Жаҳон | 12:31 / 24.05.2023
5788
1 дақиқада ўқилади

Россияда ҳарбий хизматга чақирилувчиларнинг хорижга чиқиш паспорти олиб қўйилади

Россия Федерациясида муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчилар чақирув эълон қилинганидан кейин 5 кун ичида хорижга чиқиш паспортларини топширишлари керак. Агар улар буни қилмаса, ҳужжат ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Давлат думаси томонидан қонунга тегишли тузатишлар қабул қилинди.

Фото: ТИА

Россия Федерацияси Давлат Думаси 23 май, сешанба куни учинчи, якуний ўқишда “Россия Федерациясидан чиқиш ва Россия Федерациясига кириш тартиби тўғрисида”ги қонунга ҳарбий ёки муқобил фуқаролик хизматига чақирилган шахсларни хорижга чиқиш паспортларини ушбу ҳужжатни берган органга сақлаш учун топширишга мажбурловчи тузатишларни маъқуллади.

Агар паспорт узрли сабабларсиз ваколатли органга сақлаш учун берилмаса, у ҳақиқий эмас деб топилади. Шунингдек, паспорт эгаси фамилияси, исми, отасининг исмини ёки туғилган санаси ва жойи, фуқаролиги тўғрисидаги маълумотларни ўзгартирса, паспорт ҳақиқий эмас деб топилади.

Тузатишлар ҳали ҳам Федерация кенгаши томонидан тасдиқланиши ва Россия президенти томонидан имзоланиши керак, улар расмий эълон қилинган кундан бошлаб 180 кун ўтгач кучга киради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид