Ўзбекистон | 16:56 / 13.06.2023
17085
3 дақиқада ўқилади

OTP банк Ипотекабанкни сотиб олди

Ўзбекистоннинг бешинчи йирик банки бўлмиш “Ипотекабанк”нинг 73,7 фоиз улуши (давлат улушининг 75 фоизи) Венгрия банки назоратига ўтди. OTP банк Ўзбекистон ҳукумати билан келишилган харид суммасини 13 июн куни ўтказиб берган.

Фото: Ипотекабанк

Венгриянинг OTP банки “Ипотекабанк”нинг 75 фоиз улушини сотиб олди. Битим доирасида транзакция амалга оширилиб, 13 июндан банк OTP банк бошқарувига ўтган. Бу ҳақда “Ипотекабанк” матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ҳозирда Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги қўлида қолган 25 фоиз улушни OTP банк 3 йиллик муддатда сотиб олади.

OTP банк 2020 йил охиридан буён Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакат банк секторини хусусийлаштиришда иштирок этиш имкониятлари бўйича музокаралар олиб борганди. 2022 йилнинг декабр ойида Тошкент шаҳрида томонлар мамлакатнинг бешинчи йирик молиявий хизматлар кўрсатувчи муассасаси – “Ипотекабанк”нинг давлатга тегишли 100 фоизини (умумий банк акциялардаги улуши тахминан 98 фоиз) OTP банк томонидан сотиб олиш юзасидан олди-сотди шартномасини имзолаган.

2023 йил 13 июн куни битим доирасида транзакция амалга оширилди.

“OTP банк “Ипотекабанк”нинг 73,71 фоиз эгалиги билан асосий акциядорига ҳамда билвосита банкка тегишли молиявий лизинг билан шуғулланувчи “Ипотека лизинг” ва суғурта хизматларини таклиф қилувчи “Имкон-Суғурта” жамиятларининг эгасига айланди”, – дейилади расмий хабарда.

Банк хабарида айтилишича, транзакция амалга ошгандан кейинги мақсад, муваффақиятли интеграция жараёнини ўтказишдир. Қўшимча қилинишича, “Ипотекабанк” мижозларидан ушбу (эгалик ҳуқуқини ўтказиш билан боғлиқ) битим ҳеч қандай ҳаракатларни амалга оширишни талаб этмайди ва уларга интеграция жараёнлари билан боғлиқ ўзгаришлар ҳақида ўз вақтида маълумотлар тақдим этилади.

Транзакция қиймати очиқланмаган. Бироқ аввалроқ, хусусийлаштириш масалалари бўйича президент ҳузурида бўлиб ўтган йиғилишда, OTP банки “Ипотекабанк”ни 324 млн долларга сотиб олгани маълум қилинганди.

2022 йил декабр ойида олди-сотди шартномасини имзолаш чоғида томонлар “Ипотекабанк” хусусийлаштирилгач, унинг номи ўзгаришсиз қолишини билдирган.

OTP гуруҳи ҳақида

OTP гуруҳи – Марказий ва Шарқий Европа минтақасидаги етакчи банк гуруҳларидан бири. Марказий Осиё ва Шарқий Европанинг 12 мамлакатида 41 мингдан ортиқ ходимга эга гуруҳ 17,5 миллиондан ортиқ мижозларга универсал молиявий хизматлар кўрсатади.

Марказий ва Шарқий Европа минтақаси банк секторидаги фаол молиявий бирлаштирувчи сифатида гуруҳ 2000 йиллардан бошлаб 23 та банкни сотиб олган ва бирлаштирган. Ҳозирги вақтда банк Венгрия, Болгария, Сербия, Черногория ва Словенияда бозор етакчиси ҳисобланади. Бош офиси Венгрияда жойлашган OTP гуруҳи 1995 йилдан бери Будапешт фонд биржасида рўйхатга олинган.

Мавзуга оид