Спорт | 15:36 / 08.05.2023
26397
14 дақиқада ўқилади

«МЮ»да қора ҳафта, «Арсенал» ҳамон пойгада. Европада кун ўйинлари

Европа футболида якшанба оқшомида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Англия: «Ливерпул» учун фойдали кун

АПЛ. 35-тур
Ньюкасл – Арсенал 0:2
Голлар:
0:1 – 14 Эдегор, 0:2 – 71, автогол Шер.
Ньюкасл – Поуп, Триппер, Шер, Ботман, Берн (Таргетт, 82), Бруно Гимараэс, Уиллок (Сен-Максимен, 78), Мерфи (Алмирон, 65), Жоэлинтон (Андерсон, 81), Уилсон (Гордон, 78), Исак.
Арсенал – Рэмсдейл, Уайт, Габриэл, Кивер, Зинченко (Тирни, 61), Жака, Жоржиньо, Эдегор (Парти, 80), Сака (Нелсон, 87), Мартинелли (Троссар, 80), Габриэл Жезус (Нкетиа, 87).

Англияда турнир жадвалининг иккинчи ва учинчи поғоналарида жойлашган жамоалар ўртасидаги турнинг марказий ўйини ҳал қилувчи аҳамиятга эга эди. Айниқса «Ньюкасл» учун. «Арсенал» «Манчестер Сити» энди чемпионликни бой беришидан умид қилиши —  фантастика. «Қарғалар» эса қолган ўйинлар натижаларига кўра Чемпионлар лигаси орзулари билан хайрлашишига тўғри келиши ҳам ҳеч гап эмас. Сўнгги вақтларда «Ливерпул» юқори тезлик олган ва ғалабали серия қайд этиб келмоқда.

Ва биринчи бўлим барча кутилмаларни оқлади. Мезбонлар илк дақиқалардан лондонликлар дарвозасини қамал қилишди, Мерфининг зарбаси тўсинга тегди, Рамсдейл қаҳрамонлик кўрсатишига тўғри келди, 10-дақиқада эса бош ҳакам Кивиор тўпни қўли билан ўйнаган деб топиб, меҳмонлар дарвозасига пеналти белгилади. Аммо видеотакрордан кейин тўп аввал ҳимоячининг оёғига боргани ва у қўлини олиб қочгани аён бўлди.

Шу тўхталиш ўйинни совутди ва мезбонларнинг қаттиқ босимини енгишда ёрдам берди.

Мезбонлар, жумладан собиқ «канонир» Уиллок ҳам қатор вазиятлардан фойдалана олмаган бўлса, Эдегор ўз услубида жарима майдони ташқарисидан йўллаган зарбаси билан Поупни ожиз қолдирди. Норвегиялик футболчи «Челси» билан ўйиндаги натижасини такрорлаб, «Сент-Жеймс Парк» стадионида ҳам дубл қайд этиши мумкин эди. Аммо биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқалар охирида Поуп унинг яқин масофадан йўллаган зарбасини оёқлари учи билан тўсиб қолди.

Лекин биргина аниқ зарба «Арсенал» сафида чемпионатнинг бир мавсумида камида 15 гол урган яримҳимоячилар сони икки нафарга етиши учун етарли бўлди. Бироз аввалроқ Габриэл Мартинелли бу натижага эришганди. Эдегорнинг голи эса ғалаба учун етарли бўлмаслиги мумкин эди. Сардор ҳисоб 1:0 эканида жарима майдони ичида зарба беришга чоғланган Уиллокнинг оёғи остидан тўпни олиб қўйган Чакадан ва кўп ўтмай қарши ҳужумда Шерни автогол уришга мажбур қилган Мартинеллидан миннатдор бўлиши керак. «Арсенал» ҳамон чемпионлик пойгасида қолмоқда ва қолган турларда «Сити» очко йўқотишидан умид қилади.

Вест Ҳэм – Манчестер Юнайтед 1:0
Гол:
1:0 – 27 Бенраҳма.
Вест Хэм – Фабианьски, Керер, Огбонна, Агерд, Крессуэлл, Соучек, Райс, Лукас Пакета, Бенраҳма (Форнальс, 87), Боуэн, Антонио.
Манчестер Юнайтед – Де Хеа, Уан-Биссака (Диогу Далот, 87), Шоу, Линделёф, Маласиа (Фред, 88), Эриксен (Забитцер, 74), Каземиро, Бруну Фернандеш, Антони (Санчо, 74), Вегҳорст (Марсиял, 57), Рэшфорд.
Огоҳлантиришлар: Маласиа (36), Уан-Биссака (64).

