Ўзбекистон | 22:23 / 27.05.2023
27152
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон–Сингапур: Президентлар нималарга келишди?

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев январ ойида Сингапурга ташриф буюрганди. Куни кеча бу мамлакат президенти Ҳалима Ёқуб жавоб ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Kun.uz икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ҳақида сиёсий фанлар доктори Гўзал Садиева билан суҳбатлашди.

— Сингапур тарихан мураккаб вазиятдан то ҳозиргидек дунёнинг катта иқтисодий марказларидан бирига айланди. Бунда, албатта, Ли Куан Юнинг давлат бошқаруви ва унинг ислоҳотлари ҳақида эслаб ўтиш шарт. Айтинг-чи, Сингапур қандай тенденциялар асосида ривожланди?

Сингапурнинг бугунги кундаги энг ривожланган мамлакатлар қаторида туриши ва аҳолининг юқори даромади бевосита Сингапур иқтисодий мўъжизасини яратган Ли Куан Ю номи билан боғлиқ.

Сингапурнинг ривожланиши бир-неча босқичларни ўз ичига олади. Дастлабки давр 1965-70 йилларда саноатни ривожлантириш даври, иккинчи босқич эса 1980-90 йиллар маҳаллий технологик имкониятларнинг кучайиш даври. Учинчи давр амалий-илмий тадқиқотларни кенгайтириш ва юқори технологияли ишлаб чиқариш, асосан илмий тадқиқотларга кўпроқ урғу бериш даври бўлди.

Ли Куан Ю IT-дастурни амалга оширишни мақсад қилди, яъни миллий таълимга сармоя киритиш орқали мамлакатда компютер саводхонлигини 100 фоизга етказиш, хусусий тадбиркорликка ўрнак кўрсатган ҳолда давлат аппаратини тўлиқ компютерлаштириш ва мамлакатда рақобатбардош компютер саноатини шакллантириш.

Шундай қилиб, асосий эътибор инсон омили ва тўлиқ компютерлаштиришга қаратилган.

— Бугунги кунда Сингапур иқтисодиётининг дунё ҳамжамиятидаги ўрни қандай? Сингапур ва глобал иқтисодиёт қандай омиллар билан узвий боғлиқ?

Сингапур дунёда аҳоли жон бошига ЯИМ энг юқори бўлган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Жаҳон банки, Халқаро валюта фонди ва БМТнинг номинал ялпи ички маҳсулот бўйича мамлакатлар рўйхатида юқори ўринларни эгаллаган. Жаҳон банки рейтингида 35-ўрин, Халқаро валюта фонди ва БМТ рейтингларида 34-ўринда қайд этилган.

Шунингдек, мамлакат иқтисодиёти маҳсулотлар экспортига боғлиқ. Жумладан, маиший электроника, ахборот технологиялари, фармацевтика маҳсулотлари, молиявий хизматлар.

Сингапур иқтисодиёти коррупциядан холи иқтисодиёт ҳисобланади. Яъни очиқлик ва шаффофлик 100 фоиз таъминланган.

Сингапур – нефтни қайта ишлаш бўйича дунёдаги учта йирик экспорт марказларидан бири. Шунингдек Сингапурнинг қулай географик жойлашуви ҳам дунё инвесторларини ўзига жалб этади.

Сингапурда коррупциянинг деярли йўқлиги, малакали ишчи кучи, илғор ва самарали инфратузилмаси трансмиллий корпорациялар учун жозибадор бўлиб қолди.

— Шу вақтгача Сингапур ва мустақилликка эришган Марказий Осиё давлатлари муносабатлари қандай шаклланган эди?

Собиқ СССР парчалангандан кейин Марказий Осиё давлатлари ташқи дунёнинг алоҳида мустақил субъектлари сифатида мулоқотга киришишни бошлади. Мустақилликнинг дастлабки йилларида Марказий Осиё давлатларига қизиқиш унчалик юқори бўлмаган ва минтақа давлатлари араб дунёси билан яқинлашишга ҳаракат қилган эди.

Марказий Осиё айрим минтақа давлатларининг манфаатлари тўқнашадиган минтақа дейиш ҳам мумкин. Ўзбекистон ташқи сиёсат концепциясида Сингапурга алоҳида эътибор бериляпти.

— Ўзбекистон ва Сингапур ўртасида олий даражадаги ташрифлар кузатилмоқда. Ўзаро алоқаларда асосан қандай мавзулар муҳокама қилинмоқда?

Сингапур билан қўшма таълим дастурлари бор, университетлар фаолият юритади, амалдаги инвестициялар тўрт баробар ортган ва тўғридан тўғри инвестициялар асосидаги 700 млн долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Президентимиз 2023 йил январ ойидаги ташрифида Сингапур билан яқин истиқболдаги ҳамкорликнинг асосий йўналишларини кўрсатиб ўтди.

Инсон капиталини ривожлантириш, давлат бошқаруви учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш, шаҳарсозлик инфратузилмасини ривожлантириш, рақамли трансформация, инновациялар, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида биргаликда давлат хизматчиларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш дастурини амалга оширишга келишиб олинди.

Шунингдек, Ўзбекистон Давлат бошқаруви академияси негизида Сингапурнинг етакчи экспертларини жалб қилган ҳолда давлат хизматчиларини интенсив қайта тайёрлаш дастури ишга туширилиши режалаштирилган.

— Айнан сиз фаолият юритадиган Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ҳам бир қатор учрашувлар ўтказилди. Ушбу учрашувлар натижаси ҳақида айта оласизми?

Президентимиз январ ойида Сингапурга борган вақтларида, Ли Куан Ю номидаги Давлат сиёсати мактаби билан Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат қурилиши академияси билан меморандум имзоланган эди.

Ҳалима Ёқуб билан академия профессор, ўқитувчилари ўртасида мулоқот ўтказилди ва қўшма ўқув дастури масаласи муҳокама қилинди. Яъни Ли Куан Ю номидаги Давлат сиёсати мактаби профессорлари билан ҳамкорликда Ўзбекистон давлат фуқаролик хизматчиларини мана шу дастур доирасида тайёрлаш назарда тутилмоқда.

Нормуҳаммад Али Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид