Ўзбекистон | 22:00 / 28.05.2023
18263
2 дақиқада ўқилади

Мирзиёев Эрдўғанни президент сайловидаги ғалаба билан табриклади

Дастлабки натижаларга кўра, амалдаги президент 52 фоиздан ортиқ овоз билан устун келмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 май куни телефон орқали мулоқотда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанни бугун бўлиб ўтган президентлик сайловида эришган ишончли, тарихий ғалабаси билан самимий қутлади.

«Сайловнинг иккинчи турида сайловчилар иштирокининг юқори даражаси ва овоз бериш натижалари қардош Туркия халқи амалдаги давлат раҳбарининг сиёсати ва ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлаётганининг ишончли ифодаси экани қайд этилди.

Суҳбатда Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Олий даражадаги Кенгашнинг навбатдаги йиғилиши кун тартибини тайёрлаш мақсадида барча даражаларда фаол мулоқотларни давом эттиришга келишиб олинди.

Давлат раҳбарлари халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар», дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.

  • Туркияда бугун, 28 май куни президентлик сайловларининг иккинчи тури бўлиб ўтди. 14 май куни ўтказилган биринчи турда номзодларнинг ҳеч бири ғалаба учун талаб қилинган 50 фоиздан ортиқ овозга эриша олмаганди.
  • Дастлабки натижаларга кўра, сайлов бюллетенларининг 97 фоизи ҳисоб-китоб қилинганидан кейин амалдаги президент 52,14 фоиз овоз тўплаган, мухолифат номзоди Камол Қиличдорўғлига сайловчиларнинг 47,86 фоизи овоз берган.
  • Сайловда давомат 85 фоиздан ортиқроқни ташкил этган (биринчи турда сайловчиларнинг 90 фоизга яқини сайлов участкаларига борганди).

Мавзуга оид