Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Машина юкхонасига яшириниб қочган жосус – КГБ ходими нега Британиядан сиёсий бошпана сўраганди?
1985 йилда сотқинликда гумонланиб Москвада кузатувга олинган КГБ жосуси яширинча Ленинградга боради. У ердан автобусда чегара шаҳарчасига етиб олади. Сўнг британиялик дипломатларга тегишли машина юкхонасига яшириниб Финландия чегарасидан ўтиб олади ва Британияга кетади. КГБ зобитининг Лондонга қочиб кетиши Британия ва СССР ўртасида жуда катта сиёсий можароларни келтириб чиқаради.
1985 йил 16 июл. Москванинг Кутузов проспектида жойлашган нон дўкони олдида Safeway супермаркетлар тармоғи логотипи туширилган сумка кўтарган шахс кимнидир кутарди.
Шу пайтда унинг ёнига биров келади ва қўлидаги «Марс» шоколадини тишлайди. Унинг бу иши Британияга қочмоқчи бўлган КГБ зобитини хорижга олиб чиқиш учун ишлаб чиқилган режа бошланишига ишора эди.
Режада КГБ зобитининг нима қилиши дақиқаларгача аниқ-тиниқ белгилаб қўйилганди. Унга биноан зобит бир неча кундан сўнг Ленинградга жўнайдиган поездга ўтиради. У ердан Финландия билан чегарада жойлашган Зеленогорск шаҳарчасига етиб олади.
Зеленогорскда КГБ зобитини Британиянинг СССРдаги элчихонасига тегишли машина юкхонасига жойлашади, яширинча чегара постидан ўтиб кетишади.
Чегара масканидан ўтишда КГБ зобити яширинган машинани чегарачилар тўхтатади. Шунда уларнинг ити юкхонада одам ҳидини сезиб қолади.
Шу пайтда элчихона ходимаси бўлган аёл ҳушёрлик қилади ва дарҳол машинадан тушиб боласининг таглигини алмаштириб олиши кераклигини айтиб юкхонани очади. КГБ зобити у ерда ёпинчиққа ўралган ҳолда ётарди.
Аёл боласининг таглигини айнан юкхонада алмаштиради. Шу пайтда тагликда бўлган қўланса ҳид одам ҳидини босиб кетади ва чегарачи итлар тинчланади. Зобит ва унинг ҳамроҳлари Финландияга ўтиб олади.
Шу тариқа тарихдаги КГБ зобитларининг Ғарбга қочиб ўтиши билан боғлиқ навбатдаги ҳодиса содир бўлади. Лондонга қочган зобит КГБ биринчи бош бошқармаси ходими Олег Гордиевский эди.
Фото: graphics.wsj.com
Туғма жосус
Олег Гордиевский 1938 йилда Москва шаҳрида НКВД подполковниги Антон Гордиевский оиласида туғилади. Мактабни битиргач Москвадаги халқаро муносабатлар институтида таҳсил олади.
1962 йилда ўқишни битиргач уни КГБ биринчи бош бошқармаси таркибидаги разведка бўлимига ишга олишади. Институтда инглиз, немис, швед, дан ва норвег тилларини пухта ўрганган Гордиевскийни 1966 йилда элчихона ходими ниқоби остида СССРнинг Даниядаги элчихонасига жўнатишади. Жосус у ерда тўрт йил ишлайди.
Гордиевский 1970 йилда Москвага қайтгач КГБ биринчи бош бошқармасида англо-скандинавия бўлимида ишлай бошлайди. Бироқ орадан икки йил ўтгач уни яна Копенгаганга (Дания пойтахти) жўнатишади. Бу сафар у КГБнинг Даниядаги бош сиёсий жосусига ўринбосар сифатида ишлайди.
1976 йилда у КГБнинг Даниядаги жосуслик тармоғи раҳбари бўлади. Икки йилдан сўнг уни яна КГБ биринчи бош бошқармасидаги эски жойига қайтаришади. У яна бош идорада англо-скандинавия бўлимида ишлай бошлайди.
1982 йилда Гордиевскийни Лондонга жўнатишади. У СССРнинг Британиядаги элчисига маслаҳатчиси этиб тайинланади (хориждаги аксарият жосуслар асосан шу лавозимда ишлашган).
1984 йилда совет элчихонаси ходими Аркадий Гук Британия ҳукумати томонидан «исталмаган шахс» (персона нон грата) деб эълон қилинади. Шундан сўнг Гордиевский СССРнинг Британиядаги совет жосуслик тармоғи бошлиғи ўринбосари бўлади.
Ўша йили декабр ойида КПСС сиёсий бюроси аъзоси Михаил Горбачёв Буюк Британияга ташриф билан борганида Гордиевский унга Британия ҳукуматининг ички ва ташқи сиёсати ҳақида батафсил маълумот беради. (Ўшанда Британия бош вазири Маргарет Тетчер эди.)
1985 йил январда КГБнинг Британиядаги жосуслик тармоғи бошлиғи Л. Никитенко Москвага чақириб олинади ва унинг ўрнига Гордиевский тайинланади.
Бироқ кўп ўтмай Гордиевскийни Британия разведкаси билан ҳамкорлик қилаётганликда гумон қилиб Москвага чақириб олишади. Уни Москвада турли усуллар билан сўроқ қилишади. Ҳатто ўткир гиёҳванд моддалар бериб гапиртиришга уринишади. Бироқ Гордиевский ўзига қўйилган айбларни тан олмайди. Аслида эса...
Фото: dailymail.co.uk
Британия фойдасига жосуслик
1956 йилда ўтказилган КПССнинг XX съездида СССР раҳбари Никита Хрушчёв «Шахсга сиғиниш ва унинг оқибатлари тўғрисида» нутқ сўзлайди ва Сталинни «қонхўр ва ваҳший эди» деб атайди.
Ўша пайтда кўплаб совет ёшлари Хрушчёвнинг нутқидан таъсирланади ва совет тузумидан нафратлана бошлайди. Шу жумладан, 18 ёшда бўлган Олег Гордиевскийда ҳам ўша пайтларда коммунистик тузумга нисбатан нафрат уйғонади.
1968 йилда Прагада чех ва словаклар коммунистик тузумга қарши бош кўтаради. Советлар Чехословакияга қўшин киритиб, намойишларни аёвсизлик билан бостиради.
Бу ишларда совет КГБси ҳам жуда катта рол ўйнайди ва намойишлар бостирилгандан сўнг Чехословакияда коммунистик тузумга қарши исёнда қатнашганларни топиш ва жазолаш ишларида қатнашади.
КГБ ходимлари Чехословакияда қандай ваҳшийлик билан ишлаётгани ҳақида хабардор бўлган Гордиевский қачон бўлса ҳам хорижга чиқиб кетишга қарор қилади. У 1968 йилда Данияда КГБ ходими сифатида ишлаб юрган кезларида Британия махфий хизмати ходимлари билан алоқа боғлайди.
Гордиевский бир неча йил давомида турли махфий маълумотларни МИ-6 хизматига етказиб туради. Шунингдек, у фош бўлиб қолмаслик учун МИ-6 ходимларидан аҳамияти унча юқори бўлмаган махфий маълумотларни олиб Москвага ҳам жўнатиб туради.
Гордиевский 1982 йилда Лондонга кўчиб ўтганидан сўнг МИ-6 ходимлари билан ҳамкорлик янада кучаяди. Шунингдек, у АҚШнинг МБР ходимлари билан ҳам ишлай бошлайди.
Кейинчалик МБРдагилар Гордиевский билан ҳамкорлик ҳақида «Гордиевский берган маълумотлар президент Рейган учун совет раҳбарияти фаолиятининг ички сирларини тушунишда катта рол ўйнади» дейишган эди.
1985 йилда АҚШда КГБ фойдасига жосуслик қилган МРБнинг совет бўлимини 31 йил бошқарган Олдрич Эймс қўлга олинади. Бу шахс МИ-6 ва МРБ фойдасига ишлаган жуда кўплаб жосуслар ҳақида КГБга маълумотлар жўнатган, улар орасида Гордиевский ҳақида ҳам бор эди.
Фото: alamy.com
Эймс КГБга берган маълумотларда Гордиевскийнинг исми аниқ тилга олинмаган, шунчаки унинг лақаби келтирилган ва Британияда ишловчи КГБ жосуси дейилган эди.
КГБ дарҳол Гордиевскийдан шубҳаланади ва 1985 йилда у Лондондан Мосвага чақириб олинади. Ўшанда Гордиевский СССРга қайтмай Британиядан сиёсий бошпана сўраса ҳам бўларди. Бироқ у катта таваккал қилади ва Москвага қайтади.
Гордиевскийни Москвага КГБ бош идорасида муҳим мажлис борлигини айтиб чақиришади. Бироқ 1985 йил 19 май куни у самолётдан тушгандан ҳибсга олинади. Гордиевскийни КГБ бош бошқармасининг далаҳовлисига олиб кетишади.
Ҳали айби исботланмаган ходимнинг номи ёмонотлиқ бўлмаслиги учун (ахир у КГБга келажакда ҳам асқатиб қолиши мумкин, қолаверса КГБ ходими сотқин экан деган гапнинг ўзи ташкилот учун катта минус) Гордиевскийни далаҳовлида яширинча сўроқ қилишади.
Гордиевский фош бўлмаслигига ишончи комил эди. Шу сабабли у ўзига қўйилаётган айбларнинг биронтасини тан олмайди. Шунда КГБ ходимлари унга кучли таъсир қилувчи гиёҳванд модда бериб гапиртиришга уринишади. Бироқ Гордиевский ўша ҳолатда ҳам айбини тан олмай тураверади.
Шундан сўнг Гордиевскийни Москвага қайтаришади. Унга янги топшириқ олгунча КГБ биринчи бош бошқармаси кадрлар бўлимида ишлаб туришини айтишади. Мақсад шу йўл билан Гордиевскийни яширинча кузатиш эди. Бироқ ўз ишининг пухтаси бўлган Гордиевский бу ҳақда биларди.
СССРдан қочиш
Гарчи КГБ Гордиевскийни бир муддат тинч қўйгани билан вазият жуда жиддий эди. Агар Гордиевский СССРда қолаверса КГБ Британиядаги жосуслари орқали унинг МИ-6 билан ҳамкорлик қилгани ҳақида маълумот топиши эҳтимоли катта эди. Агар воқеалар шундай кечса Гордиевскийни СССРда ўлим жазосига ҳукм қилишлари ҳам мумкин эди.
Шу сабабли КГБ зобити қандай қилиб бўлса ҳам СССРдан қочишга қарор қилади ва бу ҳақда британияликларга маълум қилади. Шундан сўнг Британия разведкаси томонидан Гордиевскийни СССРдан олиб чиқиш режаси ишлаб чиқилади. Унга кўра КГБ зобитини совет иттифоқидан қуруқлик орқали олиб чиқиш белгиланганди.
1985 йил 19 июл куни Гордиевский британияликларга вазият оғирлашаётгани ҳақида хабар беради ва йўлга чиқиш учун рухсат олади. Эртаси куни эрталаб у югуришга чиқади ва ўзини пойлаб юрган КГБ ходимларини чалғитиб поездда Ленинградга боради. У ердан автобусда чегара яқинидаги Зеленогорск шаҳарчасига етиб олади.
Бу ерда Британия элчихонаси ходимлари Гордиевскийни ёпинчиқ билан ўраб машина юкхонасига тиқишади ва Финландия чегарасига қараб ҳаракатланишади.
Чегара-ўтиш масканида дипломатларга тегишли машина юкхонасини очиб кўришмайди. Бироқ хизмат ити машина юкхонасида одам ҳидини сезиб безовта бўлади.
Шунда элчихона ходими бўлган аёл юкхонани очиб у ерда боласининг таглигини алмаштиради. Тагликдан тарқалган қўланса ҳид Гордиевскийнинг ҳидини босиб кетади ва ит тинчланади.
Гордиевский британияликлар ёрдами билан осонгина Финландияга қочиб ўтгач Лондонга кетади.
Фото: thetimes.co.uk
Ўлим жазоси
Гордиевский Британияга қочиб борганидан сўнг бу давлат ҳудудида ишлаб келаётган барча совет жосуслари ҳақида маълумот беради.
Шундан сўнг Британия ҳукумати совет элчихонаси ва СССРнинг Лондондаги савдо уйи ходимларидан 31 нафарини персона нон грата деб эълон қилади ва мамлакатдан ҳайдаб юборади.
Бу иш Британия ва СССР ўртасидаги муносабатларда тарангликни келтириб чиқаради ва советлар ҳам британиялик 25 нафар дипломатни СССРдан чиқариб юборишади.
Кўп ўтмай Москвада Гордиевскийга қарши жиноят иши қўзғатилади. Уни РСФСР жиноят кодексининг 64-моддаси (Ватанга хиёнат қилиш) билан айблашади.
1985 йил 14 ноябр куни бўлиб ўтган суд мажлисида Гордиевскийга ҳукм ўқилади. Унга кўра собиқ КГБ ходимининг мол-мулки мусодара қилиниб, сиртдан ўлим жазоси берилади.
1989 йилда Гордиевскийнинг хотини судга илтимоснома киритади ва унга мусодара бўлган мол-мулкни қайтариб беришади. 1991 йилда СССР парчаланиб кетгани туфайли Гордиевскийга чиқарилган ўлим ҳукми бекор қилинади.
1991 йил сентябрда Гордиевскийнинг хотини икки боласини олиб эрининг ёнига Лондонга боради. Аёл ўша ерда эри билан ажрашади ва алоҳида яшайди.
Кейинчалик маълум бўлишича, Гордиевский Лондонга қочиб борганидан бошлаб кўп марта совет ҳукуматига оиласининг ёнига юборишни сўраб илтимоснома жўнатган ва СССР парчаланиб кетгунча рад жавоблари олган.
Фото: dailymail.co.uk
КГБ учун оғир зарба
Гордиевскийнинг Лондонга қочиши КГБга жуда оғриқли зарба бўлиб тушади. Гордиевский ошкор қилгани ортидан ташкилот бутун дунё бўйлаб кўплаб жосусларидан айрилади. Уларнинг аксарияти ўзлари ишлаётган жойда қўлга олинади.
Жумладан, 1970-йиллардан бошлаб Жанубий Африка республикасида ишлаган ва АҚШнинг бу давлатга ядро қуроли берганини фош қилган КГБ жосуси Алексей Козлов 1980-йиллар бошида айнан Гордиевский берган маълумотлар туфайли фош бўлади.
ЖАРда Козловга қамоқ жазоси беришади. Кейинроқ советлар ГФР билан ўзаро жосусларни айирбошлаганда у қамоқдан озод қилинади ва СССРга қайтиб келади.
Шунингдек, КГБ билан ҳамкорлик қилган британиялик Майкл Беттани ва Норвегия ташқи ишлар вазирлиги ходими Арне Трехолтни ҳам Гордиевский фош қилади. Уларнинг иккаласи ҳам қўлга олиниб, жазога тортилади.
1961-1967 йиллар давомида КГБни бошқарган Владимир Семичастнийга кўра Гордиевский КГБга энг катта зарар келтирган қочоқлардан бири ҳисобланади.
Фото: en.wikipedia.org
«Кейинги бекат – отув ҳукми»
Гордиевский бошидан кечирган ҳодисалар, КГБ тизими ҳақида бир қанча асар ёзиб чоп эттирган. Улар орасида энг машҳури «Кейинги бекат – отув ҳукми» асари ҳисобланади.
Гордиевский бу асарида нега коммунистик тузумни ёқтирмай қолгани, бутун дунё бўйлаб СССРда одамлар бахтли ва фаровон яшаётгани «кўз-кўз» қилинса-да, аслида совет фуқароларининг жуда катта қисми йўқчиликда яшаётгани ҳақида ҳам ёзган.
Шунингдек, КГБ томонидан 1960 йиллардан бошлаб 80-йиллар ўрталаригача амалга оширилган жирканч ишлар тафсилотларини батафсил келтирган.
Гордиевский ўз асарида ҳаётида содир бўлган воқеалар билан бир қаторда ўзи хабардор бўлган КГБдаги воқеа ва ҳодисаларнинг тафсилотларини ҳам келтириб ўтган. Шу жиҳатдан унинг асари совет даврининг тарих китобларида ёзилмайдиган мавзулари бўйича зўр манба ҳисобланади.
