Ўзбекистон | 22:02 / 14.03.2024
11385
6 дақиқада ўқилади

Ташаббусли бюджет: “Бир фуқаро – бир овоз” тамойили қандай ишлайди?

Шу йилдан бошлаб Иқтисодиёт ва молия вазирлиги очиқ бюджет жараёнларига “бир фуқаро – бир овоз” тамойилини жорий қилди. Эндиликда фуқаронинг номида нечта сим-карта бўлишидан қатъи назар, унинг фақат биринчи овози қабул қилинади. Вазирлик бўлим бошлиғи Азимжон Ҳасанов Kun.uz'га берган интервюсида бу тамойил қандай ишлаши ва лойиҳадаги бошқа ўзгаришлар ҳақида гапириб берди.

– Жорий йилдан бошлаб “Ташаббусли бюджет” жараёнида “бир фуқаро – бир овоз” тамойили жорий этилмоқда, эндиликда ҳар бир фуқаро “Ташаббусли бюджет” жараёнларида ҳар бир мавсум доирасида фақат битта лойиҳага овоз бера олиши мумкин бўлади. Бу дегани “Очиқ бюджет” портали орқали фуқаролар овоз бераётганда уларнинг овоз бераётган рақамлари қайси шахсга расмийлаштирилганига аниқлик киритилади. Бу бўйича мамлакатимизда фаолият юритиб келаётган алоқа операторлари билан ишлар йўлга қўйилган. Рақам эгасининг шахсига аниқлик киритган ҳолда порталда қайд этиб борилади. Агар фуқаролар такроран ўзларига тегишли сим-карта орқали овоз берадиган бўлса, ушбу сим-картанинг ҳам тегишли маълумотлари олиниб, порталдаги маълумотлар билан солиштирилган ҳолда иккинчи берилган овозлар автоматик рад этилади. Бу ҳар бир берилаётган овознинг қадрга эга бўлиши ва овоз бериш жараёнларини шаффоф ҳамда ҳаққоний ўтказилиши учун жорий этилаётган амалиёт ҳисобланади.

Айтайлик, фуқаронинг бир нечта алоқа операторларидан 3-4 та сим-картаси бўлса ҳам, у алоқа операторидан қатъи назар, ҳар қандай ҳолатда ушбу рақамлар тегишли бўлган шахснинг маълумотлари базадан кўтарилади ва битта овози “Очиқ бюджет”да қайд этилади. Юридик шахсларнинг овозлари ҳам энди порталда рад этилади.

Биринчи марта овоз берганда портал уни қабул қилади ва иккинчи марта бошқа сим-картасидан овоз берса, “ҳурматли фуқаро, сиз қайсидир рақамингиз орқали аввал очиқ бюджет порталида овоз бергансиз” деган маълумот юборган ҳолда овозингизни рад этади.

– Нега овоз бериш жараёнлари бошланиши 16 мартга кечиктирилди?

– Бу йил овоз бериш жараёнлари 13 мартдан бошланиши керак эди, лекин техник носозликлар туфайли 16 мартдан бошланади.

“Очиқ бюджет” портали йилдан йилга такомиллаштириб бориляпти, ҳар янги мавсумда тегишли техник янгиликлар қилиняпти. Жорий йилдаги энг катта ўзгариш юқорида қайд этганимдек “Бир фуқаро – бир овоз” тамойилига ўтилишидир. Бу порталда юкламалар ошишига сабаб бўляпти, натижада айрим носозликлар кузатилди, ҳозир мутахассислар бу борада иш олиб боряпти.

– 1-мавсумда лойиҳа киритиш босқичи қандай ўтди?

– 1-мавсумда республикамиз бўйлаб 35 мингдан ортиқ лойиҳалар илгари сурилган бўлса, ушбу лойиҳаларнинг аксарияти ички йўлларни таъмирлаш, мактабларни таъмирлаш ва жиҳозлаш, шунингдек, соғлиқни сақлаш ва мактабгача таълим муассасалари аҳволини яхшилашга оид лойиҳалардан ташкил топган.

Куни кеча овоз бериш жараёни бошланишидан аввал “Очиқ бюджет” порталида саралаш босқичи якунланди ва бу бўйича 29 мингдан ортиқ лойиҳалар овоз бериш босқичига ўтказилди. Жорий йилда илк марта фуқароларимиз томонидан берилган лойиҳаларнинг 80 фоиздан ортиқроғи саралаш босқичидан ўтказилган. Бу билан йилдан йилга фуқароларимизнинг “Ташаббусли бюджет” жараёнларида билим ва кўникмалари ошиб бораётганини кўришимиз мумкин. Олдинги йилларда лойиҳаларни шакллантиришда қандайдир камчиликлар бўлган бўлса, улар саралаш жараёнида рад этилган. Рад этиладиган лойиҳалар кўлами ҳам камайиб боряпти.

– 2024 йилда қандай асосий ўзгаришлар бўлди?

– Энг катта янгиликлардан бири “Бир фуқаро – бир овоз” бўлса, яна бири “Ташаббусли бюджет” жараёнлари учун ажратилаётган маблағлар кўлами ҳам кескин оширилгани бўлди. Ўтган йили 4,5 трлн сўм ажратилган бўлса, жорий йилда ушбу жараёнлар учун қарийб 8 трлн сўм йўналтирилиши режалаштириляпти. Бу жорий йилда маблағлар 2 баробар кўпаяди ва деярли икки баробар кўпроқ лойиҳалар ғолиб бўлади дегани.

Аввал “Менинг йўлим” лойиҳаси алоҳида жараён, алоҳида овоз бериш босқичи ташкил этилиб, ўтказиларди. Эндиликда фуқароларнинг ушбу жараёнларда ортиқча оворагарчиликларини камайтириш, овоз бериш жараёнларида қулайлик яратиш мақсадида менинг йўлим жараёни “Ташаббусли бюджет”нинг 1-мавсумида ўтказилиши белгиланди. Жорий йилда биринчи мавсумда “Менинг йўлим” “Ташаббусли бюджет” доирасида ўтказиляпти.

– Қандай қилиб бирга ўтказилади?

– Яъни фуқаролар “Ташаббусли бюджет” жараёнларида лойиҳаларни киритаверади, улар учун сезиларли ўзгариш бўлмайди. Фақат “Менинг йўлим” учун ҳам ажратиладиган маблағлар қўшиб, бирга эълон қилинади ҳамда ғолиб лойиҳалар ҳам бир вақтда эълон қилинади. Ғолиб чиқиш имконияти ҳам ошади. 1,5 трлн сўм “Ташаббусли бюджет”га, 800 млрд сўм “Менинг йўлим”га ажратиларди. Ҳар икки лойиҳа учун ажратиладиган маблағлар фуқаролар ташаббуслари жамғармасида бир жойда жамланади ҳамда овоз бериш якунларига кўра, энг кўп овоз тўплаган лойиҳалар тепадан пастга қараб сараланади. Бунда “Ташаббусли бюджет” учун алоҳида, “Менинг йўлим” учун алоҳида квоталар белгиланмайди. Қайсидир ҳудудларда ички йўлларни таъмирлаш лойиҳалари етарли овоз йиға олмаган бўлса, кўпроқ овоз йиғган бошқа лойиҳалар молиялаштирилади.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Мавзуга оид