Ўзбекистон | 11:04 / 08.06.2023
2353
2 дақиқада ўқилади

«Барқарор ривожланиш мақсадлари сари» кўкрак нишони таъсис этилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Барқарор ривожланиш мақсадлари сари” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қарор лойиҳаси БМТ томонидан тасдиқланган 2030 йилгача амалга оширилиши лозим бўлган барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга оширишда ўз ҳиссасини қўшган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда ташаббускор фуқароларни ушбу йўналишда фаол иштирок этиб келаётгани учун тақдирланиши мақсадида ишлаб чиқилган.

Ушбу қарор билан:

  • “Барқарор ривожланиш мақсадлари сари” кўкрак нишони тўғрисида” низом ҳамда кўкрак нишони билан тақдирлаш учун ҳужжатларни тақдим қилиш схемаси;
  • кўкрак нишонининг тавсифи;
  • кўкрак нишон гувоҳномасининг тавсифи тасдиқланмоқда.

Бундан ташқари, номзодларни Вазирлар Маҳкамаси томонидан ташкил этилган “Барқарор ривожланиш мақсадлари сари” кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳи саралаши, кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш кўриб чиқиши ва тегишли қарор қабул қилиши назарда тутилмоқда.

Кўкрак нишони билан тақдирланувчи шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорида бирйўла тўланадиган пул мукофоти ёки эсдалик совғалари берилиши қайд этилмоқда.

Шунингдек, барча харажатлар Ўзбекистон республика бюджети ҳисобидан амалга оширилиши кўрсатилмоқда.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид