Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ғарбга бурилиш ва шунчаки бизнес: Қиличдорўғлининг ғалабаси қандай оқибатларга эга бўлади?
Туркиядаги президентлик сайловларидан аввал ноаниқлик даражаси жуда юқори — Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг йигирма йиллик иқтидорига якун ясалиши ҳам мумкин. Унинг асосий рақиби — мухолифат етакчиси Камол Қиличдорўғли.
The Bell у ҳақида нималар маълумлиги ва у ютса Россия билан алоқалар нима бўлишини таҳлил қилди.
14 май сайловларига саноқли кунлар қолганида асосий номзодларнинг ғалабага бўлган имкониятлари деярли тенглашди. Politico’нинг сайловолди сўровномалари агрегатори Қиличдорўғлига биринчи турда 49 фоиз бермоқда, Эрдўғанга эса 46 фоиз. Агар улардан бири биринчи турда 50 фоизлик маррадан ўта олмаса, иккинчи тур 28 май куни ўтказилади ва бу ҳолатда сўровнома орасидаги фарқ 51 га 49 фоиз бўлиб турибди. Бироқ, ҳукуматпараст Hurriyet газетаси яқинда агар давомат 90 фоиздан ошса, Эрдўған биринчи турдаёқ ғалаба қозонишини башорат қилган эди.
Пайшанба куни Қиличдорўғлининг собиқ сафдоши, сўровномалар унга 2–3 фоиз атаётган Муҳаррам Инженинг шаҳвоний тасвирлари тарқатилиши ортидан сайловдан воз кечиши ноаниқлик даражаси янада ошишига сабаб бўлди. Унинг нисбатан ёш электорати икки етакчини ҳам ёмон кўради, шу сабабли улар ким томонга ўтишини тахмин қилиш қийин, деб ёзади Bloomberg. Бироқ фонд бозорлари сайловолди кампаниясининг янада қутблашиши иқтисодий сиёсатни ўнглашни ваъда қилган Қиличдорўғли имкониятлари ошаётганини сезган. Borsa Istanbul 100 индекси бу янгиликдан сўнг 6 фоизга ўсган, банк соҳаси индекси эса 9 фоизга. Учинчи номзод — миллиятчи Синан Ўған бундай ҳолатда шунчаки статистга айланади.
Камол Қиличдорўғли ким?
74 ёшли Қиличдорўғли Эрдўғандан 5 ёш катта, у мухолифатга 2010 йилда қўшилган — умуммиллий сайловларда иккинчи ўринни эгаллаган Жумҳурият халқ партияси (CHP)ни бошқара бошлаган.
Сиёсатчи сифатида Қиличдорўғли — ўта қатъий муҳитдаги шафқатсиз танлов маҳсули. Туркия сиёсатидаги чорак асрлик фаолиятида у катта хатоларга йўл қўймаган (масалан, 2016 йилги ҳарбий исёнда Эрдўғанни қўллаб-қувватлаган), бир вақтнинг ўзида тактик иттифоқлар тузиш ва коалицияларда ишлаш маҳоратини сайқаллаб борган. Сўнгги йилларда у рақибидан аввал бу борада жуда ортда бўлган харизмага ҳам эга бўлди — унинг биринчи таъсирли сурати 2017 йилги «Адолат марши»да пайдо бўлди. Бироқ 2019 йилга келиб CHP’нинг бошқа партиялар билан ҳамкорлиги Истанбул ва Анқара шаҳарлари мэрлигига мухолифат номзодларини ўтказишга олиб келди. 2023 йилга президентлик сайловларига Қиличдорўғли Эрдўғанни амалдан кетказишни мақсад қилган олтита турлича партияларнинг ягона номзоди сифатида етиб келди, ҳаттоки курдлар етакчиси Салоҳиддин Демиртошнинг ҳам қўлловига эга бўлди.
«Комсомол» Эрдўғандан фарқли ўлароқ, Қиличдорўғли иқтисодий билимларга эга, ижтимоий блокнинг собиқ амалдори ва коррупцияга қарши курашишда ҳам иштирок этган. Wall Street Journal нашрига берган ўзининг сўнгги интервюсида у яшаш баҳоси таназзулини енгишни, Туркияни парламентаризмга қайтаришни, Марказий банк мустақиллигини тиклашни ва сиёсий маҳбусларни озод қилишни ваъда қилган. Нима бўлганда ҳам расмий инфляция 50 фоиз бўлиб турганда Туркия Марказий банкининг 8,5 фоизлик асосий ставкасига ҳар қандай муқобил чора мамлакат иқтисодиётини жонлантириши турган гап.
Эрдўғаннинг узоқ давом этаётган иқтисодий таназзул туфайли заифлашган рейтинглари сўнгги ойлар ичида феврал зилзилалари ва президент саломатлигининг яққол чатоқлиги туфайли янада омонатлашган. Қиличдорўғли эса на ожиз, на ҳаддан зиёд либерал сиёсатчи кўринмоқда, айрим масалалар бўйича унинг позицияси янада қатъийроқ. Инсон ҳуқуқлари ҳимояси ҳақида гапира туриб, у Туркиядан миллионлаб суриялик қочқинларни ўз уйларида яхшироқ яшашади, деган асос билан чиқариб юборилиши тарафдори.
Эрдўғаннинг ғалабаси Россияга нима беради?

Қиличдорўғлининг чиқишларидан агар у ғалаба қозонса Россия билан алоқалар «дўст Эрдўған» давридан кўра янада прагматиклашади, лекин асосий иқтисодий алоқалар сақланиб қолади. Бироқ ғарб санкцияларини Туркия орқали айланиб ўтиш мураккаблашади, ҳаттоки имконсиз бўлади, манфаатлар тўқнашуви юз берганда эса мамлакат Россияга эмас, АҚШ, Евроиттифоқ ва НАТО томон юз буради.
Wall Street Journal’га у тиккасига Туркияни ғарб цивилизацияси ва мамлакат аъзо бўлишни орзу қиладиган Европа Иттифоқи йўналишида бошқаришини, санкция талабларига риоя қилишини айтган.
«Туркия — ғарб давлатлари алянси ва НАТО аъзоси, бу Путинга яхши маълум, — дея ундан иқтибос келтирган газета. — Туркия НАТО қарорларига бўйсунишга мажбур».
У Deutsche Welle нашрига берган интервюсида «Туркия ташқи сиёсатини 180 даражага ўзгартириши»ни айтган.
«Албатта, биз Россия билан яхши алоқаларга эга бўлиш тарафдоримиз, — деган у. — У ерда бизнинг тадбиркорларимиз ишлашади. Лекин биз Россиянинг Украинага бостириб киришини қоралаймиз».
АҚШ билан алоқалар «янада мувозанатлашган бўлади», деб ваъда қилган Қиличдорўғли. У ҳаттоки Эрдўған даврида Россиянинг С-400 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини (уларни у «дунёдаги энг қиммат металлолом», деб атаган) F-35 қирувчи учоқлари дастурига қайтиш учун «топшириши»га шама қилган. Бу ҳолатда у Украинадаги уруш мобайнида Эрдўғаннинг сиёсий қарорлари ҳамда Қора денгиздаги «ғалла битими»ни маъқуллашини, «Аққую» АЭСини Россия иштирокида якунлаш тарафдори эканини билдирган.
Россиялик релокантлар ўртасида ички бозорда нархларни тушириш учун Қиличдорўғлининг хорижликларга камида 5 йилга турар жойлар сотишни тақиқлаш ғояси катта хавотир келтириб чиқарган. Нима бўлганда ҳам, «Кўчмас мулк эвазига истиқомат ҳуқуқи» дастури билан боғлиқ қийинчиликлар ўтган йилиёқ бошланган.
Кеча, пайшанба куни Қиличдорўғли Инжа билан юз берган воқеани назарда тутиб, Россияни сайловларга аралашувда айблади.
«Азиз рус дўстлар, кеча бу мамлакатда фош қилинган монтажлар, фитналар, Deep Fake контенти ва ёзувлари ортида сиз турибсиз. 15 майдан кейин ҳам дўстлигимизни давом эттирмоқчи бўлсангиз, Турк давлатидан қўлингизни тортинг. Биз ҳамон ҳамкорлик ва дўстлик тарафдоримиз», деб ёзди у ижтимоий тармоқда.
Мавзуга оид
16:21 / 22.05.2025
«Яқин орада Шимолий Кипрнинг Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлган кунларни ҳам кўрамиз» – Эрдўған
20:30 / 17.05.2025
Эрдўған Қора денгизда 30 миллиард долларлик газ кони топилганини эълон қилди
10:26 / 16.05.2025
Туркия Путин ва Зеленский тайёр бўлса, уларни қабул қилишга тайёр
17:14 / 14.05.2025