Ёпилган бюджет ва қаерга кетгани номаълум олтинлар — иқтисодий таймлайн
Жаҳон банки Ўзбекистон иқтисодиёти ҳақидаги прогнозларини яхшилади. Халқаро валюта жамғармаси эса сувни бозор нархига ўтказишни тавсия қилди. Айни пайтда, давлатнинг олтин-валюта захиралари камайгани, ташқи қарзлар ва бюджет ҳақидаги ҳисоботлар эса яширилаётгани жамоатчилик эътиборини тортди. Якунланаётган ҳафтанинг иқтисодий янгиликлари – иқтисодий таймлайнда.
Ўзбекистон асосий молиявий ҳисоботларини даврий очиқлашни тўхтатди
Ўзбекистон Молия вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги билан қўшиб юборилганидан бери мамлакатнинг энг муҳим молиявий ҳисоботларини эълон қилиш тўхтаб қолди.
12 январдан бошлаб бюджет харажатлари ва даромадлари ҳақидаги кунлик маълумотларни очиқлаб бориш тўхтаб қолган эди. Орадан 5 ой вақт ўтган бўлса-да, бу маълумотларни эълон қилиш қайта тиклангани йўқ.
Бундан ташқари, 2023 йилнинг олтинчи ойи ўтиб бораётган бўлса-да, Давлат бюджетининг ўтган 2022 йил якунлари бўйича ижроси ҳақида ҳисобот берилмади. Худди шундай 2023 йилнинг 1-чораги бўйича ҳам очиқ маълумотлар йўқ.
Қолаверса, давлат қарзи ҳақидаги янги ҳисоботлардан ҳам дарак бўлмаяпти. Охирги йилларда Молия вазирлиги давлат қарзи ҳолатига оид ҳисоботларини йил якуни бўйича феврал ойида, 1-чорак якуни бўйича эса май ойида тақдим этиб келарди. Лекин ҳозиргача бу иккала ҳисобот ҳам эълон қилингани йўқ.
Бундай ёпиқлик янги конституцияга очиқлик ҳақида модда қўшилганидан кейин рўй бераётгани эътиборга молик. Эслатиб ўтамиз, конституцияга асосан, вазирлик ва идоралар очиқ, шаффоф, қонуний ва эффектив ишлаши кераклиги белгилаб қўйилган.
Жаҳон банки Марказий Осиё минтақасида иқтисодий ўсиш бўйича прогнозларини яхшилади
Халқаро молиявий ташкилот минтақада 2023 йилдаги ўсиш бўйича биринчи ўринни Тожикистонга берди – 6,5 фоиз. Ўзбекистон иқтисодиёти эса бу йил 5,1 фоизга ўсиши мумкин.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2024 йилдан бошлаб минтақада ўсиш суръатлари бўйича етакчига айланади. Мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 2024 йилда 5,4 фоиз, 2025 йилда 5,8 фоизга кўпайиши тахмин қилиняпти.
Украинадаги можаронинг давом этиши ва инфляциянинг тезлашиши билан бир қаторда, Жаҳон банки Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари учун энергия соҳасида хавф мавжудлигини қайд этди. Бундан ташқари, иқтисодчилар иқлим ўзгариши сабабли оммавий миграция эҳтимоли ҳақида огоҳлантирмоқда.
Қатар амирининг ташрифи: иқтисодий келишувлар
5 июн куни Қатар амири илк марта Ўзбекистонга ташриф буюрди. Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг давлат ташрифи Самарқанд шаҳрида ташкил этилди. Ташрифнинг биринчи кунида Шавкат Мирзиёев Қатар фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режим жорий этиш ҳақида фармон имзолади. Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Тошкентда Қатар элчихонаси очилган эди.
Ташриф муносабати билан эришилган келишувларга кўра, Қатар ва Ўзбекистон 12 млрд долларлик инвестиция лойиҳаларини амалга оширади. Қатар компаниялари Ўзбекистоннинг энергетика, газ-кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, логистика, туризм ва бошқа тармоқларига инвестиция киритади.
Шу йил сентябр ойида Ўзбекистон-Қатар инвестиция форуми ўтказиладиган бўлди. Трансафғон темирйўлини барпо этиш бўйича стратегик лойиҳани амалга оширишни биргаликда илгари суриш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди. Ҳукуматлар ўртасида икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш ҳақида битим ва савдо соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
“Финиш чизиғига яқинлашиш пайти келган”. ХВЖ директори Ўзбукистонга тавсиялар берди
Халқаро валюта жамғармаси директори Кристалина Георгиева Ўзбекистонга келди. У 6 июн куни Самарқандда президент Шавкат Мирзиёев билан учрашди. Эртасига Марказий банкда ўзбекистонлик талабалар билан мулоқот қилди.
Мулоқотга модераторлик қилган президент маслаҳатчиси ўринбосари Тимур Ишметов ХВЖ раҳбарига Ўзбекистон учун ҳозир қайси ислоҳотлар устувор бўлиши кераклиги ҳақида сўради. Бунга жавобан Кристалина Георгиеванинг айтишича, тадбиркорларга кўпроқ имконият бериш ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзоликни тезлаштириш керак.
“Сизлар ҳозирда Жаҳон савдо ташкилоти аъзосига айланишга астойдил киришгансиз. Рақобатбардош муҳитда бўлиш сиз учун ниҳоятда фойдали бўлади. Менимча, финиш чизиғига яқинлашиш пайти келган”, – деди у.
Халқаро ташкилот раҳбари Ўзбекистонда сув танқислиги ҳақидаги саволга жавоб бериб, сувдан фойдаланувчиларни уни тежашга ундаш учун сувнинг бозор нархини белгилаш кераклигини айтди. “Агар биз сувга қадрлашимиз шарт бўлмаган нарса деб қарасак, яхши натижаларга эришиш қийин бўлади”, – деди Халқаро валюта жамғармаси директори.
KPMG – халқ IPOʼсига етакчи консультант
“Ўзбекнефтгаз”, Олмалиқ ва Навоий кон металлургия комбинатлари каби йирик компаниялар ва 10та банкнинг IPOʼсида KPMG етакчи консультант сифатида иштирок этадиган бўлди.
Давлат активларини бошқариш агентлиги хабарига кўра, KPMG 40 та давлат корхонасида “битта акция – битта лот” тамойили асосида “халқ IPO”сини амалга оширишда стратегик консультант сифатида жалб этилади. Агентликнинг маълум қилишича, консултант ёллаш бўйича танловда 4та компаниядан таклиф келиб тушган.
Март ойида имзоланган президент қарори билан, оммавий савдолар орқали тўлиқ ва қисман сотиладиган 1001 та корхона рўйхати тасдиқланган. Улар қаторида НКМК, ОКМК, “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзбекистон темирйўллари”, “Ўзавтосаноат” , “Ўзкимёсаноат”, “Навоийазот”, “Ўзметкомбинат”, “Ўздонмаҳсулот”, “Ҳудудий электр тармоқлари”, “Ҳудудгазтаъминот”, “Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзбекистон МЭТ”, “Ўзбектелеком”, “Ўзтрансгаз”, “Ўзбекгидроэнерго”, “Ўзмиллийбанк” каби корхоналар бор.
KPMG охирги йилларда “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонаси ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини хусусийлаштиришда иштирок этган эди.
Олтин-валюта захиралари камайди
Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари май ойида қарийб 840 млн долларга камайди. Ҳозирда Марказий банк захирасида 11,9 млн унсия олтин ва 10,1 млрд доллар хорижий валюта захиралари бор.
2023 йилнинг 1 июн ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 34,4 млрд долларни ташкил қилган. Бир ой кўрсаткич эса 35,2 млрд доллар бўлган. Май ойи давомида олтиннинг физик ҳажми 12,2 млн троя унциядан 11,9 млн троя унцияга, қиймати эса 24,2 млрд доллардан 23,2 млрд долларга пасайган.
Захира активлари таркибидаги хорижий валюта захиралари 9,9 млрд доллардан 10,1 млрд долларга ошган.
Маълумот учун, мамлакатнинг олтин-валюта захиралари тўлов ва савдо балансидаги дефицитни бартараф этиш, инфляцияни ушлаб туриш, миллий валютани молия бозорида қўллаб-қувватлаш учун валюта сотиб олиш давлатнинг ташқи қарзларини тўлаш ва давлатлар ўртасидаги ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун ишлатилади.
Мадина Очилова тайёрлади.
Оператор - Мирвоҳид Мирраҳимов
Монтажчи - Муҳиддин Қурбонов.
Мавзуга оид
11:40
Олтин ва кумуш арзонлашди, Bitcoin нархи кескин ошди - халқаро молия бозори шарҳи
23:10 / 07.11.2024
Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 43 млрд доллардан ошди
17:27 / 06.11.2024
Жаҳон банки иқлим ўзгаришининг қишлоқ хўжалигига таъсирини баҳолади
17:05 / 02.11.2024