Ўзбекистон | 14:18 / 20.05.2023
10390
3 дақиқада ўқилади

Партиялар президентлик сайловлари учун ўз номзодларига имзо тўплашмоқда

Қоидага мувофиқ, сайловда иштирок этишига рухсат берилган сиёсий партиядан кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлаб, сайловчилар умумий сонининг камида бир фоизи имзоси тўпланиши керак.

Халқ демократик партияси, Ўзбекистон Экологик партияси, “Миллий тикланиш” демократик партияси, O'zLiDeP ва “Адолат” СДПнинг бошланғич партия ташкилотлари томонидан президентлик сайловлари учун ўз номзодларига имзо йиғиш жараёни давом этмоқда.

Имзо тўплаш тамомланганидан сўнг ҳудудлар бўйича алоҳида-алоҳида қилиб тикилган имзо варақалари Марказий сайлов комиссиясига топширилади ҳамда уларнинг тўғри тўлдирилганлиги беш кунлик муддатда текшириб чиқилади. 

Халқ демократик партиясига кўра, партиянинг имзо йиғиш жараёнида фуқаролар, аҳолининг турли қатлами вакиллари партия ғоялари, ташаббуслари билан яқиндан танишган ҳолда қатнашмоқда.

Ўзбекистон Экологик партиясида овоз тўплаш жараёнлари партиянинг 3 мингдан ортиқ бошланғич партия ташкилоти, партия фаоллари билан биргаликда ташкил этилмоқда. Партия мазкур жараёнда фуқаролар ўз хоҳиш-истаклари билан кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлаб, сайловда иштирок этишига хайрихоҳлик билдираётганини маълум қилган

“Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан ҳам имзо йиғиш ишлари жадал олиб бориляпти. Жумладан, Наманган шаҳридаги “Янги Ўзбекистон – ёшлар зиё маскани”да кўплаб сайловчилар партиядан кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлаб, имзо варақасини тўлдирганлар.

Ўз номзодига имзо йиғишда O'zLiDePнинг ҳудудий бўлимлари вакиллари, депутатлар, қуйи бўғинлар аъзолари ҳам фаоллик кўрсатишяпти. Жумладан, Жиззах вилоятидаги овоз йиғиш жараёнлари Жиззах шаҳридаги йирик корхона ва ташкилотларда ҳам олиб борилган.

“Адолат” СДП ҳам вилоят кенгашлари томонидан имзо тўплашга масъулият билан ёндашилаётганлигини маълум қилган. 

“Вилоят миқёсида 23 минг нафарга яқин сайловчининг имзосини тўплашимиз керак. Жараённи самарали ташкил этиш мақсадида партия фаоллари, депутатлардан иборат ишчи гуруҳлар шакллантирилган», дея таъкидлаган партиянинг Самарқанд вилояти кенгаши раиси ўринбосари Лола Сайидова.

Маълумот учун, Сайлов кодексининг 38-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сиёсий партия ўзининг ваколатли вакили рўйхатга олинганлик гувоҳномасини олганидан кейин сайловчиларнинг имзосини тўплашга ҳақли.

Сайловчиларнинг имзосини тўплаш иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойида, сайловолди тадбирларида, шунингдек ташвиқот юритиш ва имзо тўплаш қонун билан тақиқланмаган бошқа жойларда амалга оширилади.

Имзо тўплаётган шахс томонидан сайловчиларни мажбурлаш ва ўзига оғдириб олишнинг ҳар қандай шакли қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Мавзуга оид