Россия Севастополдаги флотни ҳимоя қилиш учун жанговар делфинлар сонини кўпайтирмоқда
Украинанинг ғаввослардан иборат махсус жанговар бўлинмалари Россия флоти учун жиддий муаммо бўлиши мумкин. Уларга қарши курашиш учун Севастополда торпедоларга қарши тўрлар ва ракета қурилмаларидан ташқари, қўлга ўргатилган делфинлар сонини ҳам оширмоқда.
Россия томонидан аннексия қилинган Қримда жойлашган Севастопол ҳарбий денгиз базасида қўлга ўргатилган делфинлар сонини икки баробарга оширмоқда. Чунки Украинанинг стратегик муҳим ушбу шаҳарга ҳужум қила олиш қобилияти кун сайин ошиб бормоқда. Украинанинг ракеталари, сувда сузувчи пилотсиз бошқарилувчи қурилмалардан ҳам кўра, Россия Украина махсус хизматларидан бўладиган таҳдидга жиддийроқ эътибор бермоқда.
Naval News нашри делфинлар етиштириладиган жойлар кўпайтирилганига ишора қилмоқда. Жанговар хизмат қилишга ўргатилган делфинлар сони ҳам 3–4 тадан 6–7 тагача кўпайтирилган.
Делфинлар ёрдамида патруллик қилиш давомийлиги ва қамрови ошгани кўзга ташланмоқда. Ушбу денгиз жониворлари жанговар сузувчилар деб аталувчи, сув остидан билдирмасдан сузиб келиб, базага ҳужум қилиши мумкин бўлган Украина махсус хизмати ғаввосларидан ҳимоя қилишади. Денгиз жонивори энг чиниққан спортчидан ҳам бу борада шубҳасиз устун, ҳеч ким сузиш борасидан ундан ўзиб кета олмайди. Қолаверса, у инсон ҳидини 300-400 метрдан аниқлай олади.
Айнан мана шу мақсадда кўплаб давлатлар делфинлардан ва бошқа денгиз жониворларидан фойдаланишади. Энг машҳур дастур АҚШ ҳарбий денгиз кучларида мавжуд. Энг дастлаб бу усулдан Швецияда фойдаланилган, Исроил, КХДР ва бошқа давлатлар ҳам шунга ўхшаш дастурга эга, деган тахминлар бор.
Россиянинг ўргатилган дельфинлари
Россия ўргатилган жониворларни Севастопол бухтасига кириш жойининг шимолий қисмида жойлашган позицияларга 2022 йилнинг бошида — Украинага кенг миқёсда босқин бошланган чоғда жойлаштирган. Шаҳар яқинида делфинлар ва Белухаларни ўргатиш маркази аввалдан — совет давриларидан буён бор эди. Делфинларнинг барчаси маҳаллий тур саналади, белухалар эса совуқ сувли давлатлардан келтирилган. Ушбу объект аввал Украина ҳарбий денгиз кучлари таркибида бўлган, бироқ 2014 йилда Қрим аннексия қилингач, Россия томонидан эгаллаб олинган.
Объект ва унинг фаолияти Россия назорати остида янада кучайтирилган. Делфинларни баъзан Новороссийскдаги ҳарбий база ёки Суриянинг Тартус базасига ҳам жўнатиб туришган.
Бугунги кунга келиб, делфинлар мураккаб кўп босқичли ҳимоянинг бир қисми ҳисобланади. Бандаргоҳдан ташқарида флотни вертолёт қўниш майдончалари ва тезюрар катерларга эга махсус мақсадли кема сувусти ва сувости таҳдидларидан ҳимоя қилади. Улар камида иккита ДП-64 «Дам» суқурликда портловчи реактив бомбаларга ҳам эга. Бандаргоҳга киришнинг ўзи камида 5 та қават тўрлар ва сузувчи тўсиқлар билан ҳимояланган. Улар ҳам сувусти, ҳам сувости йўналишларини тўсишга мўлжалланган.
Делфинлар ана шу тўсиқлар («бонлар») ичида сузишади ва ўша тўсиқларни четлаб ўта олган ғаввосларни ахтариб топишади. Кузатилаётган амалиётга кўра, делфинларни кичикроқ қайиқлар билан база бўйлаб ташиш мумкин.
Делфинлар одамга ўлдириш учун ҳужум қилмайди. Шунчаки сув остидан сузиб келаётган душманни сув юзига қалқиб чиқишга мажбурлайди. Шунингдек, сув остидаги миналар жойлашган ҳудудга адашмай белги ўрнатиб бера олишади.
Кучайтирилган ҳимоя
Бонларнинг асосий ҳимоя зонаси ичида ва ташқаридаги кичикроқ қўлтиқлар ичида янада кичикроқ бонлар ҳам бор.
Севастополдаги РФ ҳарбий денгиз базаси кучайтирилган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига ҳам эга. SA-15 Gauntlet («Тор») ракета комплекси денгиз қаърида портловчи ракета қурилмалари билан ёнма-ён жойлашган. Яна бир SA-15 база ичида лангар ташлаб турган патрул кемасининг вертолёт майдончасига боғлаб қўйилган. Улар 12 км (7,5 мил) узоқликкача таъсир кучига эга, бироқ амалиётда бундан камроқ ҳам бўлиши мумкин. Нима бўлганда ҳам, улар базани мудофаа қилишда янада ҳамжиҳатлик яратади.
Базадан узоқроқда ва унга яқинроқ жойлар кемаларга қарши ракеталар, махсус артиллерия ва узоқ масофадаги нишонн ура олувчи С-300/С-400 ҲҲМ воситаларига эга. Қримдан учиб келадиган қирувчи самолётлар ва радиоэлектрон кураш воситалари мудофаани янада кучайтиради.
Россия шунингдек Қрим атрофидаги бошқа ҳарбий денгиз базалари ва портларининг мудофаасини кучайтирган. Худди шунақа ҳимоя воситалари Украинадан олисда — Арктикадаги асосий сувости кемалари базаларида ҳам пайдо бўла бошлаган.
Бироқ, шунча ҳимоя воситаларига қарамасдан Севастополни бузилмас қўрғон сифатида қабул қилиш ярамайди. Украина денгиз дронлари бир неча марта мудофаани ёриб ўтишга муваффақ бўлган. Бу шубҳасиз, Украин РФ ҲДКнинг заиф нуқталари билишидан далолат беради. Балким шунинг учун Россия делфинлар ёрдамида ҳимояланишга эҳтиёж сезган бўлиши мумкин.
Мавзуга оид
19:27
Ўзбекистондаги меҳмонхонада вафот этган россиялик журналист қонида ис гази излари топилди – ОАВ
15:42
Россиядан Венесуэлагача: табиий бойликлар бўйича энг бой давлатлар
23:24 / 13.11.2024
Россия ҳукумати яраланган ҳарбийлар учун тўлов тизимини ўзгартирди
20:43 / 13.11.2024