Жаҳон | 15:53 / 06.06.2023
25799
8 дақиқада ўқилади

Белгород областида жанг кетмоқда, Херсон яна ўққа тутилди. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 467-куни ўтди. Асосий маълумотлар: 

  • «Рус кўнгиллилар корпуси» 4 июндан буён Новая Таволжанкани назорат қилаётганини маълум қилди. Белгород области губернатори Вячеслав Гладков расмийлар қишлоққа «кира олмаётгани»ни айтди, аммо сабабини келтирмади.
  • «Вагнер» ХҲК РФ армияси офицерини қўлга олди, унинг бўлинмаси ёлланма жангчилар бўлган автомобилни ўққа тутган. ХҲКдагилар 72-мотоўқчилар бригадаси командири, подполковник Роман Веневитин «спиртли ичимлик таъсирида бўлгани» ва шахсий зиддияти туфайли вагнерчиларни ўққа тутишга буйруқ берганини маълум қилди.
  • «Рус кўнгиллилар корпуси» Белгород областига рейд вақтида асир олинган россиялик ҳарбийлар акс этгани айтилган видеони намойиш этди. «Можем объяснить» нашри журналистлари асирдагиларнинг шахсини аниқлади.
  • Ростов, Белгород ва Воронеж областларида радиоэфирда Путиннинг «умуммиллий сафарбарлик» ва чегара регионларда ҳарбий ҳолат жорий этиш ҳақидаги сохта мурожаати трансляция қилинди. Кремлдагилар буни «радиочастоталар бузиб кирилгани» билан изоҳлади.
  • Евгений Пригожин Россия кучлари Бахмут атрофидаги Берховка қишлоғи устидан назоратни бой берганини маълум қилди. 5 июн куни Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр ҳам Бахмут йўналишидаги муваффақиятлар ҳақида хабар берди. Кейинроқ унинг сўзлари Володимир Зеленский томонидан тасдиқланди.
  • Донецк области Торецк шаҳрида ФАБ-250 авиабомбалари билан зарба бериш оқибатида олти киши яраланган.
  • Россиянинг Калуга областида М-3 «Украина» трассасига икки дрон келиб қулади. Жабрланганлар ҳақида хабар қилинмаган.

Белгород областидаги жанглар

Белгород областида май ойи охирида бошланган ҳарбий ҳаракатлар борган сари шиддатли тус олмоқда. Губернатор Вячеслав Гладков 24 май куни регионда ҳудудий мудофаа кучларининг еттита батальони тузилгани ва жами уч минг кишини қамраб олгани ҳақида айтганди (аммо қонунчиликка кўра, улар қуроллантирилиши мумкин эмас). Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров 5 июн куни Белгород областига чечен бўлинмаларини юборишни таклиф этди — Кремлда ҳозирча бунга муносабат билдирилмади.

5 июн куни Украина томонида туриб жанг қилаётган «Рус кўнгиллилар корпуси» (РКК) чегара яқинидаги Новая Таволжанка қишлоғини назорат қилаётганини маълум қилди, корпус жангчилари бу ерга 4 июн куни кириб келганди. Тузилманинг телеграм-каналида қуролланган ва ҳарбий либосда бўлган жангчилар мазкур аҳоли яшаш манзили кўчаларида ҳаракатланаётгани акс этган видео жойлаштирилди.

Бир неча соат ўтиб Белгород, Ростов ва Воронеж областларида радио орқали «Путиннинг мурожаати» узатилди, унда «украин қўшинлари босқини» ҳақида айтилиб, «ҳарбий ҳолат эълон қилинган». Регионлар раҳбарлари ва Кремл аҳоли орасида «ваҳима уйғотиш» мақсадида «радиочастоталар бузиб кирилгани» ҳақида маълум қилиб, «безовта бўлишга сабаб йўқлиги»ни билдирди. 

5 июн куни кечқурун Вячеслав Гладков ҳудудий расмийлар Новая Таволжанкага «кира олмаётгани» ҳақида хабар қилди (губернатор бунинг сабабини келтирмади). Украина ҳарбий разведкаси эса қишлоқда россиялик полковник Андрей Стэсев ўлдирилгани ҳақида хабар қилди. Бу ҳақда РКК ва «Россияга озодлик» легиони томонидан ҳам маълумот тарқатилган. Бу маълумотни мустақил манбалар орқали текширишнинг имкони йўқ.

РКК раҳбари Денис Никитин 6 июн куни ҳам Новая Таволжанкадан туриб видеомурожаат йўллади ва Москва ушбу қишлоқни шунчаки ўз ҳолига ташлаб қўйганини айтди.

Новая Таволжанка қишлоғининг кўриниши
Анатолий Жданов / Коммерсант / SIPA USA / Scanpix / LETA
Новая Таволжанкада яшовчи аёл эвакуациядан олдин итини ҳам автомобилга олиб чиқишга ҳаракат қилмоқда
Анатолий Жданов / Коммерсант / SIPA USA / Scanpix / LETA
Новая Таволжанка устидаги ҳарбий вертолёт
Анатолий Жданов / Коммерсант / SIPA USA / Scanpix / LETA
Россиялик ҳарбий Шебекино шаҳрида. Бу шаҳар чегара яқинидаги Новая Таволжанкага ёндош жойлашган. Украина разведкаси маълум қилишича, россиялик ҳарбийларнинг телефон мулоқоти тингланиши орқали РФ армияси Шебекинони артиллерия билан яксон қилишни режалаштираётгани ҳақида маълумот олинган. Бу маълумотни тасдиқловчи далил йўқ.
Шебекинодаги шаҳар автобуслари. Шаҳарда транспорт ҳаракати тўхтатилган
Шебекинода «Пятерочка» супермаркети биноси сўнгги отишмалар вақтида жиддий шикастланган
Шебекинодаги кўчалардан бирининг кўриниши

Украинанинг чегарадаги Волчанск шаҳри ўққа тутилиши оқибатлари 

4 июн тонгида Россия қўшини Волчанскни ўққа тутди — Харкив областидаги бу шаҳар Украина-Россия чегарасидан беш километр масофада жойлашган. Област ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубовга кўра, маъмурий бино шикастланган, икки уй ва хўжалик биноси қисман вайрон бўлган. Жароҳат олганлар йўқ.
Viacheslav Ratynskyi / Reuters / Scanpix / LETA

Херсон бўйлаб зарбалар оқибатлари

5 июнга ўтар кечаси ва тонгда Россия қўшини Херсонни ўққа тутди. Област ҳарбий маъмуриятига кўра, 135 бемор ва 44 нафар тиббий ходим бўлган тиббиёт муассасаси биноси шикастланган. Улардан ҳеч ким жабрланмаган, аммо яна бир корхона зарбага учраши оқибатида қоровул ҳалок бўлган (бу айнан қандай корхона бўлганига аниқлик киритилмаган). Шунингдек, ҳужум вақтида тинч аҳоли вакили бўлган яна бир аёл яраланган.

Херсонда россияликлар зарбасига учраган турар жой биноси
Svitlana Horieva / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Россия қўшини Херсонни ўққа тутиши чоғида ҳалок бўлган ит
Svitlana Horieva / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Херсон ўққа тутилишидан кейин чиққан ёнғинни ўчираётган ўт ўчирувчилар
Svitlana Horieva / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press

Оккупация остидаги Бердянск шаҳрида кундалик ҳаёт

Бердянск — Запорижжя области жанубидаги шаҳар бўлиб, 2022 йил 28 февралида Россия қўшинлари томонидан босиб олинган. Июн ойи бошида Украина қуролли кучлари Бердянск денгиз портини ўққа тутишди — зарба оқибатида тўққиз киши жабрланган

Май ойида Бердянскда яшовчи аёллар Беларуснинг «Зеркало» нашрига оккупация қилинган шаҳардаги вазият тўғрисида сўзлаб берганди. Улардан бири Москва томонидан тайинланган ҳукумат шаҳар аҳолисини Россия фуқаролигини олишга мажбурлаётгани, бошқаси — денгиз бўйидаги дам олиш базалари ҳарбийларнинг эҳтиёжлари учун қайта жиҳозланганини айтганди.

Бердянскка киришда ўрнатилган стела
Шаҳар марказининг кўриниши
Азов денгизи соҳили ва Бердянск денгиз савдо порти

Мавзуга оид