Жаҳон | 11:02 / 28.05.2023
13988
2 дақиқада ўқилади

Туркияда сайловнинг иккинчи тури бошланди

Томонларнинг ғалаба учун имкониятлари тенг баҳоланмоқда.

Фото: Reuters

Туркияда мамлакат президентлиги учун сайловларнинг иккинчи тури бошланди. Сайлов участкалари маҳаллий вақт билан соат 8:00 да очилди ва соат 17:00 га (Тошкент вақти билан соат 19:00) қадар ишлайди.

«Анадолу» маълумотига кўра, бутун мамлакат бўйлаб 191 мингдан ортиқ сайлов қутилари ўрнатилган. Жами аҳолидан 64 миллион киши овоз бериш ҳуқуқига эга ҳисобланади.

Овоз беришнинг биринчи тури 14 май куни бўлиб ўтганди. Унда Туркиянинг амалдаги президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ғалабага эриша олмаган ва 49,51 фоиз овоз тўплаганди. Эрдўғаннинг асосий рақиби, мухолифатчиларнинг ягона номзоди Камол Қиличдорўғли 44,88 фоиз овоз тўплаган.

Учинчи ўринни 5,17 фоиз овоз билан «ОТА иттифоқи» партиялар блокидан номзод этиб кўрсатилган Синан Ўған эгаллаганди. У тарафдорларини иккинчи турда Эрдўған учун овоз беришга чақирди. Шу тариқа, амалдаги президентда ғалаба учун имконият кўтарилди.

Politico нашри томонидан таҳлил қилинган сўровлар кўрсатишича, икки номзодда ҳам ғалаба учун имкониятлар қарийб тенг. Шу билан бирга, Туркиядаги қатор компаниялар ўтказган сўровларда амалдаги президент устунлик қилган.

Туркия марказий сайлов комиссияси якшанба куни соат 21:00 га қадар дастлабки натижаларни эълон қилишни тақиқлаган.

Мавзуга оид