Ўзбекистон | 20:41 / 24.09.2024
17243
3 дақиқада ўқилади

“5 октябрдан Умра турфирмалари амалдаги лицензияси билан ишлай олмайди” – Дин ишлари бўйича қўмита

2024 йил 5 октябрдан “умрачи” сайёҳлик фирмаларига Туризм қўмитаси берган лицензиялар ўз кучини йўқотади. Бундай фирмалар энди Дин ишлари бўйича қўмитадан янги лицензия олиши керак. Лекин “ваколатли орган” ҳозиргача янги лицензия шартларини эълон қилмаган. Жамоатчилик талаблар кучайтирилиши ортидан Умра “монополияси” қайтишидан хавотирда.

Фото: Kun.uz

Дин ишлари бўйича қўмита баёнотига кўра, 2024 йил 2 июлда қабул қилинган қонун билан жорий йил 5 октябрдан Дин ишлари бўйича қўмита Умра хизматини кўрсатиш бўйича лицензия берувчи ваколатли орган сифатида белгиланган.

Бу юқоридаги қонунга кўра, жорий йил 5 октябрдан Туризм қўмитаси томонидан Умра зиёратини амалга ошириш учун берилган лицензиялар автоматик равишда тўхтатилишини билдиради”, деди Дин ишлари бўйича қўмита зиёрат туризми бўлими ходими Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Шу сабабли 2024 йил 5 октябрдан бошлаб Умра зиёрати хизматини кўрсатиш бўйича Туризм қўмитасининг лицензияси асосидаги фаолият ноқонуний ҳисобланади. Бу юридик шахсларга БҲМнинг 200 баравари (75 млн сўм) миқдорида жарима солинишига сабаб бўлади.

Лекин ҳозирча соҳадаги лицензияловчи ваколатли органга айланган Дин ишлари бўйича қўмитанинг ўзида лицензия бериш учун тартиб-таомиллар йўқ.

Яқин кунларда Вазирлар Маҳкамасининг қарори чиқади, шу асосида қарор шартларини бажарганларга лицензия берилади. Қарорда турфирмаларга қандай шартлар борлиги ҳақида маълумотга эга эмасмиз”, — деди Диний қўмита ходими.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда турфирмалар учун мажбурий равишда қўйиладиган “гаров пули” миқдори 1 миллион АҚШ доллари этиб белгиланиши кутилаётгани ҳақида ёзилганди. Қўмита вакили лойиҳа билан таниш эмаслигини айтди. Маълумот учун, норматив ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси портали (regulation.gov)да ҳозирча бундай лойиҳа мавжуд эмас.

Умра монополияси қайтадими?

Дин ишлари бўйича қўмита ва Мусулмонлар идораси Ҳаж-Умра зиёратини узоқ йиллар давомида ўз монополияси остида ушлаб келди. Бунинг ортидан юз минглаб фуқаролар зиёрат учун йиллаб навбатлар кутишга мажбур бўлган эди.

2022 йилга келиб, жамоатчилик талаби билан Умра сафарини сайёҳлик фирмалари орқали ҳам ташкил этишга қисман рухсат берилди. Шундан сўнг зиёрат йўналишида фаолият олиб борувчи турфирмалар сони кескин ошди. Рақобат натижасида нархлар бозор тамойиллари асосида шаклланди.

Кейинроқ ҳукумат қарори билан 2023 йил 1 ноябрдан Умра тадбирларини ташкил этувчи турфирмаларнинг иши қийинлаштирилди.

Хусусан, уларга лицензия олиш учун 100 минг доллардан кам бўлмаган маблағни банк реквизитига захира қилиши, диний (исломий) таълим йўналишлари бўйича мутахассис ва мусулмонлар идорасидан гуруҳ раҳбари олиши каби қатор шартлар қўйилди.

Бунга ҳам кўниб ишлаётган турфирмаларнинг “чекланмаган муддатга олган” лицензияси энди яна тугатилади. Соҳага яқин фаолларнинг билдиришича, Диний қўмита энди турфирмалар учун лицензия шартларини янада қийинлаштириши кутилмоқда.

Мавзуга оид