Якунланган ҳафта «МЮ» учун ўта муваффақиятсиз кечди, жамоа уч кун фарқи билан икки ўйинда мағлубиятга учради. Аввалига «Брайтон»га қарши ўйинда қўшиб берилган тўққизинчи дақиқада пеналтидан гол ўтказиб юборилганди (0:1), энди эса Де Хеа яна бир бор «қизил иблислар»ни уялтириб қўйди. Испаниялик дарвозабон Бенраҳманинг у қадар кучли бўлмаган зарбасини ушлаб ололмади ва мавсумда тўртинчи бор голга олиб келган хатога йўл қўйди.

Бу гол Дэвид Мойес собиқ жамоасини 11 йил ичида илк бор енгиши учун етарли бўлди, бунгача қаторасига уч ўйинда ютқазган «Вест Ҳэм» хавфли ҳудуддан узоқлашиб олди (+7). Турнир жадвалининг қуйи қисмидаги кураш Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи тўртлик учун курашдан кўра қизғинроқ кечмоқда. Энди «Ньюкасл» ва «МЮ» захирада ўйинга эга бўлган ҳолда «Ливерпул»ни мос равишда уч ва бир очкога ортда қолдирмоқда.

ЕЧЛ йўлланмалари учун даъвогар жамоаларнинг қолган ўйинлари

Италия: «Ювентус» иккинчи ўринга чиқиб олди, Осимҳен Веадан ўзиб кетди

А Серия. 34-тур
Аталанта – Ювентус 0:2
Голлар:
0:1 – 56, Айлинг, 0:2 – 90+8, Влаҳович
Аталанта – Спортелло, Дзаппакоста, Толои, Жимшити, Скалвини, Мэле, де Рон, Пашалич (Муриэл, 60), Копмейнерс, Эдерсон (Бога, 49; Соппи, 65), Сапата.
Ювентус – Шченсни, Алекс Сандро, Данило, Ругани, Куадрадо, Ди Мария (Киеза, 82), Рабио, Локателли, Фажоли (Погба, 65), Милик (Влаҳович, 65), Айлинг (Костич, 82).
Огоҳлантиришлар: Рабио (62), Мэле (90).

Милан ва Рим Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун ўзаро курашга киришган маҳалда, «Ювентус» иккинчи ўринга кўтарилиб олди. Бергамодаги ўйиннинг биринчи бўлимида сабр қилиб, рақиб ҳужумларини қайтарган туринликлар иккинчи бўлимда ўз мақсадига эришди ва сўнгги вақтларда ўйинни ташлаб юборган «Лацио»ни ортда қолдиришга муваффақ бўлди. «Аталанта» кучли босим уюштирди ва кўп ҳужумлар зарба билан якунланди, аммо ҳаққоний голли вазият юзага келмади.

Ўз навбатида Массимилиано Аллегри чап қанотни Айлинг-Жуниорга ишониб хато қилмади. Ушбу англиялик ўтган мавсумда U-19 жамоасида ёрқин ўйин намойиш этган ва 12 гол урган. Энди эса асосий жамоада голлар ҳисобини очди. Эътиборли томони - ушбу латерал голли ҳужумни қанотда рақибдан тўпни олиб қўйган ҳолда ўзи бошлаб берганди.

Погба эса ўз имкониятидан фойдалана олмади. У ҳам, шериклари ҳам рақиб дарвозабонини доғда қолдира олишмади. Бунга жавобан Шченсни хавфли жарима зарбасини қайтаришига тўғри келди, Копмайнерснинг зарбаси устунга тегди. Фақат сўнгги дақиқаларда Киеза ва Влаҳович иштирокидаги ҳужумда урилган гол ўйинга сўнгги нуқтани қўйди. Барча турнирлар доирасидаги 21-ўйинда дарвозаси дахлсизлигини сақлаган ҳолда ғалаба қозонган «Юве» бу борада топ-5 лигаларда фақат «Барселона» (25) ва «МЮ»дан (23) ортда. «Аталанта» эса очколар бўйича «Милан»га тенглашиб олиш имкониятини бой берди.

Наполи – Фиорентина 1:0
Гол:
1:0 – 74, пеналти Осимҳен.
Аниқ ижро этилмаган пеналти, Осимҳем, 48
Наполи – Голлини, Ди Лоренцо, Эстигор, Ким Мин Жэ, Оливера, Демме (Лоботка, 46), Замбо-Ангисса, Элмаз (Дзербин, 84), Лосано (Кварацхелия, 45), Распадори (Зелински, 46), Осимҳен (Симеоне, 78).
Фиорентина – Терраччано, Додо (Венути, 46), Игор Жулио, Миленкович, Терзич, Бонавентура (Кастровилли, 66), Данкан (Мандрагора, 67), Амрабат (Куаме, 76), Гонсалес, Соттил (Сапонара, 76), Йович.

Неапол 33 йил ичидаги илк скудеттони нишонлашда давом этмоқда ва жамоа мухлислари севимли жамоасидан чемпион мақомидаги илк ўйинида ёрқин ўйин кутишга ҳақли эди. Нима бўлганда ҳам аввалги уик-эндда «Салернитана» билан ўйинда ғалабани сақлаб қолишга халал берган, Удинедаги ўйинда ҳисобда ортда боришга мажбур қилган босим энди йўқ эди. Аммо жамоа охирги ҳафталарда жуда кўп куч сарфлаб юборганди ва етакчиларнинг бир қисми захира ўриндиғида қолдирилди. Масалан, Кварацхелия фақат Лосано жароҳат олгани туфайлигина захира ўриндиғидан кўтарилди.

Бир неча кундан кейин Конференциялар лигаси яримфиналида ўйнайдиган «Фиорентина» эса биринчи бўлимда мустаҳкамроқ кўринди. «Фиалкилар» неаполликларга тақдим этиши мумкин бўлган максимум меҳмондорчилик — чемпионлик йўлаги эди. Аммо жамоа барибир «Наполи»нинг байрамини бузишни истамади, иккинчи бўлим эса Осимҳеннинг омад билан персонал қарама-қаршилигига айланди. Нигериялик футболчининг зарбаси дарвозабондан ўтганида ҳам газонга чўпчиб, тўсинга борди.

У ҳатто пеналтидан гол уролмади ва Терраччано билан дуэлни бой берди. Аммо газонга Хвичани йиқитишганида, Осимҳен яна бир бор «нуқта»га яқинлашди. Унинг иккинчи уриниши муваффақиятли чиқди, ғалаба келтирди ва тарихий аҳамиятга эга бўлди. Бу нигериялик ҳужумчининг 47-голи бўлди ва энди у афсонавий Жорж Веани ортда қолдирган ҳолда, Италия чемпионатидаги энг сермаҳсул африкаликка айланди.


 

Германия: «Боруссия» авжига чиқди

Бундеслига. 31-тур
Боруссия Д – Волфсбург 6:0
Голлар:
1:0 – 14 Адейеми, 2:0 – 28 Аллер, 3:0 – 37 Мален, 4:0 – 54 Беллингем, 5:0 – 59 Адейеми, 6:0 – 86 Беллингем.
Боруссия Д – Кобель, Ҳуммелс (Озджан, 63), Зюле, Рюэрсон (Пасслак, 76), Жан, Брандт, Беллингем, Волф, Мален (Ройс, 62), Аллер (Мукоко, 63), Адейеми (Рейна, 69).
Волфсбург – Кастелс, Борнаув, ван де Вен, Гилавоги (Паредес, 46), Баку (Фишер, 46), Камински (Коцца, 65), Арнолд, Сванберг (Герҳардт, 65), Нмеча, Виммер, Винд (Мармуш, 65).

«Боруссия» чемпионлик интригаси тугаб қолмаслиги учун барча ишни қилмоқда. Адейеми илк дақиқалардан «Волфсбург» ҳимоясини пароканда қилиб ташлади. Бўйи у қадар баланд бўлмаган ҳужумчи дастлаб боши билан аниқ зарба берди. Кейин ажойиб қарши ҳужум ташкиллаштирди, аммо барчасини сўнгги пасни хато узатган Мален барбод қилди. Оқшом қаҳрамони бўлган ёш ҳужумчи эса нидерландиялик жамоадошига сабоқ бериб, Аллерни идеал даражадаги голли узатма билан таъминлади. Агар ўтган турда Боҳумдаги ўйинда ҳам у бўлмаганида Дортмунднинг чемпионлик учун умидлари аллақачон сўнган бўларди.

Бу турда эса «асаларилар» ўзига боғлиқ барча ишни бажаришди. Зарурат туғилганида Кобел ҳам қутқарди. Хатосини тузатган Мален ҳисобни йирик кўринишга келтирганида эса ўйин тақдири амалда ҳал бўлди. Фақат якуний натижа қандай кўриниш олишини тахмин қилиш қолганди. Амалда эса бу — «Волфсбург»ни камситувчи натижага айланди.

Адейемидан ташқари (2+1) дубл қайд этган Беллингем  ва жамоадошларига уч бор ассистентлик қилган Брандтнинг ўйинини эътироф этиш мумкин. Ҳуммелс эса бундеслигада сариқ-қора формалилар сафидаги 200-ғалабасини нишонлади. Ундан кўпроқ ғалабага фақат клубнинг ҳозирги спорт директори Михаэл Цорк (206) эришган.

Франция: интригасиз лига

Лига 1. 34-тур
Труа – ПСЖ 1:3
Голлар:
0:1 – 8 Мбаппе, 0:2 – 59 Витиня, 1:2 – 83 Шавалерен, 1:3 – 86 Фабиан Руис.
Труа – Галлон, Бруус (Балде, 68), Рами, Палмер-Браун, Бани-Зукру, Ларуси (Яде, 81), Шавалерен, Агуме (Куаме, 68), Балде, Одобер, Угбо (Рони Лопеш, 80).
ПСЖ – Доннарумма, Рамос, Маркинос, Данилу Перейра, Бернат, Заир-Эмери, Верратти (Саншеш, 80), Фабиан Руис, Витиня, Мбаппе, Экитик (Солер, 80).

Мессининг жамоадан четлатилиши «ПСЖ»нинг Труадаги якшанба кунги ўйинига қизиқишни оширди. Қолаверса, биринчи даврада ушбу рақиб «Парк де Пренс»да кечган ўйинда чемпионнинг асабларига ўйнаган ва бу ўйинда ғалабага эришиш учун мезбонлар сафидаги юлдузли трио аъзоларининг ҳар бири - Месси, Мбаппе ва Неймар гол уриши талаб этилганди (3:2).

Аммо янги тўқнашувда амалда ҳеч қандай интрига рўй бермади ва барчасини Мбаппенинг тезкор голи ҳал қилиб қўйди. Килиан бу билан чекланмаслиги ҳам мумкин эди, аммо вазиятлардан фойдаланишда оқсади. Баъзи ҳолатларда унга аниқлик етишмади, баъзи ҳолатларда дарвозабон яхши турди, лекин ўйин охирида Фабиан Руиснинг узоқдан йўллаган зарбасидан кейин мезбонлар узил-кесил таслим бўлишди. Бу гол билан парижликлар ҳисоб қисқаришига тезда жавоб қайтаришганди. Турнир жадвалида пешқадамлик ҳамон «ПСЖ»да ва финишга тўрт тур қолганида иккинчи ўриндаги «Ланс» олти очкога ортда қолдирилган.

Кун статистикаси

  • Ҳужумчи Ваҳи «Монпелье»нинг Франция чемпионатида покер қайд этган 1-футболчиси бўлди. У жорий мавсумдаги голлари сонини 17 тага етказган ва бу борадаги 11 йил олдин Жиру томонидан ўрнатилган клуб рекордига етиш учун тўртта гол қолган.
  • Лига 1 чемпионатида 75 йил ичида илк бор бир ўйинда икки покер қайд этилди. «Монпелье» ва «Лион» ўртасидаги ўйинда (4:5) Ваҳидан ташқари Ляказетт ҳам тўрт гол уриб, жамоасига ғалаба келтирди. Францияда сўнгги бор бундай ҳолат 1974 йилда «Реймс» — «Монако» (8:4) ўйинида кузатилган, ўшанда Бянчи ва Оннис тўрттадан гол уришган.
  • «Нант» қаторасига 6 турда камида иккитадан гол ўтказди. Бу нохуш серия «канарейкалар» 1969 йилдан буён илк бор олий дивизионни тарк этишига олиб келиши мумкин.
  • АПЛнинг сўнгги беш мавсумида «МЮ» дарвозабони Де Хеа 11 марта голга олиб келувчи хатога йўл қўйган. Бундан кўпроғи фақат Пикфордда (13).
  • 23 мавсумдан кейин «Гронинген» яна Нидерландия юқори дивизионини тарк этади.
  • «Верона»нинг А Сериядаги икки сафар ғалабаси оралиғи 372 кунни ташкил этди.
Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид