Жаҳон | 17:06 / 14.05.2023
29880
4 дақиқада ўқилади

Қиличдорўғли тўғрисида асосий фактлар. Давлат хизматидаги узоқ йиллар, сиёсатдан кетиш ва қайтиш

Халқ алянсидан президентликка номзод бўлган Камол Қиличдорўғли — сайловларда Ражаб Тоййиб Эрдўғанга хавф сола олган илк сиёсатчидир. Қуйида ушбу асосий мухолиф сиёсатчи ҳақида асосий фактлар келтирилади.

Фото: Murad Sezer / Reuters

Камол Қиличдорўғли 1948 йил 17 декабрида Туркия шарқидаги Тунжели шаҳрида, армия зобити ва уй бекаси оиласида туғилган.

Сиёсатчи сайловолди кампанияси чоғида эълон қилинган видеороликда диний озчиликни ташкил этувчи алавийларга мансуб эканини айтади. У ғалаба қозонган тақдирда сунний мусулмонлар устунлик қилувчи мамлакатда алавийлардан чиққан илк раҳбар бўлади.

Иқтисодий таҳсил олган, Туркия молия вазирлигида ишлаган, 1983 йилда эса давлат хизматида илк бор юқори лавозимга эришган - молия вазирлигида Даромадлар бош бошқармаси директори ўринбосарига айланган. 1991 йилда Ҳунардмандлар ва кичик тадбиркорларни ижтимоий муҳофаза қилиш жамғармаси бош директорлигига тайинланган, бир йил ўтиб Ижтимоий суғурта фондига раҳбар бўлган. Қиличдорўғли 1999 йилда давлат хизматини тарк этган ва сиёсатдан ҳам кетган. 1994 йилда Ekonomik Trend журнали томонидан «йил амалдори» дея эътироф этилган.

Камол Қиличдорўғли. 2023 йил. Фото: Tunahan Turhan / Reuters

У уч йилини дарс бериш ва тадбиркорлик фаолиятига бағишлайди: 1999 йилдан 2002 йилга қадар бўлган даврда ўзини Анқарадаги Хожитепе Университетида ўқитувчи сифатида синаб кўради, кейин — Turkiye Is Bankasi банки директорлар кенгаши аъзоси бўлиб ишлайди.

2002 йилда Жумҳурият халқ партиясига («Республика халқ партияси») аъзо бўлади ва Туркия парламенти - Буюк Миллий йиғилиш депутатига айланади, шундан кейин мунтазам равишда янги муддатларга сайланади, 2007 йилдан 2010 йилгача ўз партиясининг парламентдаги фракциясига раҳбар ва партия раиси ўринбосари бўлади. Партия 1923 йилда замонавий Туркия асосчиси Мустафо Камол Отатурк томонидан тузилганди.

2010 йилда Жумҳурият халқ партияси раиси бўлади. Қиличдорўғлининг партия ичидаги рейтинги барча рекордларни янгилайди: уюшма қурултойида 1250 кишидан 1246 киши унга овоз беради. Шунга қарамай, у шу йилга қадар Туркия президентлик сайловларида партиядан номзодини кўрсатмаганди.

Камол Қиличдорўғли Жумҳурият халқ партияси қурултойида ўз тарафдорларига салом йўлламоқда, 2010 йил
Фото: Umit Bektas / Reuters

Қиличдорўғли фақат бир марта, 2009 йилда партия номидан Истанбул мэрлиги учун номзодини қўйган ва 36,8 фоиз овоз олиб, ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси номзодидан мағлуб бўлганди. Унинг рақиби Қодир Тўпбош 44,7 фоиз овоз тўплаганди.

Партия бошқарувидаги йилларда Қиличдорўғли бирор марта президентлик сайловларида ҳам, парламент сайловларида ҳам Ражаб Тоййиб Эрдўғанни енга олмади. Энг жиддий муваффақият 2019 йилга келиб маҳаллий сайловларда қўлга киритилади, ўшанда Жумҳурият халқ партияси номзодлари Анқара ва Истанбул мэрлигини ютиб олишади.

Камол Қиличдорўғли Истанбулда сайловлар арафасидаги митинг чоғида тарафдорларига мурожаат қилмоқда, 2019 йил.
Фото: Huseyin Aldemir / Reuters

Сиёсатчи Халқ алянсининг ягона номзоди бўлиши учун бир ойдан ортиқ вақт кутди, чунки у ўз партиядошлари — Истанбул ва Анқара мэрлари Акром Имомўғли ва Мансур Явош каби сайловчилар орасида таниқли эмасди. Ягона номзод танлаш бўйича келишмовчилик шунга олиб келдики, «Саодат» партияси етакчиси (олти партиядан иборат коалициядаги иккинчи йирик куч) Мерал Акшенер кекса номзод кўрсатилишига қарши бўлиб, коалициядан чиқишини эълон қилди, аммо бир неча кун ўтганидан кейин Қиличдорўғли ғалаба қозонган тақдирда, Имомўғли ва Явош вице-президентликка тайинланиши шарти билан қайтди. Натижада Қиличдорўғли фақат 2023 йил 6 мартига келиб Халқ алянсининг ягона номзоди сифатида эълон қилинди.

Қиличдорўғли 1974 йилда оила қурган, икки қизи ва бир ўғли бор.

Камол Қиличдорўғли ва рафиқаси Селви, 2022 йил. Фото: Burak Kara / Getty Images

Мавзуга оид