Жаҳон | 12:20 / 20.05.2023
6277
2 дақиқада ўқилади

Россия ҳукумати Greenpeace'ни "номақбул ташкилот" деб эълон қилди

Россия Федерацияси Бош прокуратурасининг таъкидлашича, Greenpeace'нинг Россиядаги ҳаракатлари “ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштириш ва мамлакатдаги ҳокимиятни конституцияга зид йўл билан ўзгартиришга уриниш”дир.

Фото: Greenpeace

Энг йирик халқаро ноҳукумат экологик ташкилот - Greenpeace Россияда "номақбул ташкилот" деб эълон қилинди. "У Россия Федерацияси конституциявий тузуми ва хавфсизлиги асосларига таҳдид солади", - дейилади Россия Федерацияси Бош прокуратураси 19 май, жума куни тарқатган баёнотда. “Жамғарманинг саъй-ҳаракатлари ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштириш ва мамлакатдаги ҳукуматни конституцияга зид йўл билан ўзгартиришга уринишдир”, - деб ҳисоблайди ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган.

Прокуратура, шунингдек, Россияда экологларнинг фаолияти "аслида сиёсий позицияни фаол илгари суриш, давлатнинг ички ишларига аралашишга уринишлар билан бирга кузатилмоқда ва унинг иқтисодий асосларини бузишга қаратилган", деб ҳисоблайди. "Кўпинча Greenpeace иши салбий жамоатчилик фикрини шакллантириш, инфратузилма ва энергетика лойиҳаларини амалга оширишнинг олдини олиш учун маълумот кампанияларини ва ҳокимият билан келишилмаган оммавий акцияларни ташкил этиш орқали Россия давлат дастурларини амалга оширишга тўсқинлик қилиш билан боғлиқ", дейилади баёнотда.

Алоҳида сатрда Россия ва Украина ўртасида уруш бошланганидан сўнг ташкилот фаоллари “Россияга қарши тарғибот-ташвиқот билан шуғулланаётгани, Россия Федерациясини янада иқтисодий изоляция қилишга ва санкция чораларини кучайтиришга чақираётгани” қайд этилган. 

Greenpeace халқаро нодавлат экологик ташкилот сифатида 1971 йилда Канадада ташкил этилган ва 55 мамлакатда ваколатхоналарига эга. Россия филиали 1992 йилда очилган. Сайтдаги маълумотларга кўра, Greenpeace ваколатхонасининг Россиядаги икки – Москва ва Санкт-Петербургдаги офисларида 100 га яқин ходим ишлайди.

Мавзуга оид