Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президент: тиббиётга бюджетдан ажратиладиган йиллик маблағ ҳажми 6 миллиард долларга етказилади
Ўзбекистонда 6 та вазирликда тарқоқ бўлган ижтимоий хизматлар бирлаштирилиб, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилади. Бу ҳақда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
“Юртимизда ўртача умр давомийлигини ҳозирги 73 ёшдан келгусида 78 ёшга етказиш бўйича барча имкониятларни ишга соламиз”, деди у.
Бунинг учун, 2030 йилга қадар:
- оналар ва болалар ўлими, болалар ўртасида ирсий касалликларни камида 2 баробарга қисқартириш;
- онкология, юрак-қон томир, диабет, нафас йўллари ва юқумли касалликлар бўйича эрта ўлимни эса, 2,5 баробар камайтириш асосий вазифа бўлади.
Бунда:
- 120 минг нафар онкология, 350 минг нафар диабет, 1,5 миллион юрак-қон томир касаллиги бор беморлар тўлиқ қамраб олинади;
- “Гепатит С” касаллигини 100 фоиз давлат ҳисобидан даволаш йўлга қўйилади;
- “туберкулёз” билан касалланиш даражаси юз минг аҳолига нисбатан ҳозирги 34 нафардан кескин камайтиришга эришилади.
Шу билан бирга, келгуси йилдан бирламчи бўғин орқали энг кўп учрайдиган 10 та касалликни даволаш ва 6 та тиббий хизматдан иборат кафолатланган тиббий пакет аҳолига бепул тақдим этилади.
Онкологик беморлар ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида, мамлакатда илк бор ўзак ҳужайраларини трансплантация қилиш йўлга қўйилади. Бу борадаги харажатлар эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун тўлиқ давлат ҳисобидан қопланади.
Туғиш ёшидаги ва ҳомиладор аёллар, болаларга 7 турдаги витаминлар, йод ва фолий кислотасини бепул тарқатиш келгуси йилларда ҳам давом эттирилади.
Соғлиқни сақлаш тизими тўлиқ рақамлаштирилади ва тиббий суғурта тизими жорий қилинади.
2030 йилга қадар тиббиётга бюджетдан ажратиладиган йиллик маблағ ҳажми 2 карра оширилиб, 6 миллиард долларга етказилади.
Ижтимоий хизматлар соҳаси буткул қайта кўриб чиқилади. Ҳар бир маҳаллада профессионал ижтимоий ходимлар фаолияти йўлга қўйилади ва улар ижтимоий хизматларни манзилли асосда кўрсатади. Оғир ҳаётий аҳволга тушган ёки тушиш хавфи юқори бўлган ҳар бир оила бўйича алоҳида “ижтимоий хизмат иши” очилади. Ушбу оилаларда шароитни яхшилаш, уларга даволаш, дориларни етказиш, фарзандларини боғча ва мактабга жойлаштириш, моддий ёрдам бериш каби ижтимоий хизматлар кўрсатилади.
Оғирроқ вазиятдаги оилаларга психологик ёрдам ҳам берилади. Бундай оилаларнинг ҳаёт сифати амалда яхши томонга ўзгаргандан кейингина, “ижтимоий хизмат иши” ёпилади.
Туманларда:
- ижтимоий хизматларни “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатадиган ижтимоий хизматлар марказлари;
- психолог, ҳуқуқшунос, ижтимоий ходимдан иборат “мобиль гуруҳлар”;
- зўравонликка учраган аёлларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича “Колл-марказлар” ташкил қилинади.
Қийин аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар учун ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш хизмати кенгайтирилади. Туғуруқ таътилидаги аёллар учун онлайн ишлаш тизими жорий этилади. Болаларни васийликка олиш тизими, васийларни танлаш мезонлари ва мониторинг қилиш тартиби тўлиқ ўзгаради.
Ҳар йили юрак нуқсони бор 5 минг болани ва кўриш қобилиятини йўқотиш эҳтимоли юқори бўлган 10 минг чақалоқни бепул даволашни давлат ўзига мажбурият қилиб олади.
Ҳозирги 6 та вазирликда тарқоқ бўлган ижтимоий хизматлар бирлаштирилиб, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилади (камбағаллик, соғлиқни сақлаш, мактаб таълими, молия, ички ишлар, олий таълим). Янги Агентлик учун камида 10 фоиз ходимлар ногиронлиги бўлган шахслар орасидан танлов асосида ишга олинади. Ижтимоий ҳимояга ажратиладиган барча маблағлар Агентлик ҳузурида ташкил этиладиган алоҳида жамғарма орқали манзилли йўналтирилади ва унинг харажатлари очиқ-ошкора бўлади.
Мавзуга оид
11:32 / 19.05.2025
Португалияда ўнг марказчилар навбатдан ташқари сайловларда ғалаба қозонди
09:02 / 05.05.2025
Руминиядаги сайловларнинг биринчи босқичида ўта ўнг сиёсатчи ғалаба қозонди
14:29 / 03.05.2025
Британияда ўнг популистлар маҳаллий сайловларда ғалаба қозонди
16:31 / 30.04.2025