўланадиган маблағлар қанчалик фарқ қилиши ҳақида Tengrinews мақола тайёрлади.
Қирғизистон
Қирғизистон президенти Садир Жапаров 2023 йил 9 майга қадар II Жаҳон уруши қатнашчиларига 100 минг қирғиз сўми миқдорида бир марталик нафақа тўлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳозирги курс бўйича 1142 доллар (ёки тахминан 13 млн сўм). 2023 йил 1 апрель ҳолатига кўра Қирғизистонда 68 нафар уруш фахрийси истиқомат қилади.
Қозоғистон
Қозоғистонда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Тамара Дуйсенова сўзларига кўра, бу йил фахрийларга камида 1,5 млн тенге тўланади. Қозоғистон Миллий банкининг 28 апрелдаги курси бўйича бу 3288 долларни (тахминан 37,4 млн сўм) ташкил қилади. 1 май ҳолатига кўра, Қозоғистонда 222 нафар уруш қатнашчиси истиқомат қилади.
Россия
Россияда 2019 йилдан бери ногиронлар ва Улуғ Ватан уруши қатнашчилари 9 майга қадар ҳар йили камида 10 минг рубль (тахминан 1,4 млн сўм) миқдорида тўлов олмоқда. Мамлакатнинг бир қатор ҳудудлари фахрийларга қўшимча бир марталик тўловни белгилайди ёки давлат тўловлари миқдорини оширади. Таъкидлаш жоиз, 2021 йилда II Жаҳон урушидаги ғалабанинг 75 йиллиги шарафига фахрийларга тўланадиган тўловлар беш баравар кўп - 50 минг рублни ташкил этган эди.
Беларус
Беларусда бу йил уруш қатнашчиларига 2 минг Беларус рубли миқдорида тўлов берилади. Бу тахминан 791 доллар (9 млн сўм). 1943-1945 йилларда немис босқинидан озод қилинган ҳудудлар ва объектларни миналардан тозалашда қатнашганлар ҳам худди шундай миқдорда моддий рағбатлантириш олади. БелТА маълумотларига кўра, умумий ҳисобда 10 минг нафарга яқин фахрий моддий ёрдам олади.
Ўзбекистон
Ўзбекистонда бу йил уруш фахрийларига рекорд миқдорда бир марталик тўлов берилади - 18 миллион сўм ёки қарийб 1565 доллар. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 174 нафар уруш қатнашчиси истиқомат қилади.
Озарбойжон
2023 йилда Озарбойжон президенти Илҳом Алиев 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига 1500 манат моддий ёрдам тўлашни буюрди. Бу 882 доллардан (10 млн сўм) сал кўпроқ. Бундан ташқари, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ёки кейинроқ вафот этганларнинг беваларига, шу даврда фронт ортидаги фидокорона меҳнати учун орден ва медаллар билан тақдирланган шахсларга 750 манат миқдорида нафақа тўланади.
Тожикистон
Тожикистонда тўловлар миқдори минтақага боғлиқ. Масалан, Сўғд вилоятида уруш қатнашчилари ва ногиронлари, фронт ортида меҳнат қилган шахслар, шунингдек, васийсиз қолган ҳарбий хизматчиларнинг турмуш ўртоғи 7 минг сомоний, яъни 640 долларга (7,3 млн сўм) яқин пул олади. Урушда қатнашган ва фронт ортида камида 6 ой ишлаган шахсларга 4 минг сомоний ёки 365 доллар (4.1 млн сўм) миқдорида бир марталик пул компенсацияси тўланади. Тожикистонда 37 нафар уруш фахрийси қолган.
Мавзуга оид
17:17 / 07.03.2025
Ўзбекистон ва яна беш давлат нацистларни улуғлашга уринишларни қоралади
18:33 / 05.01.2023
Германия ҳукумати Полшанинг товон тўлаш ҳақидаги талабини рад этди
20:45 / 09.05.2022
Пискентдан Берлингача 4 йил: фашистларни енгиб қайтган Анорқул ота ҳикояси
16:30 / 29.04.2022