Ўзбекистон | 19:05 / 09.06.2023
17341
3 дақиқада ўқилади

Intermed Innovation'нинг лицензияси суд томонидан бекор қилинди

Бу хусусий компанияга Тошкент шаҳри ва вилоятидаги 115 та давлат шифохонаси бириктириб берилган, кейинроқ бунга қўшиб 178 та поликлиникадаги лабораториялар бошқаруви ҳам бериб қўйилганди.

Фото: Yandex

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилган ўрганишда “Intermed Innovation” МЧЖ томонидан Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳрида жойлашган 3-сон оилавий поликлиника биносида лицензиясиз тиббий фаолият олиб борилгани аниқланган.

“Шундан сўнг мазкур МЧЖга молиявий жарима белгиланиб, вазирликнинг бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалардан иборат қарори қабул қилинган. Аммо “Intermed Innovation” ушбу талабларни бажармай, бошқа қатор манзилларда ҳам ўз ноқонуний фаолиятини лицензия олмасдан давом эттириб келган.

Оқибатда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент туманлараро иқтисодий судига Intermed Innovation МЧЖга тиббий фаолиятни амалга ошириш учун 2021 йил 18 февраль куни берилган 043023-сонли лицензияни бекор қилиш ва 90 миллион сўм жарима ундиришни сўраб ариза киритган”, дейилади ССВ Лицензиялаш, аккредитациялаш ва тиббий туризмни ривожлантириш бошқармаси томонидан эълон қилинган баёнотда.

2023 йил 4 май куни суд бу талабларни қаноатлантириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилган. Ўз навбатида, бу қарордан норози бўлган жавобгар — Intermed Innovation Тошкент шаҳар умумюрисдикция судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига апелляция шикояти киритган. Бироқ мазкур апелляция шикояти қаноатлантиришдан рад этилган ва Тошкент туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган ҳамда шу йил 31 май кунидан қонуний кучга кирган.

“Шундан келиб чиқиб, “Intermed Innovation” МЧЖга тиббий фаолиятни амалга ошириш учун 2021 йил 18 февралда берилган лицензия расман бекор қилинганини маълум қиламиз. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Лицензия” ахборот тизими орқали реестрга тегишли ёзув киритилган”, дейди ССВ бошқарма бошлиғи Жалолиддин Асомиддинов.

Собиқ вазир Абдуҳаким Ҳожибоев даврида Тошкент шаҳридаги 16 та ва Тошкент вилоятидаги 99 та тиббиёт муассасаси Intermed Innovation қўшма корхонасига бириктириб берилган, Беҳзод Мусаев даврида эса Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги жами 178та оилавий поликлиника ҳамда кўп тармоқли поликлиникаларга қарашли лабораториялар бошқаруви айнан шу компанияга қўшқўллаб топширилганди.

Табиийки, енг ичида қилинган бу келишувлар жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлган, бунинг ортидан Монополияга қарши кураш қўмитаси Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги 178та тиббий муассасага қарашли лабораториялар бошқаруви битта компанияга берилгани юзасидан текширув бошлаганди.

Мавзуга оид