Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистондаги IPO ва UzAuto'нинг омадсиз уриниши — “Америка банки” эксперти билан суҳбат
Ўзбекистонда банклар ва давлат компаниялари акцияларини оммавий савдога чиқариш бошланяпти. Kun.uz IPO ўзи нима экани, одамларга ундан нима фойдалиги, ўзбек компаниялари IPO'га қанчалик тайёрлиги ва UzAuto'нинг омадсиз IPO'си ҳақида “Америка банки”нинг капитал бозори таҳлилий маслаҳат бўлими раҳбари ўринбосари Хуршидбек Мадаминов билан суҳбатлашди.
– IPO нима?
– IPO – Initial public offering, яъни бу биринчи марта давлат ёки хусусий компаниянинг биржа орқали очиқ капитал бозорига чиқишидир. IPO деганда компания ўзининг бир қисмини одамларга сотишини тушунамиз.
Айтайлик, ҳаммамиз биладиган “Агробанк” ёки Ўзбекистондаги бошқа бирор йирик компанияни оладиган бўлсак, уларнинг эгаси биржа орқали компания эгалигидаги ҳиссасининг бир қисмини халққа ва инвесторларга сотишни таклиф қилади. Бу – ҳар бир Ўзбекистон фуқаросига йирик компанияларнинг бир қисмига эгалик қилишга имкон беради.
– IPO нимага керак, бундан одамларга нима фойда?
– Ликвидликни ва бозор шаффофлигини ошириш. Давлат ташкилотлари IPO орқали кенгроқ инвесторлар базасини, шу жумладан маҳаллий ва халқаро инвесторларни жалб қилиши мумкин. Бундан ташқари, компания тартибга солувчи талаблар ва молиявий ошкораликка бўйсунади, бу шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлайди.
Капиталга кириш. IPO компанияга ўз акцияларини сотиш орқали капитал бозорларидан маблағ жалб қилиш имконини беради, бу – тўғридан тўғри инвестициядир. Ушбу капитал кирими турли мақсадларда, масалан, янги лойиҳаларга сармоя киритиш, инфратузилмалар (давлат компанияси бўлса, мактаблар, боғчалар, шифохоналар қуриш) учун ишлатилиши мумкин.
Корпоратив бошқарувнинг кучайиши. Очиқ бозорга чиққандан кейин бу ташкилотлар корпоратив бошқарувнинг қаттиқроқ амалиётини қўллаши керак бўлади. Бу мустақил аъзолардан иборат директорлар кенгашини ташкил этиш, молиявий ҳисобот стандартларини жорий этиш ва қарорлар қабул қилиш жараёнларида шаффофликни таъминлашни ўз ичига олади.
Бозорни баҳолаш ва бойликни яратиш. IPO бўлган ташкилот бозор нархига олиб келинади, буни эса талаб ва таклиф белгилайди. Агар давлат компанияси яхши ишласа ва унинг акциялари нархи ошса, давлатнинг компаниядаги қолган улушининг қиймати ҳам ошади. Бу эса халқ бойлиги ошганини билдиради.
– Мутахассис сифатида Ўзбекистонда кетаётган IPO жараёнларини қандай баҳолайсиз?
– Ҳам хусусуйлаштириш, ҳам IPO масаласига қарайдиган бўлсак, бу жараёнга анчадан бери тайёрланиб келинаётганди. 5-10 йил олдин бу компаниялар жаҳон бозорига чиқишга тайёр эмас эди, уларнинг ҳисоботлари, катта компаниялардан аудитдан ўтмаган эди ва корпоратив бошқарувлари заиф бўлган. Бу Жаҳон банки ва бошқа йирик банклар тадқиқотларида ҳам назарда тутилган. Яқин 3 йил ичида компанияларни тайёрлашди, корпоратив бошқарувни яхшилашди, йирик инвесторлар билан келишиб, энди компаниялар IPO'га чиқишга тайёр бўлди.
Ҳар бир ривожланган давлатга борсангиз, уларнинг капитал бозори бор. Компанияларга инвестиция киритишингиз ва бу орқали инвестицион муҳитни яхшилашга ҳисса қўшишингиз мумкин. Бизда шу пайтгача бундай муҳит бўлмаган, компаниялар оммавий IPO'га чиқмаган, ўзимизнинг биржа ва бозор бўлмаган ёки жуда заиф бўлган. Ҳозир бошланган жараён ижобий. Тўғри, хатоларсиз бўлмаяпти. Кўп компаниялар энди IPO'га чиқяпти ва яхши натижаларни кутиб қолардим. Чунки катта ташкилотлар ва банкларнинг трансформациялари Жаҳон банки томонидан ҳам қўллаб-қувватланяпти.
– Хусусийлаштириш ва компания акцияларини IPO'га чиқаришнинг бир-биридан қандай фарқи бор?
– Фарқи – IPO'да компания бир қисмини биржа орқали бозорга олиб чиқиб сотади. Бундан мақсад – брендини ошириш, оммага ўзини кўрсатиш бўлиши ҳам мумкин. Кўпинча ўзига ишонган компаниялар IPO'га чиқади.
Хусусийлаштириш ҳақида гапирсак, айниқса, Ўзбекистонда бўлаётган хусусийлаштиришларни совет давридан қолган (қўл) бошқарув(и)дан системали бошқарувга ўтиш деб ҳисоблайман. Чунки жуда кўп активлар давлат тасарруфида, бошқарувида қолган. Жуда кўп бинолар, компанияларни давлат бошқариши шарт эмас. Оддий мисол сифатида давлат қайсидир бинони эгаллаб турган бўлса, давлат уни бирор ташкилотга ижарага берса, у бу бино ижарасига бозор нархида тўлаяптими, биз билмаймиз. Хусусийлаштириш орқали, тўғридан тўғри аукцион орқали одамлар ўзи билган соҳада турган активларни сотиб оляпти. Хусусийлаштиришда акциянинг бир бўлагини эмас, бутун компанияни сотиб оласиз. Хусусийлаштиришга кўпинча ташкилот, бино, кичикроқ активлар қўйиляпти ва уларни тўла сотгандан кейин бизнес уни давлатнинг ёрдамисиз ўзи юритиши керак.
Давлат юзлаб биноларни самарасиз бошқаргандан кўра, бизнес самаралироқ бошқаради. Хусусийлаштиришдан тушган пул янги инвестицион лойиҳаларни амалга оширишга сарфланади ва инфратузилма яхшиланишига ишлатилади.
– UzAuto Motors'нинг шу йил ўтказган IPO'си мувафаққиятли бўлмади, бунга сабаб нима деб ўйлайсиз? Ўзбекистон капитал бозори тарихидаги илк муваффақиятсиз IPO'лардан бири бўлди дея оламизми?
– UzAuto Motors бу IPO'да инвесторларга ўзини реклама қилди, кўргазмалар ўтказди, лекин улар қанчалик самарали бўлди – бу саволли. Бундай кўргазмаларда кўпинча инвесторлар бу компанияга инвестиция киритадими-йўқми, қарор қилиб бўлади. Ҳар бир кўргазма қилингандан кейин компания қанчалик сотиш шароитлари мавжудлигини сезиши керак.
Нимага бу IPO муваффақиятcиз бўлди дейдиган бўлсак, бошида UzAuto Motors концерни ўзини 1,8 млрд долларга баҳолаган ва 5 фоизини сотиш орқали 90 млн доллар йиғишни мақсад қилганди. Бу IPO “Freedom brokers” номли брокерлик компанияси билан биргаликда қилинди. Бу брокер катта банк ҳам эмас, глобал миқёсдаги нуфузли консултант ҳам эмас. Қанча йирик инвестицион банклар билан ишланса, шунча имконият ошади. Оддий қилиб тушунтирсам, сиз бозорга энг катта компаниялар билан чиқсангиз, улар ёнингизда туради. Дунёдаги энг йирик ва нуфузли компаниялардан бири UzAuto'нинг акцияларини сотиб бераман деб туриши билан кичик бир қозоғистонлик брокер билан IPO'га чиқиш ўртасида фарқ бор.
Одатда бир ойда тугатиладиган жараён бу кейсда анча чўзилиб, режа қилинган 90 млн доллардан атиги 5 млн долларини йиғишди. Бу анча кичик натижа деб ўйлайман. Бунинг яна бир сабаби, компания инвесторларнинг қанча сотиб олишини билмаган ва нотўғри вақтда акцияларини чиқарган. Ўша пайтда 3 ойдан бери UzAuto автомобил етказиб бермаётганди. 3 ойдан бери одамларга автомобил етказиб берилмаётган бир пайтда IPO'га чиққан. IPO'да одамлар компаниянинг улушини сотиб оляпти, сиз акцияларини сотиб олаётган компаниянинг асосий фаолияти автомобил ишлаб чиқариш ва сотиш. Компания автомобил сотиш жараёнини ҳам эплай олмаётган пайтда, инвестор бу компания эртага унга фойда келтиришига қандай ишонсин?
Ҳар бир ташкилот йил бошида ўзига режа қўяди, йил давомида нечадир мингта машина ишлаб чиқариш ва шунча даромадга чиқамиз деб. UzAuto бир чорак деярли ишлаб чиқаришни тўхтатган бўлса, шартномалар тузмаётган бўлса, инвестор нимасига учсин бу компанияни?
– Ҳозир Ўзбекистон шароитида компаниялар акцияларини IPO'га чиқаришда уларнинг олдида қандай қийинчиликлар турибди?
– Инвестицион муҳит асосий қийинчиликлардан иборат деган бўлардим. Чунки ҳар бир IPO'га чиқадиган компания бозордаги ҳолатга қарайди. АҚШда федерал резерв фоиз ставкаларини анча юқори қилиб қўйган. Бу ривожланаётган бозорлардан пул чиқиб кетади дегани, чунки бу давлатларга пул киргизгандан кўра, инвесторлар анча хавфсизроқ давлатларга пул қўйишга шошилиб қолади. Компаниялар IPO'га қанчалик тайёр бўлмасин, ҳозир IPO'га чиқадиган бўлса, инвесторларнинг кириши қимматга тушади. Фоиз ставкалари баландлиги учун инвесторлар учун пулнинг нархи баландроқ бўлади.
IPO'га чиққан кўп компаниялар ичида ҳали одамлар умуман танимайдиганлари бор. Уларни танитиш қай даражада кетяпти, бу аниқ эмас. Бу компаниялар кўргазмалар ўтказиши лозим, ўзларининг кўргазмаларида бу компания нима иш қилади ёки қилиб келган, молиявий ҳисоботлари қанақа, нимага уни одамлар сотиб олиши керак, деган кўргазмалар билан ўзини реклама қилади. Шу орқали инвесторларни жалб қилади. Биз IPO’га чиқарилган компанияларда шу нарсани кўрмаяпмиз.
Шу билан бирга, UzAuto IPO'га чиқишдан олдин “road show”лар (кўргазмалар) қилган эди ва бу кўргазмалар қанчалик самарали бўлгани аниқ эмас, чунки февралдаги IPO'ни жуда яхши бўлди деб айта олмайман. Лекин бу энди IPO'га чиқадиган компаниялар учун дарс бўлиши керак, улар тайёрлик ҳолатини яхши кўрсатиб бериши керак. Агар компания тайёр бўлса-ю, ўзини намоён қила олмаса, бу ҳам муваффақиятсизлик дегани. Айтайлик, компания нега одамлар унга инвестиция киритиши керак, компания нимадан пул топади, бошқа компаниялардан кўра нега бу компанияга пул тикишингиз кераклигига оид саволларга IPO'га чиқаётган компания жавоб бера олиши керак. Пул сизники, сиз ҳал қиласиз қаерга пул тикишни.
– Бошқа давлатлардаги қайси муваффақиятли IPO'лар бор, улардан нималарни ўрганиш мумкин?
– Саудиянинг нефт сотадиган давлат компанияси “Saudi Aramco” 2019 йилда IPO ўтказган. Унга қўшимча маблағ керак бўлмаган ва у шунчаки брендини кўрсатиш ва бозор нархида баҳоланиши учун IPO'га чиққан. Компания акцияларининг 1,5 фоизи 26 млрд долларга сотилган. Бу дунё тарихидаги энг катта IPO бўлиб қолган.
Қозоғиcтондаги “Каспибанк” 2020 йилги IPO'си бизнинг банкларга амалий мисол бўла олади. У Лондон биржаси ва Қозоғистоннинг маҳаллий KASE биржасида IPO'га чиққан ва 15 фоиз акциялари 1 млрд долларга сотилган. Унинг брокерлари ҳам дунёга таниқли – Morgan Stanley ва City Group банклари эди. Инвесторлар ва аҳоли томонидан ҳам яхши танилган ва IPO орқали брендини ҳам танитиб олган. Уларнинг акциялари қачон сотилгани, нималар қилгани ва кимлар билан ишлаганига қараб намуна олса бўлади. Кўргазмалар ўтказасиз, унда қанчалик сота оласиз ёки сота олмайсиз – таҳлил қиласиз, мақбул вақтни белгилайсиз.
Қозоғистонда яқинда, 2022 йил декабр ойида ўтказилган “КазМунайГаз” компаниясининг IPO'си маҳаллий бозорда 3 фоиз акцияларини сотиш эвазига 326 млн доллар йиғишга эришган. Бу маблағ фақатгина маҳаллий инвесторлардан йиғилган, агар бизнинг маҳаллий инвесторлардан йиғилган 5 млн доллар билан солиштирадиган бўлсангиз, фарқ катта.
Агар умумий гапирсак, Олмалиқ КМК, Навоий КМК – жуда йирик компаниялар ва жаҳон бозорида уларнинг ўрни бор. Киримлари катта, яхши, барқарор компаниялар. Уларни бозорга олиб чиқиш керак, чунки инвесторларга шундай йирик компанияларимиз борлигини шу орқали кўрсата оламиз.
Улар Ўзбекистонинг ичида сотилишига кучи етишини аниқлаш жуда қийин, чунки бунда маблағ йиғиш қийин бўлади. Улар нафақат Ўзбекистонда, балки жаҳон биржалари, айтайлик, Лондон ва Нью-Йорк биржаларига чиқиши керак. Чунки Тошкент биржаси унчалик таниқли эмас, Нью-Йорк ёки Лондон биржаларига чиқадиган бўлса, уларга ишонч ҳам ошади. Улар бу биржаларнинг мажбуриятларини бажариши, очиқлик ва шаффофликни таъминлаши керак бўлади. Компаниялар жаҳон капитал бозорига чиққанда хориждан тажрибали кадрлар ҳам келиб ишлай бошлайди.
Мадина Очилова суҳбатлашди.
Мавзуга оид
22:51 / 24.05.2025
«Автоойна» МЧЖ ва «Ёшлик» спорт мажмуаси сотилди. Харидорлар ким?
16:52 / 07.05.2025
Ношаффоф хусусийлаштиришлар. Бу яна давом этадими?
17:21 / 30.04.2025
Тошкентнинг Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги биноси сотувга қўйилди
20:36 / 28.04.2025