Мирзамаҳмудов ва Миллер Россия газини Ўзбекистонга етказиб беришни муҳокама қилди
Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва “Газпром” раиси Алексей Миллер учрашувида РФдан Ўзбекистонга газ етказиш масаласи кўриб чиқилди.
Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва “Газпром” ОАЖ бошқаруви раиси Алексей Миллер ўртасида ишчи учрашув бўлиб ўтди.
Вазирлик ахборотига кўра, томонлар ҳамкорликнинг бориши ва истиқболларини, жумладан, Россия газини Ўзбекистонга етказиб бериш масаласини муҳокама қилган.
Учрашувнинг бошқа тафсилотлари очиқланмаган. “Газпром” расмий ахбороти ҳам айни маълумотларни такрорлайди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил январ ойида Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва “Газпром” ўртасида газ соҳасидаги ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси” имзоланган эди. Келишувда жорий йил март ойидан бошлаб “Ўрта Осиё – Марказ” қувури орқали реверсив тартибда Россиядан Ўзбекистонга бозор нархида газ етказиб беришни бошлаш учун зарур техник чоралар кўзда тутилган эди, лекин муҳокамалар айни пайтга қадар давом этмоқда.
Россия компанияси шунга ўхшаш шартномани деярли бир вақтда Қозоғистон билан ҳам имзолаган.
Ундан аввалроқ, 2022 йил ноябр ойида РФ президенти Владимир Путин Ўзбекистон ва Қозоғистон билан биргаликда уч томонлама газ иттифоқи тузишни таклиф қилганди. Лекин Ўзбекистон, Россиядан газ харид қилинадиган бўлса, бу иттифоқ тарзидаги келишув асосида эмас, олди-сотди шартномаси шаклида бўлишини билдирган.
ОАВга сиздирилган хабарларга кўра, Россия томони газ иттифоқи доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг газ узатиш тармоқлари эгалигини қўлга олмоқчи бўлган, лекин ҳар икки мамлакат буни рад этган.
Ўтган ҳафта Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин уч мамлакат газ иттифоқи лойиҳасининг параметрларини ишлаб чиқаётганини айтганди.
Мавзуга оид
19:38 / 08.10.2024
“2030 йилга бориб газ импорти 10-11 млрд куб метрга етиши мумкин” — энергетика вазири
20:45 / 07.10.2024
Газлашмаган ҳовлилар учун ҳам электр энергиясига 50 фоизлик чегирма берилиши мумкин
18:52 / 06.10.2024
Қиш учун 5 млрд куб метрдан ортиқ газ омборларга жамланди — энергетика вазири
17:43 / 06.10.2024