Жаҳон | 08:15 / 10.06.2023
8339
2 дақиқада ўқилади

Ассанж АҚШга экстрадиция қилиниши ҳақидаги қарор устидан яна шикоят қилади

WikiLeaks асосчиси Буюк Британиядан АҚШга экстрадиция қилинмаслик учун Лондон Олий судига янги апелляция беради. Аввалги апелляция барча ҳолатлар бўйича рад этилган.

Фото: Reuters

Британия қамоқхонасида сақланаётган WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанж 13 июн куни Лондон Олий судига уни АҚШга экстрадиция қилиш қарори устидан янги апелляция шикояти беради. Бу ҳақда 8 июн, пайшанба куни унинг рафиқаси Стелла Ассанж маълум қилди.

"Кейинги сешанба куни турмуш ўртоғим Жулиан Ассанж Олий судга қайта мурожаат қилади. Кейин иш Олий суднинг икки янги судяси иштирокида очиқ муҳокамага ўтади, - деб ёзди у Twitter саҳифасида. - Биз ғалаба қозонамиз ва Жулиан Қўшма Штатларга экстрадиция қилинмайди, деган оптимистик фикрдамиз. У АҚШ ҳукумати томонидан содир этилган ҳарбий жиноятларни фош қилувчи ишончли маълумотни нашр этгани учун умрининг қолган қисмини қамоқхонада ўтказиши мумкин".

Шу ҳафта бошида Лондон Олий суди судяси Жонатан Свифт Ассанжнинг Буюк Британиядан АҚШга экстрадиция қилиш ҳақидаги қарорига қарши сўнгги апелляциясини барча саккизта банд бўйича рад этди. Судянинг сўзларига кўра, апелляция “округ судясига тақдим этилган ва у томонидан рад этилган кенг кўламли маълумотларни такрорлашга уринишдан бошқа нарса эмас”.

“Чегара билмас мухбирлар” (RSF) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Лондон Олий суди қарорини шарҳлар экан, WikiLeaks асосчиси “АҚШга экстрадиция қилиниш арафасида” эканини айтди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид