Жаҳон | 18:53 / 03.06.2023
10880
2 дақиқада ўқилади

Қон таҳлили орқали саратонни аниқлашнинг янги усули ихтиро қилинди

Олимлар қон таҳлили орқали саратонни аниқлашнинг янги усулини ихтиро қилди. Ҳар 3 та диагноздан 2 таси тўғри чиқмоқда.

Фото: Reuters

Британиялик ва америкалик бир гуруҳ олимлар қон таҳлили ёрдамида саратон ташхиси усулини синаш яхши натижа берганини маълум қилди. Бу ҳақда BBC ёзди.

Тадқиқот 2020 йил баҳорида бошланган. 2021 йилда АҚШ ва Британияда оммавий таҳлиллар ўтказилган. Олимларнинг таъкидлашича, Англия ва Уэльсда таҳлил олинган 5 минг киши орасида ҳар 3 та диагноздан 2 таси тўғри чиққан. 

Олимлар оддий қон текшируви ёрдамида саратоннинг 50 дан ортиқ турли белгиларини эрта босқичда аниқлашга умид қилишмоқда.

«Галерея» деб номланган синов механизми ДНК генетик кодида юз берадиган ва ўсимтадан қонга ўтадиган кимёвий ўзгаришлар белгиларини излайди.

Олимлар методология бўйича ишлар ҳали якунланмаганини, бироқ тестнинг биринчи босқичидан сўнг, касаллик аниқланган беморлар сони ошганини маълум қилишди.

Тест, айниқса, жуда қийин аниқланадиган бош ва бўйин, йўғон ичак, ўпка, ошқозон ости бези ва томоқ саратонига эрта ташхис қўйишда самарали.

Британиянинг NHS соғлиқни сақлаш тизими 2024-2025 йилларда ушбу усулни яна миллион кишида синаб кўришни режалаштирган.

«Саратонни эрта аниқлаш жуда муҳим. Ушбу тест саратонни эрта аниқлашга ва минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам беради», деди NHS онкологияси раҳбари, профессор Питер Жонсон.

Мавзуга оид