Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шаҳарларда 2та овоз ғолиб, қишлоқларда 44 минг овоз олган мағлублар бор. “Менинг йўлим” ўзгартирилади
7 май куни “Менинг йўлим” лойиҳасига овоз бериш якунланиб, ғолиблар эълон қилинди. Қишлоқлар илк мавсумдаёқ ғолиблик учун қаттиқ курашди, лекин улар орасида ҳатто 40 мингдан ортиқ овоз тўплаб мағлуб бўлганлар ҳам бор. Шаҳарларда эса жуда кам овоз тўплаган лойиҳалар ютган. 2000дан зиёд овоз тўплаган қишлоқлар президент қўшимча квота ажратишидан умидвор.
“Менинг йўлим” лойиҳасининг 2023 йилги мавсуми 7 апрел куни якунланиб, ғолиблар эълон қилинди. Мавсумда 8 миллиондан зиёд фуқаро (аниқроғи, сим-карта) иштирок этган, 10 317 та таклиф келиб тушган.
“Менинг йўлим” лойиҳасидан мақсад – туман (шаҳар) бюджетларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун режалаштирилган маблағларнинг камида 50 фоиз қисми фуқаролар фикри асосида йўналтириш. 2023 йилда лойиҳага ажратилган маблағ 2 баробарга оширилди.
Қишлоқлар ғолиблик учун қаттиқ курашди
“Менинг йўлим” лойиҳасига таклифлар қолдириш ва овоз бериш жараёнлари “Очиқ бюджет” порталида амалга оширилди. Портал маълумотларига таянсак, шаҳарларда кам овоз билан ғолиб бўлган лойиҳалар билан бир қаторда, қишлоқларда 10 минг ва ҳатто 40 мингдан зиёд овоз йиғиб ҳам ғолиб бўла олмаган лойиҳаларни кўрамиз.
Масалан, Тошкент шаҳри Яшнобод тумани Мунаввар СМП кўчасини таъмирлашга оид ташаббус 178та овоз билан ғолиб бўлган. Тошкентдан унча узоқ бўлмаган Тошкент вилояти Бўка туманидан қолдирилган лойиҳа эса 15 142 та овоз билан ҳам ғолиб бўла олмаган.

Иқтисодчи Отабек Бакиров Тошкент шаҳрида ҳатто 2 та овоз билан ғолиб бўлган лойиҳалар ҳам борлигига эътибор қаратди.
“Тошкент шаҳрида ҳаттоки 2 та овоз олган лойиҳа (Яккасарой тумани Ракатбоши 1-тор кўча – таҳр.) ҳам ғолиб бўлган. Умуман олганда, йўллари анча равон бўлган пойтахтда 15 та лойиҳа 100 тадан кам овоз йиққан бўлса-да, ғолиб бўла олган.
Йўллари абгор, чекка қишлоқларда минглаб, ўн минглаб овоз йиға туриб мағлуб бўлган ташаббуслар сони эса юздан зиёд. Фарғонада Ниҳол қишлоғи деярли 44 минг овоз тўплаб, Жиззахда Хонақоҳ қишлоғи ва Қашқадарёда Чувиллоқ қишлоғи 19 мингдан зиёд овоз тўплаб ютқазган.
Хусусан, мен туғилган Йўламатол қишлоғи кўчаларини таъмирлаш бўйича ташаббус ҳам 4 мингдан кўп овоз йиққан бўлса-да, кучли курашда ютқазди”, – деб ёзди у.

Туманлар, қишлоқларга яқинлашган сари бундай мисолларни кўп учратиш мумкин. Масалан, Касби туманидан Янгиҳаёт кўчаси – 26 584, Денов тумани Бунёдкор кўчаси – 12 589, Вобкент тумани Шакаравон – 10 444, Ғиждувон вилояти Юрқанд қишлоғи – 13 743, Бахмал тумани Мустақиллик кўчаси 17 695, Асака тумани “Қадим” МФЙ Бой кўчаси – 11 873та овоз билан мағлуб бўлган.
