Ўзбекистон | 18:52 / 15.05.2023
11445
5 дақиқада ўқилади

“ОТМнинг мингталик, беш юзталик рейтингга кириши қоғозда бўладиган жараён эмас” – эксперт

Олий таълим бўйича мутахассис Азамат Акбаровнинг айтишича, олийгоҳларнинг халқаро рейтингларга киришида 3 та асосий жиҳат инобатга олинади. Булар – ОТМнинг академик ҳамда иш берувчилар орасидаги нуфузи, ундан етишиб чиқаётган кадрлар ва ходимларнинг мақолаларига берилган иқтибослар.

Kun.uz олий таълим муаммоларига бағишлаб расмийлар ва шу йўналишдаги эксперт билан интервю ташкил қилди. Суҳбатда таълим бўйича эксперт, профессор Азамат Акбаров ҳам қатнашиб, топ рейтинглар масаласида ўз фикрларини билдирди.

“Ҳар бир университетни ташкил этишдан мақсад бўлади. Масалан, олийгоҳлар жойлашган ҳудудини, давлатини ривожлантириши керак бўлади. Европа, Америка тажрибасидан келиб чиқсак, ҳар бир университетга боғлиқ шартлар бор. Ҳозирги давр университетлари — биринчи авлод университетлари, яъни 1970-80-йиллардаги ОТМлардан фарқли равишда фақатгина интернетдаги бор маълумотни олиб, аудиторияга етказиш эмас, балки ўша маълумотни таҳлил қилиб, янги қўшилган қиймат билан маҳсулотни ярата оладиган кадрни чиқариш керак бозорга. Бу билан бирга чиқадиган кадрлар бозорда иш берувчиларнинг ишончини қозонадиган бўлса, бу ўша давлатнинг ЯИМга катта ҳисса қўшган бўлади. Демак, биз бор бўлган ватандошларни чет элга эмас, уларни Ўзбекистоннинг ўзида сақлаб, вилоятларнинг турли хил бурчакларида иш билан таъминлашимиз, бу Ўзбекистонни иқтисодий рейтингларда илғор давлатлар қаторига қўша оладиган омил ҳисобланиши керак.

Агар топ 500 таликка кирган университетларни олсак, улар ҳам қандайдир статистика учун киришмаган, улар айнан ўша давлатнинг иқтисодий драйверлари ҳисобланган маҳсулотларни етказиб бероладиган 3.0, 4.0 университетлар саналади. Демак, ОТМнинг мингталик, беш юзталикка кириши қоғозда бўладиган жараён эмас. Ҳозир ЯИМ бўйича нечанчидир ўринда турган бўлсак, университетларни 500 таликка киритсак, бу билан биз иқтисодий натижани яна ошириб, кучли 50 таликка киришимиз мумкин бўлади.

Рейтингларга бироз назар ташласак, 2019 йилда қўйилган вазифа мана 2023 йил келдики, бирор университетимиз топ мингталикка кирмаган. Нима учун топ мингталикка кирмаган? Бунинг ўзига яраша омиллари бор. Агар илғор рейтинглар шартларига қарайдиган бўлсак, бунинг жуда кўп мезонлари бор. Шуларнинг асосий 3тасини айтиб ўтсам, булар: академик нуфуз, иш берувчилар орасидаги нуфуз ҳамда мақолаларга берилган иқтибослар.

Академик нуфуз нимани англатади? Ҳозир кўп университетлар ҳақиқатан ҳам Scopus журналларида мақола чиқаришга ҳаракат қилишмоқда. Бу яхши, албатта. Лекин Scopus журналида чиқадиган мақола бор ва ўша мақоланинг бошқалар томонидан эътироф этилиши бор. Иккинчиси энг муҳим элемент ҳисобланади. Биз миллиардлаб тўлаб, журналларда кўр-кўрона мақола чиқаряпмиз, аммо ўша мақолага ҳеч ким қизиқмайди. Бу – бизнинг энг катта муаммойимиз. Академик нуфуз деганда, чиқарилган мақолага дунё бўйича муносабат, таъсир бўлиши керак. Америкада бир мақола чиқса, унинг таъсирини Ўзбекистон, Хитой ёки дунёнинг бошқа давлатларидан туриб биз ҳис қиламиз. Демак, агар биз фақатгина бор бўлган KPI рейтингларини тўлдириш учун мақола чиқарадиган бўлсак, лекин унинг дунё миқёсида таъсири бўлмайдиган бўлса, университетлар шу ернинг ўзида 40 фоизни йўқотяпти. Яъни бизда номигагина Scopus'да мақола бор, лекин унинг ишлаб чиқариш, дунёнинг ривожланишига ёки бошқа иқтисодий драйверларга ҳиссаси қўшилмайди. Бу биринчиси.

Иккинчиси, чиқарилган мақолаларга ҳавола бериш. Бу муҳим ҳисобланади. Афсуски, бизда мақолаларнинг кўпчилиги долзарб бўлмагани, нафақат дунёдаги, балки Scopus'даги мақола қайси шаҳардан чиққан бўлса, ўша ҳудуддаги муаммоларга ечим беролмагани учун актуаллигини йўқотган. Бу мақолалар қоғозда бор, аммо халқаро университетлар рейтингига таъсири йўқ. Мана шунга академик нуфуз дейилади. Чиқарилган илмий мақола дунёга қанчалик таъсир ўтказа олади.

Шунингдек, учинчиси, иш берувчилар орасидаги нуфузи ҳисобланади. Сир эмас, ҳозирда глобализация даврида инсонлар дунёнинг исталган давлатига бориб ишлаш имкониятига эга. Яқинда хорижда яшаб, ишлайдиган ватандошлар ҳақидаги фильмни ҳам томоша қилдик. Бизнинг ҳамюртларимиз дунёнинг нуфузли университетлари, банкларида ишлашмоқда. Бу уларга иш берган компаниялар ватандошларимиз тамомлаган ОТМга миннатдорлик билдириши мумкин дегани. Бу жуда ҳам яхши нарса. Лекин рақамларда олиб қарасак, бундай ҳолатлар жуда кам. Баъзан ўзимиздаги маълум бир университет битирувчилари ҳам хусусий секторда ишлай олмасликлари мумкин”,– дейди у.

Тўлиқ видеони шу ерда кўришингиз мумкин.

Дилшода Шомирзаева
Муаллиф Дилшода Шомирзаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид