Ўзбекистон | 13:37 / 15.06.2023
9579
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Фарғонада таълим, соғлиқни сақлаш ва уй-жой қурилиши билан боғлиқ режаларни маълум қилди

ЎзЛиДеПдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев фарғоналик сайловчилар билан учрашувда ўз сайловолди дастуридаги ижтимоий йўналишлар бўйича режаларга тўхталди, дея тадбирдан хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Номзодга кўра:

- Фарғона вилоятида 2 мингта янги давлат ва хусусий боғчалар ташкил этиш ҳисобига мактабгача таълим қамровини 100 фоизга етказиш мақсад қилинган;
- 2030 йилга қадар  замонавий мактаблар барпо этиш, мавжудларининг қувватини ошириш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ҳисобига қўшимча 125 минг ўқувчи ўрни яратилади. Натижада, мавжуд қувватларга нисбатан 2 баравар кўп ўқувчига эга бўлган 175 та мактаб юкламаси камайтирилади;
- вилоятдаги 350 та мактаб тўлиқ таъмирланади, барча мактаблар замонавий компьютер синфлари билан жиҳозланади.

Соғлиқни сақлашга ҳам эътибор янада кучайтирилади. 2030 йилга қадар:
- Фарғонада 100 дан ортиқ тиббиёт муассасалари қурилади ва таъмирланади;
- соҳага хусусий секторни кенг жалб қилиш орқали, яна 300 дан зиёд хусусий клиника фаолияти йўлга қўйилади (уларнинг сони 1 минг 100 тага етказилади).
- вилоятдаги эндокринология, урология ва кардиология марказлари, шунингдек кўп тармоқли шифохона ва тез тиббий ёрдам хизматини ўз ичига қамраб олган мазкур кластерни барпо этишга 150 миллион доллар йўналтирилади.

Натижада, ушбу кластер томонидан йилига 100 минг нафар беморларга юқори малакали тиббий хизматлар кўрсатилиши таъминланади.

“Бугунги кунда вилоятдаги онкологик касалликка чалинган 7 мингдан ортиқ беморлар нур терапиясини олиш учун пойтахтга ёки қўшни вилоятларга қатнашга мажбур бўлмоқда. Шу боис, 10 миллион доллар сармоя эвазига “Нур терапия маркази” ишга туширилади”, деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, келгуси етти йилда вилоятда замонавий ва ҳамёнбоп уй-жойлар қуриш ҳажми 3 карра оширилади.

“Хабарингиз бор, Фарғона шаҳрида 300 гектар майдонда янги “Эко шаҳар” массивини барпо этишни бошлаганмиз. Ушбу ҳудуднинг тўртдан бир қисми ёки 70 гектарида “Янги Ўзбекистон боғи”, сунъий кўл ҳамда истироҳат боғи жойлашади. Бир сўз билан айтганда, бу шаҳарча одамларимиз яшаши учун қулай, хавфсиз ва баҳаво масканга айланади. Ушбу шаҳарчада 15 минг хонадонга мўлжалланган 300 та кўп қаватли уй-жойлар фойдаланишга топширилади.

Умуман олганда, келгуси етти йилда вилоятда 2,5 мингта кўп қаватли уйлар қурилиши ҳисобига, 100 минг оила шинам уй-жойга эга бўлади. Бунга барча манбалар ҳисобидан 2,5 миллиард доллар йўналтирилади”, — деди президентликка номзод.

Сардор Раҳмонқулов
Тайёрлаган Сардор Раҳмонқулов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид