Ўзбекистон | 11:41 / 15.05.2023
25213
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Эрдўғанни «умумхалқ сайловлари муваффақиятли ўтказилгани» билан табриклади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 май куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан телефон орқали мулоқот қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари Туркия етакчисини мамлакатда президентлик ва парламент сайловлари муваффақиятли ўтказилгани билан қутлади. Уларнинг якунларига кўра, сайловчиларнинг кўпчилиги амалдаги президент ва республика альянсига овоз берган.

Овоз бериш натижалари Туркия халқи президент Ражаб Тоййиб Эрдўған раҳбарлигида амалга оширилаётган сиёсий янгиланишлар ва иқтисодий ислоҳотларни кенг қўллаб-қувватлаётганидан далолат экани алоҳида таъкидланди.

Суҳбатда Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши кун тартибини тайёрлаш бўйича фаол ишларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

  • Маълумот учун, Туркияда 14 май куни ўтказилган президентлик сайловларининг биринчи турида номзодларнинг ҳеч бири ғалаба учун зарур бўлган 50 фоиздан ортиқ овозни тўплай олмади. Овозларнинг 99,2 фоизи ҳисоблаб чиқилган ҳолатда амалдаги президент 49,3 фоиз овоз олган, мухолифат номзоди Камол Қиличдорўғли қарийб 45 фоиз овоз жамғарган. Энди икки ҳафтадан кейин, 28 май куни ушбу икки номзод ўртасида иккинчи тур ўтказилади. 
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид