Жаҳон | 14:42 / 09.05.2023
23006
5 дақиқада ўқилади

Украина бўйлаб навбатдаги зарбалар ва Киевда хотира девори. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 439-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Россия 8 майга ўтар кечаси Украина бўйлаб зарбалар йўллади. Киевда дрон парчалари кўп қаватли уйга тушган, тинч аҳоли вакилларидан беш киши жабрланган. Одесса яқинида ракета зарбаси оқибатида Қизил Хоч инсонпарварлик ёрдамлари сақланаётган омборхона ёниб кетган, қўриқчи ҳалок бўлган. Россия томони бу ҳужумлар юзасидан изоҳ бермади.
  • Евроиттифоқ Россияга ҳарбий мақсадларда фойдаланиш мумкин бўлган ускуналар етказиб берилгани учун Хитойга қарши санкциялар қўллашни таклиф қилди. Хитой ЕИни «хатога йўл қўймаслик»ка чақирди.
  • Володимир Зеленский Хотира ва нацизм устидан ғалаба кунини 8 майда нишонлашни таклиф этди. Бундан ташқари, президент имзолаган фармонга кўра, 9 май Украинада Европа куни бўлади — Евроиттифоқ мамлакатларида халқаро тинчлик ва бирдамлик байрами.
  • Белгород областида Шебекино ва Валуйки шаҳарлари, шунингдек Казначеевка ва Бирюч қишлоқлари ўққа тутилди. Шебекинода тинч аҳоли вакилларидан беш киши жабрланган. Маҳаллий расмийлар бу ҳужумда Украина қуролли кучларини айблаган. Украина бу маълумот юзасидан муносабат билдирмади.

Куннинг асосий воқеаси. Украина бўйлаб зарбалар

8 майга ўтар кечаси Россия қўшинлари Украина ҳудудига дронлар билан ҳужум қилди. Украина ҚК ҳаво кучлари қўмондонлиги хабар беришича, 35 та Shahed русумли дронлар Брянск областидаги Сешча аэродромидан учиб келган — уларнинг барчаси уриб туширилган. Киев мэри Виталий Кличко дронлар сони 60 та бўлгани ва уларнинг 36 таси пойтахт томон ҳаракатлангани ҳақида хабар берди. Учувчисиз учар қурилмалар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ёрдамида йўқ қилинган.

Киевда, маҳаллий расмийларга кўра, тинч аҳоли вакилларидан беш киши жароҳат олган, автомобиллар ва шаҳар ғарбидаги Святошинский районидаги турар жойлар шикастланган.

Бундан ташқари, 7 май куни кечқурун РФ армияси Одесса области бўйлаб ракета зарбаси йўллади. Қора денгиз соҳилидаги озиқ-овқат корхоналаридан бирининг омбори ва дам олиш зонаси ўққа тутилди. Омборхонада чиққан ёнғин оқибатида, Одесса район ҳарбий маъмурияти 8 май куни берган маълумотга кўра, омборхона қўриқчиси ҳалок бўлиб, тинч аҳоли вакилларидан уч киши жабрланган.

Кейинроқ маълум бўлдики, ракета зарбаси оқибатида Қизил Хочнинг Одесса яқинидаги Украина бўлими омборхонаси тўлиқ вайрон бўлган. Ёнғин бу ерда сақланган инсонпарварлик ёрдамларини тўла яксон этган, натижада Қизил Хоч региондаги фаолиятини тўхтатган.

Запорижжя областининг аннексия қилинган қисмига Россия томонидан тайинланган ҳукумат вакилларидан бири Владимир Рогов эса бу ерда Украина ҚК омборларига зарба берилганини айтиб чиқди. РФ мудофаа вазирлиги ўз ҳисоботида Киевга дронлар ҳужуми ҳақида ҳам, Одесса областига йўлланган зарбалар ҳақида ҳам эслаб ўтмаган.

Қизил Хочнинг Одесса областидаги Украина бўлими омборига йўлланган ракета зарбаси жойидаги қутқарувчи
Украина ҚК / Reuters / Scanpix / LETA
Киев осмонида дрон портлаши
Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA
Киев устида уриб туширилган дрон қолдиқлари
Oleksandr Khomenko / Reuters / Scanpix / LETA
Киевда уриб туширилган дрон туфайли шикастланган кўп қаватли уй атрофини ўраб олаётган полициячилар
Oleg Petrasyuk / EPA / Scanpix / LETA
Киев мэри  Виталий Кличко уриб туширилган дрон шикастлаган квартиралардан бирида
Genya Savilov / AFP / Scanpix / LETA
Запорижжя шаҳридан тахминан 30 километр жануби-шарқда жойлашган Камишеваха посёлкасидаги аҳоли россияликлар ракета зарбасидан кейин ҳудудни тозаламоқда
Andriy Andriyenko / AP / Scanpix / LETA

Марйинка яқинидаги украин артиллериячилари

Марйинка Донецкдан тахминан 20 километр жануби-ғарбда жойлашган. Аннексия қилинган «ДХР»нинг Кремл томонидан тайинланган ҳукумати тасдиқлашича, Россия қўшинлари Марйинкадаги 59 кварталдан 50 тасини назорат қилмоқда — аммо Украина ҚК бош штабидагилар украин ҳарбийлари шаҳарни мудофаа қилишда давом этаётганини билдирган.

Libkos / AP / Scanpix / LETA
Libkos / AP / Scanpix / LETA
Libkos / AP / Scanpix / LETA

Урушда ҳалок бўлган аскарларнинг Киевдаги портретлари

Киевдаги Авлиё Михайло олтин гумбазли соборига кираверишда ҳалок бўлган ватан ҳимоячилари учун ўрнатилган ёдгорлик девори. 2015 йилдан буён Украина ғарбнинг бошқа мамлакатлари қатори 8 майни Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирасига Хотирлаш ва ярашув куни сифатида нишонлаб келади. 2023 йилдан, Володимир Зеленскийнинг фармонига кўра, Иккинчи жаҳон уруши билан боғлиқ барча маросимлар 8 май куни ўтказилади, 9 май куни эса Украинада Европа куни нишонланади.
Celestino Arce Lavin / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA

Мавзуга оид