Иқтисодиёт | 14:42 / 22.05.2023
30562
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Қирғизистонга қишда ушлаб қолинган электр энергиясини қайтаришни бошлади

Январдан мартгача Қирғизистонга 928,9 миллион киловатт-соат электр энергияси импорт қилинган. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий статистика қўмитасининг 2023 йил январь-март ойлари учун ташқи ва ўзаро савдо бўйича бюллетенида маълум қилинди, дея хабар беради Kabar.

Фото: Getty images

Ўтган йилга нисбатан Қирғизистонга электр энергияси импорти ҳажми 5,7 фоизга камайди. 

Жорий йилнинг дастлабки уч ойи давомида электр энергиясининг асосий ҳажми Қозоғистондан келди - 485,9 миллион киловатт-соатдан ортиқ ёки 52,3 фоиз. Қозоғистон электр энергиясининг умумий қиймати 1 миллиард 259 миллион 961,2 минг сомни ташкил қилди. Тақдим этилган маълумотларга кўра, 1 киловатт-соатнинг нархи ўртача 2,59 сомга тенг бўлди.

Февраль ойидан бошлаб Туркманистондан электр энергияси етказиб бериш қайта тикланди. Икки ой давомида Қирғизистонга 297,3 миллион киловатт-соатдан ортиқ энергия етказиб берилди, бу умумий ҳажмнинг деярли учдан бир қисмини (32 фоиз) ташкил этади. Умумий қиймати 778 миллион 675,4 минг сом – ўртача 2,6 сом.

Нашрнинг ёзишича, март ойидан Қирғизистон Ўзбекистондан электр энергияси импорт қила бошлаган. Аввалги ҳисоботларда Ўзбекистондан етказиб бериш ҳажми кўринмаган. Ой давомида 145,6 миллион киловатт-соатдан ортиқ электр энергияси етказиб берилди. 

2023 йил январь ойида Туркманистондан электр энергияси импорт қилинмади. Ўшанда Қирғизистон Энергетика вазирлиги Ўзбекистондаги энергетика инқирози шароитида электр энергияси етказиб бериш вақтинча тўхтатилгани ҳақида хабар берган эди. 

«Ўзбекистон Туркманистондан Қирғизистонга ўз ҳудуди орқали етказиб берилаётган электр энергиясини ушлаб турди ва кейинчалик Қирғизистонга ушлаб қолинган электр энергиясини қоплаш мажбуриятини олди», — дейилади хулосада.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид