Иқтисодиёт | 15:40 / 27.05.2023
36320
5 дақиқада ўқилади

РФнинг АЭС иддаоси, камайган газ қазиб чиқариш ва эркинлашадиган нархлар — иқтисодий таймлайн

Россия томони Ўзбекистонда қуриладиган АЭС дизайни лойиҳаси тайёр бўлганини иддао қилди, Ўзбекистон томон буни тасдиқламади. Газ қазиб чиқариш ҳалигача ўтган йилги даражага чиқолмаяпти. Хитойга газ экспорти тикланган. Ҳукумат газ ва электр нархларини либераллаштириш борасида сентябргача янги дастур ишлаб чиқмоқчи. Ортда қолаётган ҳафтанинг иқтисодий янгиликлари иқтисодий таймлайнда.

Газ, нефт, кўмир – ишлаб чиқариш қандай ўзгарди?

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2023 йилнинг 4 ойида газ қазиб чиқариш камайган. Йил бошидан апрел охиригача 16,2 млн куб метр газ қазиб олинган, бу – ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,5 фоизга кам.

Газ конденсати ишлаб чиқаришда ҳам пасайиш бўлган: январ–апрел ойларида 423 минг тонна газ конденсати ишлаб чиқарилган, бу бир йил олдингига нисбатан 7,7 фоизга кам дегани. Кўмир билан ҳам ҳолат шундай, ишлаб чиқариш 7,4 фоизга камайган. Фақатгина нефтда бироз силжиш бор – ўтган йилнинг тўрт ойига нисбатан 4,3 фоиз кўпроқ – 258,5 минг тонна нефт ишлаб чиқарилди.

Айни пайтда, Ўзбекистон Хитойга газ экспортини давом эттираётгани маълум бўлди. Апрелда Ўзбекистон Хитойга 40,5 млн долларлик газ сотган. Ўзбекистондан Хитойга газ экспорти охирги марта ўтган йили декабрда рўй берганди.

Газ ва электр нархларини либераллаштириш дастури қабул қилинади

Ички бозорда эса газ ва электр нархларини либераллаштириш дастури сентябргача қабул қилиниши мумкин. Бу ҳақда энергетика вазири ўринбосари Азим Аҳмедхўжаев маълум қилди.

Ҳозирда ҳар бир корхона учун газ ва электр энергиясига битта тариф белгиланган. Шунинг учун биз уларни ажратиб, Ўзбекистондаги ҳар бир субъект, ҳар бир бизнес ва жамият қатламига алоҳида ёндашмоқчимиз”, деди вазир ўринбосари.

Ўтган йили 1 июлдан аҳоли учун базавий тарифларни 10 фоизга ошириб, табақалаштирилган тарифларга ўтиш режалаштирилган, лекин бу амалга ошмай қолганди. Тарифларни табақалаштириш – истеъмолчиларни тежашга мажбур қилиши билан бирга, нисбатан бадавлат ва энг кўп энергия сарфлайдиган аҳоли қатламига бюджетдан субсидия тўлашни қисқартириш имконини бериши кўзда тутилган.

Иқтисодчилар электр узилишлари ва газ ўчишлари бўйича муаммоларни тубдан ҳал қилиш учун очиқ ва рақобатли энергетика бозорини ташкил этиш кераклигини айтиб келади.

АҚШ компанияси “Uzbekistan GTL”га инвестиция киритади

Энергетика мавзусидан узоқлашмаймиз. Қуриб битказилганига энди 2 йил бўлган “Uzbekistan GTL” заводининг учта ускунаси АҚШнинг “Air Products” компаниясига сотилмоқда. Компания заводга 1 млрд доллар инвестиция киритади. Бу орқали заводнинг самарадорлиги ошиши, маҳсулот таннархи тушиши ва зарарли чиқиндилар камайиши кўзда тутилган. Шартнома қиймати ускуналарни қуришга кетган харажатларни тўлиқ қоплаши, битим GTL лойиҳасининг халқаро кредиторлари билан келишилгани маълум қилинди.

Air products’нинг расмий релизидан маълум бўлишича, гап заводнинг бир қисмини – табиий газни синтетик газга айлантириш комплексини сотиш ҳақида кетяпти.

Ўзбекнефтгаз матбуот хизматига кўра, “Uzbekistan GTL” лойиҳасининг умумий қиймати 3,4 млрд долларни ташкил этиб, “Air Products” компанияси билан тузилган битим доирасида заводнинг фақат учта – ҳавони ажратиш, водород ва синтетик газ ишлаб чиқариш ускуналарини сотиб олиш ва фойдаланиш ҳуқуқи берилмоқда.

Россия Ўзбекистонда АЭС қуриш келишуви деярли тайёрлигини иддао қилди

Якунланаётган ҳафтада Россия ТИВ Ўзбекистонда Россия дизайни бўйича АЭС қуриш келишуви деярли тайёр эканини маълум қилди. Дипломатик идора хабарида Бош шартноманинг асосий шартлари бўйича келишув юқори даражада тайёрлиги айтилган.

Бироқ Ўзбекистон томони бу ҳақда ҳеч қандай маълумот бермади. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги расмий хабарида айтилишича, икки томон ташқи ишлар вазирларининг 22 майдаги учрашувида иқтисодий дипломатияни қўллаб-қувватлашни давом эттириш, парламентлараро мулоқотни мустаҳкамлаш, маданий-гуманитар алоқаларни фаоллаштириш, сайёҳлар алмашинувини кўпайтириш масалалари кўриб чиқилган.

Kun.uz манбаларига кўра, бу учрашувда АЕС масаласи умуман муҳокама қилинмаган.

2017 йил декабрда Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлари атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш бўйича келишув имзолаган. Ўзбекистонда қуриладиган биринчи АЭСнинг қиймати 2018 йилда тахминан 11 млрд долларга баҳоланган эди. Россия томон ўтган йилларда лойиҳа шартномаси деярли тайёрлиги ҳақида бир неча марта баёнотлар берган, аммо Ўзбекистон буни рад этган.

Мадина Очилова тайёрлади.
Оператор – Мирвоҳид Мирраҳимов
Монтажчи – Муҳиддин Қурбонов.

Мадина Очилова
Муаллиф Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид