Ўзбекистон | 10:20 / 09.05.2023
10829
3 дақиқада ўқилади

"Президент сайловини муддатидан илгари ўтказиш - ислоҳотларга мос аҳамиятли масала" - партиялар раҳбарлари ва сенаторлар сайлов ҳақида

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда муддатидан илгари президент сайлови ўтказилишини эълон қилди. Бу тўғрисидаги фармонни давлат раҳбари янги таҳрирдаги Конституциянинг 128-моддасида мамлакат президентига берилган ваколатдан фойдаланиб имзолаган.

8 майдан "Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги конституциявий қонун кучга кирди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси президенти муддатидан илгари президент сайловини тайинлаган тақдирда, сайлов Сайлов кодексига тўлиқ мувофиқ ҳолда икки ой ичида ўтказилади. 

Ўзбекистондаги қатор сиёсий партиялар раҳбарлари, сенаторлар, депутатлар муддатидан илгари ўтказиладиган президент сайлови ҳақида ўз фикрини билдириб ўтди.

Сенатор Наримон Умаровнинг айтишича, ҳуқуқий давлат, биринчи навбатда, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, ҳуқуққа мос бўлган қонунларни ишлаб чиқиш, уларни амалиётга ўтказишни назарда тутади.

"Бу ижро органларининг орасида, умуман, давлатга жуда катта масъулият юклайди. Бугун президентимиз жуда яхши фикр бердилар - президент сайловини муддатидан илгари ўтказиш. Бунинг учун ҳозирги кунда ислоҳотларга мос равишда бу жиҳатни жуда аҳамиятли масала деб ҳисоблаймиз. Президентимиз яна бир ташаббус кўрсатишлари - Конституцияни тезда амалга жорий қилиш, халқимиз бугунги ҳаётида ўзгариш сезиши керак", деди у.

Шунингдек, ЎзЛиДеп раиси Актам Ҳайитовга кўра, президент сайловини муддатидан илгари ўтказиш жуда тўғри қарордир.

"Сабаби, иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланиши ишларнинг бир йўналишда тўғри ташкил қилинишига боғлиқ. Халқимиз Конституциявий референдум билан амалга оширилаётган ишларга муҳим баҳо бериб, ўз ишончини билдирди. ЎзЛиДеп президент сайловида ўз иштироки бўйича тегишли чоралар кўради", дейди Актам Ҳайитов.

Қонунчилик палатаси депутати Эмма Аслонованинг айтишича, янги Конституция қабул қилинишида барча керакли нормалар назарда тутилган.

"Энди ҳаммаси ўзимизга боғлиқ. Давлат раҳбари бизга халқимиз бизни тушуниши учун нима жуда муҳимлигини билишимиз учун йўналиш берди. Бу улар ўзининг барча ҳуқуқларини тушуниши, барча кафолатларини билиши, бундан фойдалана билиши учун ҳам муҳимдир", деди у.

"Миллий тикланиш" демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров ҳам бу борада ўз фикрларини билдириб ўтди.

"Референдум Ўзбекистонда янги давр бошланганининг ҳуқуқий асоси яратилганига яққол далил. Халқимизнинг жуда катта қисми Ўзбекистондаги айнан шу ўзгаришларни маъқуллаб берди. Бу ўз-ўзидан мамлакат олдидаги мана шу вазифаларни бажаришнинг ҳуқуқий асосини яратиш ва уларни ҳал этишни талаб қилади. 

Референдумда халқ янги Конституцияни тасдиқлади ва янги ҳуқуқий майдон юзага келди. Давлат раҳбари нуқтайи назаридан, бугун президент ўз олдидаги уч ярим йиллик муддатидан кечиб, янги президентлик сайловини эълон қилиши бўйича ўз ташаббуси, таклифини киритди. Биз сиёсий партия сифатида бу таклифни маъқулладик", деди Алишер Қодиров. 

Мавзуга оид