Гордиевскийнинг кейинги ҳаёти
Гордиевский Лондонга етиб борганидан сўнг бир неча йил қиёфасини ўзгартириб яшириниб юришга мажбур бўлади. Акс ҳолда жуда кўп махфий маълумотларни рақибларга ошкор қилгани учун КГБ уни осонгина ўлдириб юбориши мумкин эди.
СССР парчаланиб кетгач Россия ички муаммолар туфайли ўзи билан ўзи овора, Ғарб билан қарама-қаршилик унча аҳамиятли бўлмай қолади. Шундан сўнг Гордиевский Британияда бемалол юра бошлайди.
Гордиевский анча йил давомида Британия махфий хизматлари учун жосуслар тайёрлайдиган мактабларда дарс беради. У аввалига Елциннинг ашаддий танқидчиси бўлади. Кейин эса Путиннинг ҳам танқидчисига айланади.
Гордиевский 2000 йилда Лондонга қочиб борган собиқ КГБ ходими бўлган ФСБ зобити Александр Литвиненко билан жуда яхши алоқаларда бўлади. (Маълумот учун Литвиненкони 2006 йилда полоний-210 радиоактив моддаси билан заҳарлаб ўлдиришди. Ғарб хавфсизлик хизматлари буни Россия федерал хавфсизлик хизмати ходимлари амалга оширганини исботлашган.)
Гордиевский Лондонда икки марта уйланади. Икки нафар фарзанд кўради. У 2007 йилда қиролича Елизаветта 2 томонидан Авлиё Михаил ва Авлиё Георгий ордени билан тақдирланган. Орденни қироличанинг ўзи Букингем саройида топширади.
Сўнгги йилларда Гордиевский Лондон четидаги уйида яшаб келмоқда. Унга салмоқли миқдорда нафақа тайинланган. Бундан ташқари, турли нашрларга маълум ҳақ эвазига интервьюлар беради ва жосуслик билан боғлиқ шов-шувли ҳодисаларнинг тафсилотини сўзлаб беради.
Гордиевскийнинг даъво қилишича, 2007 йилда ФСБ ходимлари уни заҳарламоқчи бўлишган. 2007 йил 2 ноябр куни Гордиевский ўзини ёмон ҳис қилган ва ҳушини йўқотган. Уни дарҳол шифохонага олиб боришган. Шифохонада бир муддат фалажланиб қолган ва шифокорларнинг ёрдами билан аҳволи ўнгланган.
Ўшанда у Mail on Sunday газетасига берган интервюсида исми ошкор этилмаган россиялик разведка ходимидан гумон қилаётганини айтган.
«Бу одам менинг уйимда бўлганида, у озиқ-овқат ёки ичимликларга заҳар қўшиш учун ажойиб имкониятга эга эди. Мен ҳушимни йўқотган куним бу озиқ-овқат ва ичимликларнинг бир қисмини истеъмол қилдим», дейди Гордиевский интервюда.
Гордиевский 2007 йилда The Independent нашрига берган интервюсида Ғарб келажакда Россия билан кенг қамровли ҳарбий тўқнашувга тайёргарлик кўриши лозимлигини айтганди.
Фото: alamy.com
«Путин ҳокимият тепасига келган пайтданоқ ҳар нарса содир бўлиши мумкинлиги ойдинлашганди. Мен Жон Скарлеттни ( МИ-6нинг ўша пайтдаги раҳбари), Британия ташқи ишлар вазирлиги ва журналистларни Россия Ғарб билан ҳарбий тўқнашувгача бориши мумкинлигидан огоҳлантирдим. Ҳозирча Путиннинг хатти-ҳаракатларида бу сезилмаяпти. Бироқ келажакда ҳар нарса бўлиши мумкин ва Европа Россия билан ҳарбий тўқнашувга тайёр туравериши керак», деганди у.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
18:29 / 27.05.2025
Аргентина Британияни Фолкленд ороллари бўйича музокараларни қайта тиклашга чақирди
09:22 / 23.05.2025
Британиялик 500 дан ортиқ ўқитувчи Ўзбекистондаги мактабларга жалб қилинади
23:21 / 22.05.2025
“Путинга ёқиш учун айтилган гаплар” — экспертлар Кобяковнинг баёноти ҳақида
17:09 / 21.05.2025