Ўзбекистон | 14:56 / 08.05.2023
36021
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда президентлик сайлови 9 июлга белгиланди

Янгиланган Конституцияга кўра, президент ваколат муддати ҳозирги 5 йилдан 7 йилга оширилган.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон президентининг фармонига мувофиқ, муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси президенти сайлови 2023 йил 9 июл кунига тайинланди.

«Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 110 ва 128-моддалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 66-моддасига асосан 2023 йил 9 июл кунига муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тайинлансин.

Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига юборилсин», дейилган ҳужжат матнида.

Маълумот учун, 30 апрел куни Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум ўтказилиб, ўзгаришларни 90 фоиздан ортиқ сайловчилар маъқуллашди. Конституцияга киритилган ўзгартиришлардан бири давлат бошқарувидаги ўзгаришлар билан боғлиқ бўлиб, унга кўра, президент ваколат муддати ҳозирги 5 йилдан 7 йилга оширилиши белгиланган.

Бугун, 8 май куни президент Шавкат Мирзиёев референдум якунлари бўйича ўтказилган учрашувда Ўзбекистонда муддатидан илгари президент сайлови ўтказилишини маълум қилди.

Мавзуга оид