Навоийда халқнинг пулига қурилган спорт мажмуаси халқдан тортиб олинмоқда
Навоий шаҳридаги “Ёшлар” спорт мажмуаси ер майдони ва ёрдамчи хоналари билан биргаликда “Қизилқум” футбол жамоаси балансига бепул берилиши кутиляпти. Бу ҳақда ҳукумат фармойиши лойиҳаси ишлаб чиқилган. Давлат бюджети маблағига қурилган мажмуанинг катта қисми МЧЖга “совға қилиниши” ортидан юзлаб спортчи ва ишчи-ходимлар кўчада қолиши мумкин.
Бундан 11 йил олдин, “Умид ниҳоллари-2012” спорт мусобақаларининг финал босқичи ўтказилиши муносабати билан Навоий шаҳрида қарийб 20 млрд сўм (ўша пайтдаги курс бўйича тахминан 11 млн АҚШ доллари) миқдорда давлат бюджети маблағлари ҳисобига “Ёшлар” спорт мажмуаси барпо этилганди. Умумий ҳудуди 15 гектарни ташкил қилувчи мажмуада спортнинг ўндан ортиқ тури бўйича машғулот олиб бориш имкониятлари мавжуд.
Кўплаб спорт турлари бўйича Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон чемпионлари етишиб чиққан спорт мажмуасининг катта қисми ҳукумат фармойиши билан “Қизилқум” футбол жамоаси балансига бепул ўтказиб берилиши кутиляпти. Мажмуада машғулот олиб борувчи юзлаб спортчилар, уларнинг мураббийлари ва ота-оналари, ишчи-ходимлар бундан норози.
“Ёшлар” спорт мажмуаси ҳозирги кунда Навоий вилояти спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган спорт мактаби балансида. Мажмуани сақлаб туриш ҳаражатларининг бир қисми давлат бюджети, қолган қисми ихтисослаштирилган спорт мактаби маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Ихтисослаштирилган спорт мактабида 10 та олимпия спорт туридан бўлимлар (енгил атлетика, футбол, волейбол, баскетбол, гандбол, чим устида хоккей, теннис, бадминтон, стол тенниси, регби-7) фаолият кўрсатади. Уларда 31 нафар малакали тренер ўқитувчилар назорати остида 486 нафар спортчи машғулот олиб боради. Спортчилар орасидан кўплаб чемпионлар, юқоридаги спорт турларидан миллий терма жамоа аъзолари етишиб чиққан.
“Спорт мажмуамиз шаҳарнинг марказий ўйингоҳи ҳисобланади. Унда стандартга мос футбол майдонлари, вилоятда ягона бўлган резин қопламали югуриш йўлаклари, иккита универсал зал мавжуд. Ҳозирги кунда ушбу яратилган шароитлардан спортнинг олимпия туркумига кирувчи енгил атлетика, футбол, регби-7, чим устида хоккей ва паратлетика каби турларидан юзлаб спортчилар фойдаланиб, шуғулланиб келишмоқда.
Айни кунларда спортчиларимиз Осиё ва жаҳон мусобақаларига ҳамда 2024 йил Парижда ўтказиладиган Олимпияда ва Паралимпиадага тайёргарлик кўришмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси фармойиши лойиҳасига кўра, спорт мажмуасининг катта қисми ПФК “Қизилқум” МЧЖга моддий техник база яратишга ажратилиши, маъмурий бино ва иккита универсал зал эса вилоятнинг Гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган мактабига ўтказилиши режалаштирилган.
Бизни эса ҳозирги кунда жуда ачинарли ҳолатга келиб қолган “Кимёгар” ўйингоҳига кўчиришмоқчи. Ушбу ўйингоҳ аслида “Навоийазот” АЖ ходимлари учун барпо қилинган. У ерга қатнаш жисмоний имконияти чекланган спортчилар учун ноқулайликлар туғдиради. Қолаверса, саноат ҳудудига яқин бўлгани сабабли ҳавоси ҳам нотоза.
Агар спорт мажмуамиз “Қизилқум” футбол клуби балансига олиб берилса, бу ерда машғулот олиб бораётган 500 нафарга яқин спортчи, ишчи-ходимлар, мураббийлар кўчада қолиши мумкин”, — дейди Навоий вилояти спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган спорт мактаби мураббийи Санжар Аслонов.
Ихтисослаштирилган спорт мактаби жамоасига кўра, мажмуа жойлашган ҳудуд атрофида 6та маҳалла, 4та мактаб бор. Турли ёшдаги аҳоли ҳам жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиб туриш учун мажмуага келади. Агар у “Қизилқум” футбол клубига ўтказилса, ўз-ўзидан ёпиқ иншоотга айланади.
“Ёшлар” спорт мажмуасини ер майдони ва ёрдамчи хоналари билан “Қизилқум” футбол клуби балансига, 2 та спорт ва бадиий гимнастика залини эса ёрдамчи хоналари билан биргаликда Гимнастика спорт турларига ихтисослашган спорт мактаби балансига бепул бериш ҳақидаги Вазирлар Маҳкамаси фармойиши лойиҳаси 2022 йилнинг октябр ойида ишлаб чиқилган. Лойиҳада ушбу таклиф ўша пайтдаги Молия вазирлиги, Спортни ривожлантириш вазирлиги, Навоий вилояти ҳокимлиги, “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан берилгани айтилади.
Лойиҳага кўра, спорт мажмуасида “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖнинг ҳомийлик маблағлари ҳисобидан “Қизилқум” клуби футболчилари учун зарур инфратузилма яратиш, жумладан футбол майдонини замонавий талаблар асосида таъмирлаш, яшаш, овқатланиш, тиббий хизмат, ўқув машғулотлари учун қўшимча бино ва иншоотларни қуриш кўзда тутилган. Бу ҳозирча ҳамма учун очиқ бўлган спорт мажмуаси кейинчалик халққа “ёпилади” дегани.
Маълумот учун, ПФК “Қизилқум” МЧЖ 100 фоизлик улуш билан “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖга тегишли.
Ҳолатдан юзасидан изоҳ олиш мақсадида Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги билан боғландик. Вазирликнинг таълим муассасасалари билан ишлаш ва услубий таъминлаш бўлими бош мутахассиси Акбар Уразбаев ҳукумат фармойиши лойиҳаси ишлаб чиқилганини тасдиқлади ҳамда бу ишлар халқ манфаати учун амалга оширилаётганлигини маълум қилди.
“Бутун мажмуани бераётганимиз йўқ, фақат стадионни моддий техник базасини ривожлантириш бўйича “Қизилқум” футбол клубига ўтказиб беряпмиз. Буни бериш орқали “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ бизга замонавий ва халқаро талабларга жавоб берадиган 2 та табиий ва битта сунъий қопламали футбол майдони қуриб беради. Қолаверса, футболчилар учун барча шароитлар яратилади. Футболни қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантириш мақсадида қилинаётган ишлар бу.
Мажмуанинг бир қисмини “Қизилқум” футбол клубига берди дегани, у ерга футболчилардан бошқа одам кирмайди дегани эмас. Қолаверса, мажмуни сақлаб туриш ҳаражатлари кам эмас. Уни таъмирлаш учун инвестиция дастурига киритилган тақдирда ҳам бирданига 40-50 млрд сўм маблағ ажратилиши қийин. “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ эса катта маблағ айланмасига эга бўлган корхона. Шунинг учун, буларнинг бари халқ манфаатлари йўлида амалга оширилмоқда”, — дея таъкидлади вазирлик бош мутахассиси.
Спорт мажмуаси халқнинг пулига қурилиб, халқдан бу шаклда “тортиб олинаётгани” адолатсизлик, ушбу таклиф ортида айнан спортга алоқадор вазирлик ва ҳокимлик тургани эса бироз ғалати. Қолаверса, бу мақсад орқали биргина футбол учун ўнлаб олимпия спорт турларининг “қурбон” қилинаётгани тушунарсиз.
Тегишли вазирликлар ва масъуллар бу масалани чуқурроқ ўрганиб кўриши зарур.
Kun.uz мавзуни кузатиб боради.
Руслан Сабуров,
Kun.uz
Мавзуга оид
14:11 / 11.11.2024
Навоийда Nexia ва Exeed тўқнашиши оқибатида икки киши ҳалок бўлди
12:32 / 06.11.2024
Миср Навоийдаги мис конида бурғилаш ишларини бошлади
16:28 / 01.11.2024
Зарафшон шаҳри аэропорти фаолияти тикланиши мумкин
12:39 / 01.11.2024