Ҳудудлар миқёсида қуйига – шаҳардан туман марказига, тумандан қишлоқларга тушган сари овозлар сони ошиб, ғолиб бўлиш эҳтимоли пасая бораверади. Чунки қишлоқларда абгор йўллар шаҳарларга қараганда каррасига кўп. Маблағ эса маҳаллий бюджетлардан ажратилади. Бу – камбағал ва йўллари абгор ҳудудларга камроқ, нисбатан ўзига тўқроқ ва йўлларининг кўпроқ қисми асфалт қилинган шаҳарларга кўпроқ маблағ ажратилади дегани. “Менинг йўлим” лойиҳаси абгор ҳудудлардаги йўлларни таъмирлашга бўлган ҳақиқий эҳтиёжни кўрсатиб берди.
“Маблағ ажратганда ҳудудларнинг асфалтлантириш даражасини инобатга олиш керак”
Kun.uz'га айни масала юзасидан мурожаат қилган хатирчилик Ҳусниддин Тошматов ўзи яшайдиган маҳалла йўлини таъмирлаш учун қолдирган ташаббуси 2000дан зиёд овоз йиғиб мағлуб бўлганини айтади.
“Менимча, лойиҳаларга пул ажратилишини маҳаллий бюджет маблағларига боғлаб қўймаслик керак. Аҳволи оғир, абгор, ҳатто 10 фоиз йўллари ҳам асфалтлаштирилмаган ҳудудларга республика бюджетидан ҳам пул ажратиш керак.
Маҳалламда 25 та кўча бор – иккитаси асфалт қилинган, бу ҳатто 10 фоиз ҳам эмас. Аммо шаҳарларда, туман марказларида аксар кўчалар асфалтлаштирилган. Маблағ ажратганда ҳудудларнинг асфалтлаштириш даражасини ҳам инобатга олиш керак деб ўйлайман.
Биз 2000дан зиёд овоз билан ҳам ғолиб бўла олмадик, шаҳарда 100та овоз йиғган лойиҳалар ҳам ютяпти – чунки йўллар унчалик абгор эмас, аксар йўллар таъмирланган. Умуман, шаҳарларни “Менинг йўлим” лойиҳасидан ҳам чиқариш масаласини ўйлаб кўриш керак. Аҳволи оғир ҳудудларга эътибор қаратилиши керак. Маҳаллалардаги аҳоли сонини ҳам инобатга олиш керак деб ўйлайман”, – дейди у.
Мурожаатчи 2000 дан зиёд овоз тўплаган лойиҳалар ҳам молиялаштирилишидан умидвор. “Ташаббусли бюджет”нинг сўнгги мавсумларида президент ташаббуси билан шундай қилиб келинмоқда. Хусусан, 2023 йил 1-мавсумида иштирок этиб, ҳар бири 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб деб топилмаган 1 309 та лойиҳани амалга ошириш учун қўшимча 1,3 трлн сўм маблағ ажратилган эди.
"Ғолиб лойиҳаларни аниқлаш механизмлари такомиллаштирилади" — ИМВ
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ижтимоий тармоқларда айрим лойиҳаларнинг дастлаб ғолиб бўлгани ва кейинчалик етарли овоз тўплай олмаган лойиҳалар ғолиблар рўйхатидан чиқарилгани юзасидан изоҳ берди.
“Хизмат текшируви давомида овоз бериш босқичи якунлари шуни кўрсатдики, айрим туман ва шаҳарларда ғолиб лойиҳалар техник сабабларга кўра нотўғри аниқланганлиги маълум бўлди”, – дейилади баёнотда.
Маълум қилишича, камчиликлар 20 дақиқа ичида бартараф этилган ҳамда якуний натижаларга кўра, ғолиб лойиҳаларнинг манзилли рўйхати ахборот порталида эълон қилинган.
Вазирликнинг қўшимча қилишича, рақобат мавжуд бўлмагани сабабли кам овоз тўплаб, ғолиб бўлган ташаббусли лойиҳалар ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилган ва келгусида ғолиб лойиҳаларни аниқлаш механизмини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишга оид топшириқ берилган.
Мавзуга оид
12:17 / 05.01.2025
Хорижий тилни биладиган давлат хизматчиларига устама тўлаш тўхтатилди
17:20 / 18.12.2024
Келгуси йилда таълим ва фан соҳасига 86,3 трлн сўм йўналтирилади — Танзила Норбоева
14:50 / 18.12.2024
Сенат 2025 йилга мўлжалланган давлат бюджетини маъқуллади
22:02 / 14.03.2024