Ўзбекистон | 07:55 / 09.06.2023
6703
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва ФАО 2030 йилга қадар ҳамкорлик бўйича янги дастурни ишлаб чиқади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Италияга расмий ташрифнинг биринчи кунида БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) офисига ташриф буюрди ва унинг бош директори Цюй Дунюй билан учрашув ўтказди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон билан ушбу муҳим ихтисослаштирилган халқаро институт ўртасидаги ҳамкорликни, энг аввало, аграр тармоқни модернизация қилиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш каби устувор йўналишларда кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.

Давлат раҳбари кейинги йиллардаги самарали ҳамкорлик натижаларини алоҳида қайд этди. Ўзбекистонда ФАО офиси муваффақиятли фаолият юритмоқда. Охирги бир неча йилда ҳамкорлик портфели уч баробар кенгайди ва бугунги кунда ер ва сувдан фойдаланиш, агросаноат мажмуи, ўрмон хўжалиги, экология, чорвачилик ва кўплаб бошқа йўналишларни қамраб олган.

Глобал миқёсда озиқ-овқат хавфсизлигига хатарлар кучайиб бораётган шароитда шерикликни янада кенгайтиришдан томонлар манфаатдор экани қайд этилди. Озиқ-овқат хавфсизлиги, фундаментал илмий тадқиқотлар, қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, Оролбўйининг экологик муаммоларини ҳал қилиш ва бошқа соҳаларда аниқ лойиҳа ва тадбирларни амалга оширишни назарда тутадиган 2030 йилга қадар ҳамкорлик бўйича янги кенг кўламли дастурни ишлаб чиқиш устувор йўналиш сифатида белгилаб олинди.

ФАО шафелигида Самарқандда ўтказиладиган юқори даражадаги халқаро конференцияга тайёргарлик масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Бош директор Цюй Дунюй Ўзбекистонда аграр соҳани модернизация қилишга қаратилган таркибий ислоҳотларни қўллаб-қувватлади.

Учрашув якунида мамлакат етакчиси бош директорга шу йил июль ойида бўлажак ФАО раҳбари сайловида муваффақиятлар тилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид