Ўзбекистон | 11:17 / 10.06.2023
8879
2 дақиқада ўқилади

Сайлов бюллетенининг шакли, матни ва тавсифи тасдиқланди

Тажриба-синов тариқасида айрим сайлов участкаларида сайловчиларни биометрик идентификация қилиш тартиби тасдиқланди.

Марказий сайлов комиссиясининг 9 июнь куни бўлиб ўтган мажлисида муддатидан илгари Ўзбекистон президенти сайловига доир сайлов бюллетени шакли, матни ва тавсифи тасдиқланди

Президентликка номзодлар фамилияси, исми ва отасининг исми сайлов бюллетенига, сайлов участкасида овозларни санаб чиқиш натижалари ҳамда сайлов округи бўйича сайлов натижаларини аниқлаш тўғрисидаги баённомаларга лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси тартибида киритилади.

Сайлов куни овоз бериш жараёнини реал вақт режимида (онлайн) видео-трансляция қилиш мақсадида республика барча туман ва шаҳарлари ҳудудида жойлашган иккитагача сайлов участкасида видеокамера ва бошқа зарур қурилмалар ўрнатиш юзасидан аниқ чоралар белгилаб берилди.

Муддатидан илгари Ўзбекистон президенти сайловида овоз бериш жараёнига рақамли технологияларни жорий этиш мақсадида сайловни ўтказувчи 14-Тошкент шаҳри округ сайлов комиссиясининг тавсиясига асосан, Тошкент шаҳар туманлари ҳудудида жойлашган айрим сайлов участкаларида сайлов куни сайловчиларни биометрик идентификация қилиш тизими тажриба-синов тариқасида жорий этилмоқда. 

Биометрик идентификация қилиш деганда сайловчининг шахсини ҳамда мазкур сайлов участкасининг сайловчилари рўйхатида мавжуд ёки мавжуд эмаслигини махсус қурилмалар орқали Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда текшириш ва тасдиқлаш жараёни тушунилади. Тажриба-синов тариқасида айрим сайлов участкаларида сайловчиларни биометрик идентификация қилиш тартиби тасдиқланди ва қарор қабул қилинди.

Мавзуга оид